Тасодифан оғир хасталикка чалинганни эшитган ҳар қандай инсон ҳам ҳаёт карвонида адашиб қолиши ҳеч гап эмас. Аммо ўша карвонда шундай, иродали, метин бардошли шахслар ҳам борки унинг бу жасоратига қойил қолиш мумкин.

Яқинда бир танишимни автобус бекатида учратиб қолдим. Тасодифни қаранг у ҳам шу касалликдан эрта кўз юмган волидаси ҳақида гапириб қолди.

-Онам қўли гул, оқила аёл эди. Туни билан мижжа қоқмай кашта тикарди, дейди Фармон ака Ражабов (исми ва фамилияси ўзгартирилди). -Чопон, нимча қавиб, оила эҳтиёжи учун тиним билмай тунлари меҳнат қиларди. Оилада сингилларимни авайлашим кераклигини қаттиқ тайинларди. Бир куни мактабдан келгач, “Нега энди сенга қоғоз конфет бору, менга печак қанд” деб синглимнинг қўлидаги қоғоз конфетни тортиб олдим. Онам бу қилиғимдан хафа бўлиб мени койиди. Синглим уйимизнинг меҳмони эканлигини айтди.

ЖАМШИДЖОННИ КИМ ЙИҒЛАТДИ?

Онамнинг касали мени унинг меҳридан айирди. Мен ҳам бошқа болалар каби онамни қаттиқ қучоқлагим унинг бағрида ором олгим келарди. У касалликка чалингач, барчасидан мосуво бўлдим. Онам ҳам ўзгариб қолди. Бизни кўришни ҳам хоҳламас қучоқламоқчи бўлсак бағридан итариб юборарди. Болаларча “Аяжон, битта қучоқлай”, дейишимни биламан хивич билан савалай кетди. Бизни ўзидан узоқлаштирди. Онамнинг бу одатларидан унга нисбатан қалбимда нафрат ҳиссини тўя бошладим. Кейинги пайтлар ҳатто биз билан овқатланмас, дадам унинг косасини хонаси олдига ташлаб келишимни айтарди. Бу ҳолатдан аччиқланар эдим. “Нега онам биз билан овқатланмайди?” дея отамнинг қулоғини қоматга келтирардим. Отам эса лом-лим демасди. Қиш кунларнинг бирида онам касалхонага тушиб қолди. Дадам эса мени елкасига чиқариб, “аянг сенга ука олиб келади” деганида “Энди ҳаммаси бошқача бўлади”, “онам овқатини ўзининг хонасида эмас, биз билан бир дастурхонда ўтириб ейди”, “деб ўйладим. Отам мени уларнинг олдига олиб боришини айтганда эса “Қандай яхши, энди онамнинг бағрига ўзимни отаман, онам эса мени бағрига қаттиқ босади” деган ҳаёлга бордим йўл-йўлакай. Отам эса тинмай қўлрўмолчаси билан кўзларини артарди. Онам ётган палатага кирдик. Онам бизни кўргач юзини дераза томонга бурди.

Оппоқ халатли ҳамшира чақалоқни эмизиш учун онамга берганида онам ҳамширани уришиб солди. Чақалоқ эса қорни очлигидан тинмай йиғларди. Бу манзара орзуларимни чилпарчин қилди. “Онам ўзгармабди”. “Онам тошга айланибди”дедим. Чақалоқ эса онамнинг кўкрагини тамшаниб тинмай қидирар, кейин хонани бошига кўтариб йиғларди.

Бутун дунё оналаридан аччиқландим. Онам ҳақидаги яхши таассуротларим қолмади. Кўз ўнгимда бемеҳр оналар гавдаланди.

СИЛ КАСАЛЛИГИ: Тарихи, юқиш йўллари, даволаш

Энди ўйласам онам биз фарзандларига касали юқиб қолмаслиги учун ҳам шу йўлни тутган экан. Лекин онам касаллигидан ҳеч қачон нолимаган. Бир куни қаттиқ йўталиб касали хуруж қилди. Шунда ҳам бошини мағрур тутиб ўзининг хонасига дадил қадамлар билан кириб кетди. Бу менга касалликка қарши жангга отланган жанговор аёл тимсолини эслатарди. Мен ҳам онамнинг орқасидан бордим. Онам мени уришиб солди. Болаликча қизиқишим устун келиб, унинг деразасидан мўраладим. Не кўз билан кўрайки, онам жангда “ҳалок бўлибди”(Душман томон унинг оғзи бурнини қонга булабди(онам ўша пайтда қон тўфлаётган эди).

Онам 35 ёшида бу дунёни тарк этди. Отам йигирма йил у билан касалликка қарши курашди. Аммо рўзғор аравасини зўрға судраётган отамнинг онамни даволатишга имкони йўқ эди.  Кейин ичкиликка мубтало бўлиб қолди. Онамнинг жангида у ҳам аллақачон ҳалок бўлганди ўшанда(отам ҳам 40 ёшида оламдан ўтди)… Шундан сўнг қариндошлар бизни- укам, синглим ва мени болалар уйига топширишди.  Опам тоғамнинг қўлига қолди. Оиламиз пароканда бўлди.

Энди ўйлаб қарасам, агар бугунгидек шароит бўлганида онам аллақачон тузалиб кетган, оиламиз бўлиниб кетмасмиди? Онам эса биз фарзандларини ўпиб қучган бўлармиди? Менга эса онамнинг иссиқ қучоғи армон бўлиб қолди. Болалигим онам меҳридан мосуво ўтди.

 Эътиборсиз бўлмайлик!

Дархақиқат сил – асрлар давомида инсониятга маълум бўлган юқумли хасталик. Қадимда сил наслдан — наслга ўтувчи ирсий касаллик деб ҳисобланган. У одамдан-одамга ҳаво-томчи йўли орқали юқишини ҳеч ким билмаган. Шарқнинг машҳур алломаси, табобат илми султони Абу Али ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» илмий асарида силнинг ташқи омиллар таъсирида юқиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган.

ФЛЮРОГРАФИЯ НИМА УЧУН КЕРАК?

-Сил микобактериялари мавжуд бўлган ҳаводан нафас олган кишининг иммунитети паст бўлса хасталикни юқтиради, -дейди Қарши шаҳар сил касалликлар деспансери бош шифокори Дилрабо Хаджаева. -Хасталикка чалинган одам организмида сил микобактериялари узоқ вақт мобайнида «мудроқ» ҳолда бўлиши мумкин. Бунда кишининг ўзи соғлом бўлиб, атрофидагиларни бу инфекция билан зарарламайди. Касаллик қўзғатувчиси узоқ йиллар давомида инсон организмида, «карахт» ҳолатда яшаши мумкин. Агарда организмда сил қўзғатувчиси фаол бўлиб қолса, у кўпайишни бошлайди ва касаллик ривожланади. Бу жараён сил микобактериялари зарарланган киши соғлом бўлмаса, унда организмнинг ҳимояловчи тизими суст бўлсагина рўй беради.

Силнинг белгилари

– Уч ҳафтадан ортиқ йўталиш;

– йирингли йўтал, баъзида қон аралаш йиринг;

– иштаҳанинг йўқолиши, вазннинг камайиши;

– умумий ҳолсизлик;

– чарчоқ;

– кўп терлаш, айниқса кечалари;

– вақти-вақти билан пайдо бўлувчи иситма.

Сил касаллигини даволаш мумкин

– Деярли барча янги аниқланган сил касаллиги чалинган беморларни силга қарши дорилар билан даволаш мумкин.

– Даволаш курси 6-9 ойгача бўлиб, бу курсни амбулатория шароитида ҳам якунига етказса бўлади.

– Даволаш курси бошлагандан 2-3 ҳафтадан сўнг бемор ўзини яхши ҳис қила бошлайди, лекин тўла соғайиб кетиш учун у даволаш курсини якунига етказиши лозим.

– Агар бемор дориларни ичмай қўйса, ёки орада курсни тўхтатса, сил касаллиги яна қайталаниши ва бу сафар даволаш жараёни қийинроқ бўлиши мумкин.

Янгиликлар яхшиликка

СТИГМАГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ!

-Сил касаллигининг деярли барча янги кўринишларини силга қарши махсус дорилар билан даволаш мумкин, -дейди Қашқадарё вилоят сил касаллиги диспансери фтизиатр Сайфулло Бектошев. -Даволаш курсининг дастлабки бир неча ҳафтаси шифохонада ўтказилади, у камида 6 ойдан 9 ойгача давом этади. Сил касаллигини аниқлаш ва даволаш хизматлари амалдаги қонунчиликка биноан бепул кўрсатилади.
Касалликни даволаш курсидан тўлиқ ўтиш жуда муҳимдир, чунки бемор даволанишни бошлагач, ривожланаётган бактериялар сони одатда камаяди ва шу билан бирга бошқа одамларга касалликни юқтириш хавфи ҳам пасаяди. Бир неча ҳафтадан сўнг бемор ўзини яхши ҳис қила бошлайди. Лекин, у даволанишни тўхтатмасдан, шифокорнинг кўрсатмаларига мувофиқ, дориларни қабул қилишни давом эттириши лозим, чунки сил бактериялари ўта яшовчандир. Агар силни даволаш жараёни тўхтатилса ёки беморлар дориларни нотўғри қабул қилсалар, сил бактериялари силни даволаш учун ишлатиладиган дориларга нисбатан чидамли бўлиб қолади ва кейинчалик уни даволаш учун анча кўп вақт ва ҳаракат талаб қилинади.

ФАКТ РАҚАМЛАРДА: Вилоятда 2015 йилги инвестиция Дастури доирасида Китоб туманидаги 400 ўринли Қашқадарё вилоят сил касалликлар шифохонасида капитал реконструкция ишлари учун  6 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлса, Қарши шаҳридаги вилоят сил касалликлар диспансерида 3 млрд. сўм маблағ сарфланиб, 85 ўринга мўлжалланган янги икки қаватли бино қурилиб фойдаланишга топширилди. 2016 йилда Инвестиция Дастури бўйича Қарши шаҳридаги вилоят сил касалликлар диспансерига 5 млрд. сўм маблағ ажратилиб,  янги уч қаватли жарроҳлик мажмуаси қурилиши, шунингдек, 30 ўринли болалар бўлимига мўлжалланган икки қаватли бино, лаборатория бўлими, ошхона, кирхона капитал реконструкция қилиниб, 2016 йилнинг охирги ойларида фойдаланишга топширилади.

Дарвоқе, ДОТС дастуридан вилоятда 2005 йилдан буён фойдаланиб келинмоқда. Ўтган вақт мобайнида ДОТС дастури бўйича беморларни даволаниши натижасида вилоятда сил билан касалланиш ва сил касаллигидан ўлим хавфи 2 бараварга камайди. Кишилар орасида силнинг оғир турлари билан касалланиш анча камайган. Бунга аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилиши билан эришилди. Ҳозир, кўпчилик фақат касалликни белгилари учраётганда эмас, ихтиёрий келиб ҳам анализ топшириб кетишмоқда. Бунда ўз навбатида сил касаллигининг дориларга турғун турлари билан оғриган беморларга ташхис қўйиш учун Gen-Xpert аппарати келтирилгани ҳам аҳолига қулай шароит яратилганидан далолатдир.  Ҳозирги вақтда 100 ўринли сил касаллигининг дориларига турғун турлари билан оғриган беморлар даволанадиган бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.
Аксарият кишилар сил касаллигининг илк белгиларини билмаслиги ҳам учраб туради. Ва улар маҳаллий табиблар бу хасталикни даволай олади  деб вақтни бой беришади. Бироқ улар даволаниш мутахассис шифокор назорати остида бўлишини билишмайди. Энг муҳими, улар силнинг бедаво эмаслигини, балки давоси борлигини англаб етаётганларида. Бу эса ҳаракатларимиз зое кетмаганидан далолатдир.

Ҳулкар Ражабова, «Воҳа»