Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги фтизиатрия соҳаси жадал суратда ривожланиб бормоқда.

Соҳага замонавий молекуляр-генетик текширув усулларининг татбиқ этилиши қисқа вақт мобайнида диагностик намуна таркибидаги сил қўзғатувчисини ва маълум бир дори воситасига сезгирликни аниқлаш имконини бермоқда, бу эса ўз навбатида бемор учун самарали даво қўллашга сабаб бўлмоқда. Бундай жадал суръат билан ривожланиб бораётган соҳада малакали мутахассисларга эҳтиёж сезилмоқда. Айни пайтда шифокор-фтизиатр ва лаборатория мутахассисларини тайёрлаш, ўқитиш ва малакаларини оширишдаги тизим уларнинг амалиёти даврида келиб чиқаётган савол ва масалаларга тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Маҳорат дарслари ва тренингларни ташкил этиш катта маблағ талаб этади. Шунингдек, аксарият ҳолатда улар тартибсиз ва аниқ бўлмаган режа асосида ўтказилади, бу эса катта аудиториядан иборат иштирокчилар гуруҳини қамраб олиш имконини бермайди. Классик кўринишга эга бўлган стандарт презентациялар асосидаги ўқитиш тизими бир қанча камчиликларга эга. Маълумот ҳар доим ҳам тушунарли тилда етказилмайди. Аксарият слайдлар 95% ҳолатда «чизиқли маълумот» кўринишига эга бўлган матн асносида тақдим этилади. Ўқув қўлланмалари ва адабиётларни ҳар доим ҳам амалиётда қўллаб бўлмайди ва мутахассис томонидан келиб чиқадиган саволларга жавоб бермайди. Давлат тилидаги ўқув қўлланмалари деярли мавжуд эмас. Таъкидлаб ўтиш жоизки, шифокор-фтизиатр ва лаборатория ўртасидаги доимий ва мустаҳкам алоқа сил микобактериологик диагностикаси сифатининг ошишига ва сил билан оғриган беморларга ўз вақтида сифатли даво муолажаси қўлланилишига бевосита таъсир кўрсатади.

Юқоридагиларни инобатга олиб 2016 йилнинг 10 декабрида Telegram мобил иловаси ёрдамида «Виртуал Лаборатория» инновацион мактаби (https://t.me/virlab) ишга туширилди. «Виртуал Лаборатория» — бу янги ва замонавий кўринишдаги лойиҳа бўлиб, шифокор-фтизиатр ва лаборатор мутахассисларини масофадан туриб ўқитиш ва малакаларини ошириш учун мўлжалланган.

Иштирокчилар қўл смартфонларидан фойдаланган ҳолда истаган вақт ва истаган ердан туриб микобактериология фани бўйича билим ва кўникмаларини ошириб боришлари мумкин.

Ўқув дарслари мукаммал компьютер графикаси асосида ишлайдиган дастурлар ёрдамида яратилган. Иштирокчилар маълумотни мукаммал ўзлаштиришлари учун дарслар видео, аудио ва 3D иллюстрациялар кўринишида тақдим этилади. Шунингдек, ўтилган мавзуларни такрорлаш ва иштирокчиларни баҳолаш учун доимий равишда интерфаол ўйинлар ўтказилади. Ўқувчилар ўзларининг қизиқтирган саволларини мактаб мураббийлари ёки умумий чатга реал вақтда ёзишлари мумкин. Тизимнинг қулай жиҳати, ўқувчи тарафидан йўлланган саволлар онлайн тарзда бошқа ўқувчилар кузатуви ва иштироки билан муҳокама қилинади. Саволлар нафақат матн кўринишида балки мутахассиснинг тажрибаси мобайнида келиб чиққан ҳолатни фотосурат кўринишида йўллаш имконини ҳам беради. Айни пайтда «Виртуал Лаборатория” инновацион мактаби икки: ўзбек ва рус тилларида фаолият юритиб келмоқда.

Лойиҳанинг кучли ва инновацион томонлари:

  • Шифокор-фтизиатр ва лаборатор мутахассисларини масофадан туриб мобил илова ёрдамида реал вақт асносида ўқитиш.
  • Маълумотнинг қулай тарзда етказилиши ва ундан истаган вақтда фойдаланиш имконияти мавжудлиги, бу эса қисқа вақт мобайнида уни профессонал даражада ўзлаштириш имконини беради.
  • Иштирокчи учун қулай бўлган шароит ва ишдан ташқари ҳолатда шуғулланиш имконияти.
  • “Виртуал Лаборатория” инновацион мактаби барча Android ва iOS смартфонларида ишлайди.

Зухриддин Нуритдинов,

лойиҳа асосчиси ва раҳбари, шифокор-лаборант

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube