Алкоголизмга дучор бўлган сил беморлар жуда хавфли ижтимоий ва эпидемиологик гуруҳни ташкил этади. Уларнинг даволаниши ва силдан соғайиши жуда қийин кечади. 

Сурункали алкоголизмга мубтало бўлган беморлар орасида сил жуда кўпчиликни ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида сил ва сурункали алкоголизм билан асосан 30-60% эркаклар касалланади.

Алкоголизм билан оғрийдиган беморлар сил билан касал-ланиш хавфи юқори бўлган контингентга киради. Кўпинча алкоголизмга ўпка сили қўшилади, камроқ ҳолларда сил беморларда алкоголга қарамлик ривожланади.

Алкоголизмда даврий равишда кўп миқдорда ичкилик ичиш иммун тизим фаолиятини бузади. Алкогол ўпка алвеоляр эпителийсини шикастлайди, макрофагларни ҳалоқ қилади, бронхлар деворининг яллиғланган  инфилтрат билан қоплани-шига имкон беради. Бу ўзгаришлар ўпкада маҳаллий ҳимоя реакцияларини сусайтиради ва СМБ билан зарарланганда, специфик яллиғланиш реакцияси учун қулай шароит яратади. Узоқ  муддатли алкоголли заҳарланиш метаболик жараёнларни бузади, жигар ва бошқа ички аъзоларда дегенератив ва деструктив ўзгаришларни пайдо қилади, шунингдек силнинг равожланишига “хизмат қилади”. Қисқаси, сурункали алкоголизмга учраган беморлар ўз соғлиғига тўғри баҳо бера олмайди. Улар даврий тиббий кўриклардан бош тортишади, абстинент ҳолатларга боғлиқ ҳолда ўз ҳулқини назорат қилмайди, касаллик белгилари мавжуд бўлса ҳам шифокорга кеч мурожат қилишади.

 Алкоголикларда силдан кейинги қолдиқ ўзгаришларнинг эндоген реактивацияси ва СМБ нинг экзоген суперинфекцияси натижасида ривожланади. СМБ нинг экзоген суперинфекцияси  ахлоқи бузуқ, даволанишдан бўйин товловчи ва тартибсиз ҳаёт кечирувчи сил беморлар билан мулоқот қилиш санитария қоидаларига амал қилмаслик  билан боғлиқ.

Алкоголизм билан оғриган беморларда силнинг турли шакллари учрайди. Лекин кўпинча бошқа гуруҳ беморларга нисбатан фиброз-кавакли сил кўпроқ аниқланади. Алкоголизмнинг 3-босқичидаги беморларда, кўп ҳолларда казеозли зотилжам аниқланади. Силнинг клиник кечишига кўпинча алкоголизмга қўшилиб келувчи ошқозон-ичак йўли, юрак, қон-томир тизими, бош мия ва периферик нервлар патологиялари таъсир қилади. Сурункали алкоголизм сил билан асоратланганида кўпинча ичишга берилиш, алкоголли психоз билан оғир кечади.

Сил ва алкоголизм билан касалланган беморлар балғами текширилганда, одатда, СМБ топилади. Ўпканинг рентгенологик кўриниши бошқа сил беморлариникидан фарқ қилмайди.

Алкоголизм  билан касалланган беморлар, кўпинча, даволаниш тартибини бузишади, шунинг учун силга ва алкоголга қарши препаратларни парентерал юбориш мақсадга мувофиқ.  Алкоголизмнинг 3-босқичида МНТ га ножўя таъсир кўрсатувчи препаратларни қўллаш мумкин эмас.

Сил ва алкоголизм билан касалланган беморлар катта эпиде-мик хавф туғдиргани, шунингдек кимётерапия ўтказишда қийин-чиликлар мавжуд бўлгани учун жарроҳлик йўли билан даволашга кўрсатмалар кенгайтирилиши, операциядан олдинги кимётерапия муддатлари иложи борича қисқартирилиши лозим.

Сил ва алкоголизм билан касалланган беморлар стационар тартибини бузганларида ёки даволанишдан бўйин товлашганида,  қонунга биноан мажбурий даволаш учун ёпиқ турдаги  стационарга жўнатилади.

Н.Парпиева,

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Ш. Алимов номидаги фтизиатрия ва пулмонология илмий текшириш институти шифокори