Корхонамизда 7 йилдан бери ишлаб келган ходимимиз касаллиги туфайли икки ой давомида ишга чиқа олмади ва ушбу муддат бўйича сил касаллигига чалинганлиги тўғрисидаги касаллик варақасини ва тегишли хулосани тақдим этди.

Эшитишимча, сил касаллигига чалинган беморлар бўйича касаллик варақасига кўра тайинланадиган нафақа миқдори 100 фоиз берилиши лозим экан. Шу тўғрими?

«СБХ» газетаси доимий обуначиси, корхона бухгалтери. Наманган вилояти.

– Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (меҳнат ва аҳолини ижтимоиймуҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билантасдиқланган, ке-йинги ўринларда – 1136-сон Низом) мувофиқ барча ёлланма ходимлар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олиш ҳуқуқига эгалар.

Хусусан, 2007 йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар:

  • бюджет ташкилотлари томонидан – меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;
  • хўжалик юритувчи субъектлар томони-
    дан – фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун фақат белгиланган тартибда берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (касаллик варақаси) асос бўлади.

1136-сон Низомнинг 26-бандига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:

  • ишлаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига;
  • байналмилал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;
  • қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;
  • Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;
  • Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавф­ли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;
  • меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга.

Низомнинг 27-бандига кўра, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга улар томонидан давлат ижтимоий суғурта бадали тўлаган даврининг (умумий иш стажининг) давомийлигига боғлиқ равишда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга – иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;

б) умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга – иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;

в) умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга – иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

Шу тариқа, сизнинг ҳолатингизда корхонангизда 7 йилдан бери ишлаб келган ходимингиз сил касаллигига чалинганлиги тўғрисидаги касаллик варақасини тақдим этган бўлса, сиз унга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлашингиз керак бўлади.

 Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Манба: norma.uz