Иккита фарзандим бор. Болаларимни ҳам силга чалинишидан қўрқяпман. Бу касаллик насл сурадими? Ота-онада бўлса, болаларга ҳам юқадими? Унинг давоси бор дейишади. Қандай қилсак, эрим тез тузалади ва бу касаллик оиламиз аъзоларига хужум қилмайди? 

К.Алимбердиев, Ғиждувон тумани.

Тадқиқотларга кўра, сил (туберкулёз) ирсий касаллик эмас ва наслдан-наслга ҳам ўтмайди. Фақат балғамида сил таёқчаларини ажратадиган (очиқ шаклдаги) сил билан оғриган бемор билан яқин мулоқотда бўлган одамларга иммунитети заиф бўлса юқиши мумкин. Бироқ бемор билан бирга яшаган айрим оила аъзоларига касаллик юқмаган ҳоллар ҳам учрайди.
Сил бой-камбағал деб одам танламайди. Иммунитети паст, озиб кетган, иштаҳаси йўқ, яхши еб-ичмайдиган, организми кучсиз одамларга тез юқади.

http://silning-davosi-bor.uz/?p=172
ТАВСИЯ ЭТАМИЗ: Силни юқтирмаслик учун 10 та зарур тавсиялар

Сил юқишидан сақланиш учун организмнинг касалликка қарши курашувчанлигини сустлаштирмаслик талаб этилади. Вақтида дам олмаслик, меъёрида овқатланмаслик курашувчанликнинг сусайишига олиб келади. Иммунитет кучли бўлиши учун мунтазам спорт билан шуғулланиш, тоза ҳавода кўпроқ бўлиш, сервитамин овқатлар истеъмол қилиш лозим.

Микроблар озодаликдан қўрқади

Фаол силга чалинган беморларда балғам миқдори кўпаяди ва улар атрофдагилар учун хавфли ҳисобланади. Бунда стационарда даволаниш талаб этилади. Бемор балғамни дуч келган жойга эмас, махсус идишга тупуриб, 10 мл га 2 г ҳисобида қуруқ хлорли оҳак билан зарарсизлантиргандан кейин канализацияга тўкиши шарт.

Микроблар офтоб нурида, қайнатганда тез нобуд бўлади. Шунинг учун хоналарни тез-тез тозалаб, шамоллатиб туриш, беморнинг кийимларини алоҳида ювиб, офтоб остида қуритиш, дазмоллаш тавсия этилади. 

Бугунги кунда республикамизда бошқа эпидемиологик хасталиклар билан бир қаторда сил профилактикаси, уни ўз вақтида ташхислаш ҳамда даволашга катта эътибор қаратилаётир. Юртимизда бундай беморларга бепул ташхис ва стационар хизматлари кўрсатилади. Силдан тезроқ қутулиш учун врач тавсия этган дориларни қабул қилиш тартибини бузмаслик керак. Акс ҳолда силнинг антибиотикларга чидамли тури шаклланиши мумкин.

Саволга Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий маркази фтизиатри Зулфия МАҲМУДОВА жавоб берди.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади