Турмуш ўртоғим рентгенга тушганда ўнг ўпкасида тангадек қора доғ борлиги аниқланди. Шифокорлар унга сил касалликлари диспансерига бориб даволанишни тавсия қилишди. У ўзига яраша тўқ оиланинг фарзанди. Ҳозир ҳам оиламиз бекаму-кўст. Қандай қилиб унда бу касаллик пайдо бўлганига ҳайронмиз. 

М. Отабоева, Бухоро вилояти

ТАВСИЯ ЭТАМИЗ: Плеврит бўлмай десангиз…

Ўпкада қора доғ аниқланса, буни дарров сил деб хулоса қилиш нотўғри. Чунки одатдагидек шамоллаш, йўтал ўтказгандан сўнг ҳам ўпка тўқимасининг қалинлашуви кузатилиши мумкин. Ёки бирон ўсма, абцесс, киста ва бошқалар аломати бўлиши мумкин. Рентген тасвирида ўпкадан ташқари патологиялар ҳам ўпкада доғ бўлиб кўринади. Масалан, плевра юзасида суюқлик йиғилганда, плевра яллиғланиши, аорталар аневризми, лимфа тугунлари катталашганда, қизилўнгач чурраси, умуртқа ёки қовурғаларда ҳосила пайдо бўлганда ҳам ўпка соҳаси рентген тасвирида оқ ёки қора доғлар кўзга ташланади. Шу боис рентген қоғозида “рентгенолог хулосаси” деб ёзилади, демак бу ташхис эмас. Мутахассис шифокор эса аввало бу доғ айнан қайси аъзодалиги, қандай касаллик белгиси эканлигини лаборатор таҳлиллар асосида аниқлаб олиши керак.

Агар фтизиатр кўригида беморда сил касаллиги борлиги аниқланса, бу ҳам тамға эмас. Ҳозирги вақтда силнинг давоси топилган. Лекин даволаниш курси бир неча ойни ўз ичига олади. Бемор дориларни шифокор айтган барча талабларга риоя қилса, бу дарддан фориғ бўлиши мумкин. Тузалгандан кейин ҳам ўзини текширтириб турса, организми бақувват бўлса, касаллик қайталанмайди.

Саволга Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий маркази фтизиатри Зулфия МАҲМУДОВА жавоб берди.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube