Сил юқумли касаллик сифатида қадим замонлардан маълум. Силга хос ўзгаришлар эрамиздан 2000-3000 йил илгари вафот этган ва мумиёланган мисрликлар танасида ҳам топилган.  

ХYIII асрнинг ўрталаригача сил наслдан наслга ўтувчи ирсий касаллик ҳисобланган ва унинг ҳаво орқали юқишини ҳеч ким билмаган. Аммо биргина Абу Али ибн Сино “Тиб қонуни”да силнинг ташқи омиллар таъсирида ҳам юқиши мумкинлиги хусусида фикр билдирган.

Cил  касаллигини қўзғатувчиси 1882 йилда Роберт Кох томонидан аниқланганлиги маълум. Замонавий тасниф буйича у Actinomicetes тартибига Micobacteriosea оиласига микобактериялар авлодига тегишли. Уларни қуйдаги турлари фарқланади: typus humanis (одамларда касаллик чақирувчи), typus bovinus (қорамолларда касаллик чақирувчи), typus avium (паррандаларда касаллик чақирувчи), typus muris (сичқонларда), M. Africanum ҳамда L- формалари.

Сил касаллигининг келиб чиқиш сабабларига назар ташлар эканмиз, биринчи жаҳон уруши (1914-1917) даврида касалликдан ўлганлар сони ўқ ва снарядлардан вафот этганлардан кўп бўлиб, ушбу даврда фронтда касалланиб ўлганларнинг сони  1,7 млн. нафар кишини,  фронт ортида эса 2 млн. нафарни ташкил этган.  Бунинг сабаби казарма шароитида санитария қоидаларига риоя қилмаслик, очлик эди. Кох силнинг келиб чиқиш сабаблари ичида ижтимоий  шароитларга катта аҳамият беради. У  “касалликка мойиллик ёмон шароитда яшовчи, заифлашганлар орасида жуда кўпдир. Ер юзида Қуёш нури тушмайдиган хароба уйлар бўлар экан, сил билан касалланиш давом этаверади” деб ёзган эди.

ХХ асрнинг 80- йилларининг  ўрталарида, жамиятда сил  билан касалланиш камайиб, хаттоки фтизиатрия кафедралари фтизиопульмонологияга айлантирилди. 90 -йилларни бошларидан нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда сил жамият саломатлигига яна жиддий хавф туғдира бошлади. Эпидемиологик аҳволнинг ёмонлашуви сабабларини ўрганган Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, қуйидагилар давлатларда сил касаллигининг кўпайишига сабаб бўлмоқда, деб кўрсатди:

  1. Силга қарши кураш Миллий дастурларининг йўқлиги, бунга сўнгги 10 йилларда силга қарши курашда эришилган ютуқлар билан мағрурланиб, сил инфекциясига етарлича аҳамият бермаслик;
  2. Жаҳонда аҳоли миграцияси жараёнининг кучайиши сабабли, силнинг ривожланаётган мамлакатлардан  ривожланган мамлакатлар аҳолисига тарқалиши;
  3. ОИВ инфекцияси билан зарарланганларн сониниг ўсиши.
  4. Дорилар таъсирига турғунликнинг  шаклланиши ва  силга қарши  кураш воситаларидан пала- партиш фойдаланиш.

Ўзбекистон Республикасининг ҳукумати мазкур ҳолатни мамлакатимизда бартараф этиш мақсадида силга қарши коплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, сўнгги йиллрада кенг қамровли профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш,  DOTS стратегияси асосида силга қарши кураш дастурини татбиқ этиш натижасида  касалликдан  вафот этиш ва силга чалиниш ҳолатларини камайтиришга эришди.  Бугунги кунда силга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, 2001 йил 11 майда “Аҳолини силдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикасида силга қарши кураш бепул бўлиб, касалланган фуқаронинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириб беради.  Республикамизда йилдан йилга силга қарши кураш чоралари қатъийлашиб, бу борада Ўзбекистон ва АҚШнинг силга қарши курашиш халқаро ривожлантириш агентлиги (USAID) билан ҳамкорлигидаги дастури ҳам муваффақиятли амалга ошмоқда. 1993 йилдан буён USAID Ўзбекистонга 356 млн. АҚШ долларидан ортиқ миқдорда ёрдам кўрсатди. Янги лойиҳа 7,6 млн.  АҚШ доллари миқдорида  ёрдам кўрсатилишини кўзда тутади.

Дастур раҳбари Темур Аптекарнинг фикрига кўра, дастурнинг мақсади сил касаллиги шу билан биргаликда  Ўзбекистонда  дориларга нисбатан турғунлик юкини енгиллаштиришдан иборатдир.

-USAIDнинг молиявий кўмагида амалга оширилаётган Project HOPE ташкилоти билан Ўзбекистон 15 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда, дейди биз билан суҳбатда Т.Аптекарь.-  Силга қарши курашиш бўйича USAID ўз дастурини фтизиатрия ва пульмонология бўйича ихтисосолаштирилган илмий-амалий тиббий маркази ва DOTS Республика маркази, шунингдек, Саломатлик ва статистика Республика институти билан ҳамкорликда амалга ошириб келмоқда. USAIDнинг 2014 йил сентябрь ойидан 2019 йил август ойигача амалга ошириладиган беш йиллик дастури Ўзбекистонда силга қарши курашишни кучайтириш хизмати бўйича кўмаклашувчи асосий қисми ҳисобланади. USAIDнинг силга қарши кураш бўйича дастури ҳимоя қилинмаган гуруҳлар ташхисдан ўтишлари ва даволанишлари учун имкониятларни кенгайтириш борасида техник ёрдам кўрсатади, шунингдек Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги беморларнинг юқори сифатли лаборатория ташхисидан ўтишларини ҳамда махсус ёндашув орқали даволанишларини таъминлайди.

Лойиҳа  USAIDнинг молиявий кўмаги остида Project HOPE ташкилоти томонидан амалга оширилиб, асосий вазифасизаиф гуруҳларнинг ташхис қўйиш ва силни даволаш борасидаги комплекс хизматларга нисбатан фойдаланишини кучайтириш,  силга лаборатория шароитида  тезкор ва сифатли ташхис қўйишни таъминлаш, касалланган беморларни даволашга қаратилган даво чораларини қўллаш, силга қарши курашиш хизматларини халқаро стандартларга мос равишда илгари суриш ҳамда Миллий силга қарши кураш дастурини соғлиқни сақлаш соҳасининг бошқа секторлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мувофиқлаштириш ва ўзаро алоқаларини кучайтириш билан биргаликда  сил менежменти бўйича соғлиқни сақлаш тизимининг кадрлар ва ташкилий салоҳиятини кучайтириш, асосланган қарорларни қабул қилиш учун  силга қарши кураш хизматлари электрон маълумотлар базасидан (MIS) фойдаланишга кўмаклашишдан иборат. Ҳўш,  мазкур вазифаларни амалга ошириш орқали қандай натижаларга эришилади? Аввало  бирламчи тиббий-санитар хизматлар (БТСХ), жамоат ташкилотлари ва аҳоли ўртасида  алоқа ўрнатиш орқали силга ташхис қўйиш ва уни даволаш ҳамда сил касаллиги шу билан биргаликда  Ўзбекистонда  дориларга нисбатан турғунлик юкини енгиллаштириш (ДНТЮЕ)га нисбатан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламининг фойдаланишига янада яхшироқ имкон  яратилади. Энг қувонарлиси вилоят ва туманларда  сил, ДНТЮЕларни аниқлаш учу тезкор ва сифатли лаборатория ташхиси билан таъминланади.у  касалликни ўз вақтида аниқлаш ва даволашни бошлаш имконини беради.

Айни пайтда сил билан касалланган беморларни даволашда  беморга  йўналтирилган ёндашувлардан фойдаланишни кенгайтирилмоқда, жойларда ўтказилаётган семинар –тренингларда фтизиатрлар ўқитилиб, аввало беморга дўстона муносабатда бўлган ҳолда ёрдам кўрсатиш, аҳоли ўртасида тушунтириш  ва профилактик ишлар кенг қамроқда олиб борилмоқда. Айниқса беморларга силни даволашда дори- дармон барқарорлигининг юзага келиши  мумкинлиги,  силнинг ОИВ билан бирикиши оқибатида ҳолатни оғирлаштириб, ОИВнинг оғир босқичларини ривожланишига олиб келувчи омил бўлиб хизмат қилиши тушунтирилмоқда.  Натижада бугунги  кунга келиб республикада сил билан касалланиш ҳолатлари уч баробарга камайди.  Айнан шунинг учун туберкулёз бўйича эпидемиологик шароит ўз долзарблигини йўқотди.

Лойиҳа доирасида  амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиш ва бу борада аҳоли хабардорлигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Шу сабабли АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг Ўзбекистондаги силга қарши курашиш дастури журналистлар орасида сил касаллиги ва уни олдини олиш мавзуси бўйича ёритилган энг яхши материал учун танлов эълон қилди. Мақсад — сил касаллиги ва унинг олдини олиш мавзусига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш ва  юртдошларимизни ушбу хавфдан огоҳлантиришдир. Зеро, ҳаёт давом этиши учун, тинч осмон остида меҳнат қилаётган юртдошларимиз соғлиғига ҳеч қандай касаллик хавф солмаслиги лозим.

 Наргис ҚОСИМОВА, журналист