Таянч-ҳаракат аъзолари силида умуртқа поғонасининг силидан жароҳатланиши биринчи ўринда туради. Бу хасталик ўз навбатида оғир ва мураккаб жароҳат ҳисобланади.

Касалликнинг оғирлиги, жароҳатнинг кечиши, аслига қайтмас ўзгаришлар – букрилик пайдо бўлиши билан ифодаланади. Суяк тўқимасининг бузилишлари кўпинча, орқа мия атрофида, ҳаётий зарур ички аъзолар атрофида юзага келади ва ривожланади.

Касаллик хақида дастлабки тарихий маълумотлар Гиппократ номи билан боғлансада, клиник кечиши – букриликнинг пайдо бўлишини инглиз хирурги Потт 1789 йилда илмий асослаб берган, шунинг учун умуртқалар жароҳати Потт касаллиги деб ҳам аталади.

Умуртқа поғонаси сили, бошқа бўғимлардаги сил жароҳати каби маълум патологик-анатомик ривожланиш билан кечиб, муайян босқич ва даврларда ўтади. Умуртқа поғонаси сили 3 та босқичда кечади.

I босқич – умуртқа олди босқичи (умуртқа танасида бирламчи ўчоқнинг пайдо бўлиши.

II босқич — умуртқа босқичи (жароҳатнинг ўткир ривожланиши, клиник белгиларининг рўйи рост пайдо бўлиши.

III босқич-умуртқадан сўнги босқич (кейинчалик қайталашлар, асоратлар).

Умуртқа олди босқичи

Умуртқа танасида бирламчи ўчоқнинг пайдо бўлишини аниқлаш қийин бўлиб, бу босқичда бирорта клиник белгилар бўлмаслиги, рентгенологик текширганда ўзига хос ўзгаришлар топилмаслиги мумкин (1А-расм). Жароҳат атрофида кўзга кўринарли ўзгаришлар бўлмагани каби, беморнинг ахволида ҳам аниқ, ҳатто касалликка тахмин қилиш мумкин бўлган ўзгаришлар пайдо бўлади. Чунки бирламчи ўчоқ умуртқа танасида жойлашар экан, атрофида катта  ўзгаришларни юзага келтирмайди, оғриқ бўлмайди, функционал бузилишлар рўй бермайди. Шу билан бирга, беморларда, айниқса болаларда умумий захарланиш белгилари пайдо бўлиши мумкин. Беморнинг кайфияти бузилади, иштахаси бўлмайди, озиб кетади, толиқади, мехнат қилиш қобилияти пасаяди.

Клиник текширилганда умуртқа силига хос ўзгаришлар кузатилмайди. Камдан-кам рентген текширувида умуртқа танасида баъзи ўзгаришлар: суяк тўсинчаларининг ўзгариб қолгани, чегараланган ўчоқ сифатида кўриниши мумкин. Лаборатория текширувларида ўзгаришлар топилмайди. Лекин туберкулин синамаси мусбат чиқиши мумкин. Бирламчи ўчоқлар умуртқа орқасидаги ўсимталарда, қиррали ўсиқларда жойлашса босиб кўрилганда оғрийди.

Умуртқадаги босқич

Бу босқичда жароҳат атрофида ва ундан узоқда маълум клиник белгилар юзага келиб, тинмай ривожланиш хусусиятига эга бўлади. Босқич 3 та даврда, яъни бошланғич, ривожланган ва босилган билан кечади.

Бошланғич даври. Бу даврда махаллий клиник белгилар, яъни бирламчи ўчоқ ривожланиб, кенгайиб, тарқалиб, ғовак ва қисман суякнинг қаттиқ (кортикал) қаватига ўтади, уни емириб, атрофига тарқалади, умуртқалар орасидаги  фиброз тўқимага (диск) ўтади (1Б-расм). Оғриқ, умуртқа харакатининг чегараланганлиги, жароҳатнинг бошланғич даврига хос ўзгариши, яъни мушаклар атрофияси бошланғич даврга хос белгилар хисобланади.

 

1-расм. Сил жароҳатининг ривожланиш босқичларига  кўра, умуртқалар танасидаги рентгенологик тасвир: А – умуртқа олди босқичида; Б – умуртқадаги босқичида; В – умуртқада ривожланган даври.

Бу даврда умумий ўзгаришлар яққол билинади. Силдан захарланиш зўрайиб, аввалги босқичдаги белгилар чуқурлашади, тана ҳарорати кўтарилиб, қонда ЭЧТ тезлашади ва лейкоцитоз кузатилади. Шу даврда тегишли муолажалар қилинмаса, жароҳат чуқурлашиб, тарқалиб, ривожланган даврига ўтади.

Ривожланган даври. Умуртқалар емирилишининг кучайиши, яллиғланишнинг ривожланиши ва атрофдаги юмшоқ тўқималарга тарқалиши, жароҳатнинг ривожланган даврини кўрсатади (1В-расм). Беморнинг умумий ахволи оғирлашади, юқорида айтиб ўтилган силга хос белгилар, яъни букрилик, оқма яралар, орқа мия фаолиятининг бузилиши, ривожланганини, чуқурлашганини кўриш мумкин. Беморнинг қуввати бўлмайди, силга хос жаъмики умумий захарланиш белгилари пайдо бўлиб, беморнинг кайфияти ёмон, уйқуси нотинч бўлади, иштахаси йўқолиб, озиб кетади. Тана ҳарорати бир оз кўтарилади (субфебрил), ҳатто иситма баланд (фебрил) бўлади, ЭЧТ тезлашган, қон тахлили кўпинча меъёрида ёки бир оз лейкоцитоз, чапга ядроли силжиш кузатилади, лейкоцитоз камдан-кам кузатилади.

Жароҳатланган умуртқалар сохаси тинмай оғрийди, кучаяди, кўпинча атрофга тарқалади, жароҳатлардан анча узоқ жой оғриши ҳам мумкин, бу жароҳатнинг жойлашган ўрнига ҳам боғлиқ бўлади. Оғриқнинг зўрлигидан бемор харакат қила олмай қолади, тик туролмайди, қўлларига таяниб туради. Иложи борича, ўтиришга ёки ётишга харакат қилади, чунки қимирламасдан турганида оғриқ босилади. Жароҳатнинг ривожланган даврида энг кўп учрайдиган клиник белгилардан бири — умуртқа поғонасининг қийшайиб қолишидир. Беморнинг емирилган умуртқалари сони, жойлашиши ва ёшига қараб жараён хар хил кўринишда бўлиши мумкин. Букрилик катта ёшдаги беморларда баъзан кузатилмаслиги, унча катта бўлмаслиги мумкин. Чунки, бу ёшдаги беморларда жароҳатланган умуртқалар сони кўп бўлмайди (аксариат 2 та), унча кўп қисми емирилмайди. Болаларда эса умуртқалар шакли тез ўзгариб, кўпинча катта ва аслига келмайдиган ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Касалликнинг бошланғич даврида умуртқалар қиррали ўсиқлари тугмасимон кўтарилади. Бир умуртқа емирилганда – бурчаксимон букрилик, бир жойда бир нечта умуртқалар сохасида (кўп ўринли) жароҳат бўлганда – тўлқинсимон букрилик кузатилиши мумкин.

Умуртқалар силининг ривожланган босқичида абсцесс пайдо бўлади. Т.П.Краснобаев маълумотларига кўра, сил спондилитида абсцесслар 83% гача учраши мумкин. Клиник текширилганда абсцесслар ёнбошда, кейин белда, сонда, энсада аниқланади. Рентгенологик текширувда абсцесслар, кўпинча, кўкрак умуртқаси сохасида учрайди (2-расм). Абсцесслар баъзан зимдан секин-аста бошланади, умумий ўзгаришлар кузатилмаслиги мумкин.   Аксарият  холларда    абсцесслар    шаклланиши,   ўша  жой оғриши, атрофга тарқалиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, ЭЧТ тезлашиши ва лейкоцитоз каби ўзгаришлар билан келади. Уларнинг жойлашган ўрнига қараб, махаллий ўзгаришлар ҳам кузатилади. Томоқ орқасида жойлашган абсцесслар ютиш, нафас  олишга таъсир қилиши мумкин. Кўкрак умуртқасида абсцесслар, кўпинча, асоратсиз ўтади, фақат рентгенологик текширилганда аниқланиши мумкин. Баъзан улар қизилўнгачга ёки ўпкага ёриб киради. Бунда бемор йўталиб, кўп миқдорда балғам ташлаши мумкин. Биқинда абсцесслар псоит сифатида кечади, шу томондаги оёқни букиб қўйиши мумкин.

2-расм: Th 9-10 умуртқалар сили: умуртқалар Деструкцияси, оралиғи  торайиши, паравертебрал абсцесс;

Маълумки, абцесслар аксарият холларда узоқ вақтлар ўзгар-масдан, катта ўзгаришларга олиб келмасдан сақланиб, учта мухим хавфни мужассам қилиб  туради: аъзолар токсик захарланиши, механик – ички аъзолар  (қизилўнгач,  трахея,  орқа мия) сиқилиши ва септик – иккиламчи инфекция. Абсцесслар жараён охиригача оғир кечади, узоққа чўзиладиган йирингли асорат, сурункали сепсис, ички аъзоларнинг амилоидозига олиб келади.

Сил спондилитида абсцесслар, кўпинча, оқма яраларга  сабаб бўлади. Оқма яралар пайдо бўлиши жароҳатнинг оғир даврга ўтганини кўрсатади. Иккиламчи инфекция қўшилиши туфайли, ички аъзоларда аслига келмас асоратлар пайдо бўлади. Оқма яралар,  кўпинча,  бел,  кўкрак – бел    умуртқаси  силида  вужудга келади. Оқма яралар шифохонада даволанаётганда пайдо бўлса, тезроқ битиши мумкин, эски, инфекцияланган оқма яраларнинг тузалиши қийин бўлади ва ички аъзолар амилоидозига олиб келади.

Орқа миядаги ўзгаришлар. Сил спондилитида ўзига хос ўзгаришлардан бири-орқа миядаги асоратлардир. Бу асоратларнинг ривожланиш даражаси хар хил бўлиб, нерв толаларининг сиқилиши белгилари, пай рефлексларининг тортишиши, то  фалажлик, чаноқ фаолиятининг бузилишигача олиб келиши мумкин. Бу эса асоратнинг чуқурлиги, кўлами, жароҳатнинг жойлашган ўрни ва катталигига боғлиқ.

Орқа миядага ўзгаришлар аста-секин ривожланади. Дастлабки ўзгаришлар пай рефлексларининг кучайиши, хусусан тиззада, кейин оёқ кафти, тизза қопқоғидаги пайларнинг тез-тез тортишиб туриши (клонуслар), патологик рефлекслар тарзида пайдо бўлади, сўнгра харакат бузилишлари – парез, фалажлик юзага келиб, икки томонлама таранглашиб (спастик), фалажлик-нинг ривожланиши кўпинча оғриқ, титроқ билан кечади.   Харакат фалажлигида, кўпинч,а сезгирлик пасаяди, ҳатто йўқолади. Бу трофик ўзгаришларга олиб келади, думғаза ва товонларда ётоқ яралар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Оёқларнинг фалажланиши, кўпинча, чаноқ аъзолари фао-лиятининг бузилиши, сийдик ажралишининг қийинлашиши билан кечади,  бу доим сийдик томчилаб туришига сабаб бўлади.

Даволаш туфайли яллиғланиш даражаси пасая бориб, кейинги босилган даврига ўтади.

Босилган даври. Бу даврда беморнинг умумий ахволи нисбатан яхши бўлади. Босилган даври суяк тўқимасининг емирилишини тўхташи, юмшоқ тўқималардаги иккиламчи ўзгаришларнинг йўқолиши, жараённинг чегараланиши билан кечади. Оғриқ, мушаклар тортишиб қолганлиги, юмшоқ тўқималарлардаги шишлар, ўзгаришлар, абсцесс, оқма яралар  кичрайиб қолади, баъзан орқа миядаги ўзгаришлар тикланади. Тана ҳарорати меъёрлашиб, қон ва биокимёвий тахлиллардаги ўзгаришлар ҳам меъёрига келади. Клиник ўзгаришлар қанчалик яхшиланмасин, барибир жароҳат бутунлай тузалиб кетди, деб бўлмайди, чунки қандайдир қолдиқ ўзгаришлар узоқ вақтгача сақланиб туриши, жароҳатнинг қайталашига сабаб бўлиши мумкин.

Умуртқадан сўнги босқич

Бу босқичда жароҳат тузалади, бемор нисбатан соғаяди. Лекин жароҳат бутунлай йўқолмайди, хар хил асоратлар қолади. Бу асоратлар ўз навбатида кучайиши мумкин. Айниқса бола ўсаётганда букрилик ривожланиб боради. Жароҳатланган умуртқалар ўсиши тўхтаб, жароҳатнинг тепасида ва пастида жойлашган умуртқалар ўсишда давом этаверади, бу нафақат умуртқаларнинг ўзгариши, балки унга бириккан бошқа суяклар, айниқса кўкрак қафаси шаклининг бузилишига олиб келади.

Бундан кейинги босқичда қайталашлар бир томондан, умуртқа танасида чегараланган ўчоқлардан пайдо бўлса, иккинчидан, тугатилмаган абцесслардан юзага келиши мумкин. Бу босқичда ҳам қайталаш туфайли, орқа миядаги ўзгаришлар – кечиккан фалажликнинг ёки ўтган фалажликнинг қайталаниши кузатилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, сил жароҳатининг умуртқа поғонасида кечиши оғир касаллик бўлиб, хар бир даврда жойлашган ўрнига қараб, ўзига хос асоратлар пайдо қилиши мумкин.

Касаллик эрта аниқланганда, тегишли даво чоралари қўлланса, бемор бутунлай соғайиб кетади.

Маълумот учун: Бугунги кунда Фарғона вилоят силга қарши кураш диспансери “Суяк-жарроҳлик” бўлимида суяк сили билан оғриган беморларни текшириш, даволаш ва соғломлаштириш ишлари бепул амалга оширилмоқда. Терапевтик муолажалар самара бермаган суяк-бўғим ҳамда умуртқа поғонаси сил касаллиги билан оғриган беморларда замонавий мураккаб жаррохлик амалиётлари ўтказилмоқда. Суяк-бўғим ҳамда умуртқа поғонаси сил касаллиги билан оғриган беморларда ўтказилаётган мураккаб жаррохлик амалиётлари натижасида беморларда ўлим холати, силдан ногиронлик холатлар камаймоқда.

Бундан ташқари диспансер “Суяк-жарроҳлик” бўлимининг мутахассислари томонидан кўшни Андижон ва Наманган вилоятларида “Маҳорат дарси”лари ташкилланиб, беморларга жарроҳлик амалиётлари ўтказишда амалий ёрдам берилиб келинмоқда.

Б.Т.Мирзаев, Фарғона вилояти силга қарши кураш диспансери “Суяк-жарроҳлик” бўлим бошлиғи.

И.АБДУЖАББОРОВ,

журналист

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube