Дунёда ОИТС ва СПИДдан кейин иккинчи ўринда турган сил касаллигининг асл моҳияти ҳам шунда.

Мен бир инсонни биламан. У ҳам бир вақтлар оғир дард-силга чалинган эди. Унинг тақдири… Келинг, яхшиси бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

Шифохона томон йўл оларканмиз, шифокорлардан Наима опа Назарова(исми ўзгартирилди)нинг тузалиб қолганини эшитдик. Ҳар қалай она ўғлига берган ваъдасининг устидан чиқибди.

Хўш, у бунга қандай эришди экан? Наима опанинг телефон рақамини олгач, опага сим қоқдим. У нима ҳақида гапиришимни тезда пайқаб, менга ҳаммасини бошидан гапириб берди.

ОНАЛИК ЖАСОРАТИ

-Ойижон, мен келдим. Боғчадан қайтган Аброрбек онасини кўриб қучоғини очганча югуриб борди. Наима опа ҳам унга пешвоз чиқди. Она фарзандини бағрига қаттиқ босиб, тўйиб-тўйиб ҳидлайди.  У учун бу туйғу қачонлардир армонга айланиши, у бу буюк ифордан бебаҳра қолиши мумкин эди. Унинг метин иродаси, жасорати йўлида рўбаро келган ҳар қандай тўсиқни янчиб ташлади. “Болажоним, бўйларингдан ўргилай”, пичирлайди Наима опа. “Етказганингга шукур”.

Наима опа қаттиқ иситмаласада, яна ишига чопқиллади, тузалмас дардга чалинсада, парво қилмади. Ҳаммаси ўтиб кетар қабилида иш тутди. Тирикчилик ҳам қурсин. Шифокорнинг ўз вақтида даволанмасангиз оғир хасталикка чалинишингиз мумкин деган сўзларини эшитсада, қулоқсизлик қилди. Энди иситмалаш кун ора такрорланарди. Охири қаттиқ иситмалаб тўшакка михланиб қолди. Унинг бу аҳволидан қўшни шифокор аёл ҳам койиганди. Наима опа икки кун шундай ётди. Учинчи кун ўзини сал яхши ҳис қилди ва яна бепарво бўлди. Муолажани охиригача етказмади ҳам.

Тақдирнинг ўйинини қаранг, Наима опа эътибор қилмаган саломатлиги  аллақачон уни тарк этганини хасталик бутун танасини ўраб олганида англаб етди.

Афсус. Йўқ, унақа бўлиши мумкин эмас. Ахир бу оддий шамоллаш эди-ку?

…ўша куни…мен… руҳим танамни тарк этишга шайланиб турган, танам эса бу оғирликни кўтара олмасди.

…менга ҳаёт керак… мен яшашни истайман…

Иситмам кўтарилиб, шифокор “менда сил касаллигининг белгилари борлиги”ни айтганида кўз олдимда фарзандим гавдаланди. Ахир мен у учун яшашим керак. Наҳот, бешафқат ҳаёт иккимизни айро қилса.  Наҳот, мен уни ортиқ бағримга боса олмасам. Ахир мен онаманку…

Менга унинг ўша, мен хасталикка чалинмаган пайтлардаги бағримга босган беғубор ҳиди керак. Ана шу оддий, аммо буюк кучгина мени ҳар қандай қоронғу йўллардан олиб чиқади. Мен бунга ишонаман. Мен шундай қиламан.

ЕТКАЗГАНИНГГА ШУКУР

Шифохона. Наима опа даволанишни бошлади. Ахир у ўғлига ваъда берганди. “Ўғлим, биз яна қучоқлашамиз, мен сенга меҳримни бераман”. Яна бўйингдан тўйиб-тўйиб ҳидлайман”

Шу пайт эшик тақиллади. Ҳамшира қиз аёлнинг хаёлларини бўлиб юборди. Кейин унинг билакларини очиб, унга шпреснинг “ниш”ини қадади. Сўнг шу ниш унинг ўрта бармоғидан қонини симирди. Муолажа бошланди.  У, бу ерда қанча вақт қолади?  Касали қанча вақт давом этади? Шифокорлар унга қачон рухсат беради? Саволлари чексиз, аммо жавобини ҳеч ким билмайди. Ҳатто шифокорлар ҳам. Энг ёмони, “тузалиб кетармиканман?” Бу ерда ётган кўпчиликнинг дарди ҳам шу. Кеча палатада ётган ҳамхоналарнинг сўзларидан ваҳимага тушди. Қўлидаги “осма”нинг игнасини суғуриб, ҳамшира берган дориларни деразадан ташқарига отиб юборгиси келди. Нодир аканинг бу ерга келганига олти ой бўлибди. Насибахон эса мана икки йилдан буён уйи юзини кўргани йўқ. Нега, ахир бу дарднинг давоси бор дейишгандику? Мен боламга ваъда берганман. Мен бу ерда  бунча узоқ вақт қолиб кета олмайман.

-Опажон, ҳавотирланманг, касалингизни вақтида пайқаб, шифокорга мурожаат қилган бўлсангиз, тезда тузалиб кетасиз,- сочлари товонини ўпган Нигоранинг бу сўзларини эшитган Наима опа худди ўз синглисини кўргандек бўлди.

-Шундайми, синглим?

-Мана, мен ҳам вақтида келган эканман уч ҳафтада ўзимга келдим. Яқинда уйимга кетаман.

Унинг бу сўзлари Наима опанинг кўнглини кўтарди. Демак, уч ҳафтада тузалса бўлади. “Муолажаларни қолдирмайман. Мен, албатта, тузалишим керак… “

Наима опа уч ҳафталик муолажалардан кейин ўзида ўзгариш хис қилди. Бир ой Қарши шаҳрида даволанди. Кейин ҳар ойда Тошкентдаги ташхис марказларида “анализ” топшириб турди.

-Касалхонада ётганимда ишхонамдагилар мени кўргани келишганида йиғлаб юборганман, — дейди Наима опа Назарова(исми ўзгартирилди). — Яхши инсонлар ҳам орамизда кўп экан. Улар мендан ўзларини олиб қочмади. Қайтанга, дориларни ўз вақтида ичишимни қаттиқ тайинлашди. Ҳозир кўпчиликнинг бу касаллик ҳақидаги фикри ўзгарган. Мустақиллигимиз туфайли, тиббиётнинг ривожланиши,  шифокорларнинг тарғиботлари сабаб  яқинларим мени  ўз даврасидан чиқаришмади. Тузалиб кетганимдан сўнг оилам билан бир дастурхонда овқатланамиз, боламни ҳам бағримга босиб эркалай оламан.

Фақат бир нарса мени ҳамиша қийнаб келган. Биласизми, ўзингизда шундай касалликни пайқадингизми зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Шу касаллик билан оғриганингизни атрофдагилар ҳам билсин. Бир воқеани айтиб берай. Бир куни синглим билан гўзаллик салонига бордик. У ерда пардозчи қизнинг гигиеник қоидаларга риоя қилиши мени хурсанд қилди. Негаки, у тирноқлар муолажасида ҳар бир мижоздан ўзи билан керакли қуролини олиб келишини айтаркан. Биз ҳам ҳамма қатори тирноқларимиз муолажаси учун пелкамизни пардозчи қизга кўрсатдик. Шу пайт қошлари керилган, сочлари ёйиқ, тор шимдаги бўйчан бир қиз келиб навбатини кутмай менинг ўрнимга ўтириб олди. Унинг бу одатидан аччиқлансам-да навбатда туришга мажбур бўлдим.

Пардозчи ундан ўз пелкасини сўради . Қиз шахсий анжомини олиб келмаганини ва ўзидан ишлатиши кераклигини айтди. Пардозчи бедаво касалликлар тури кўпайиб кетаётганлигини уқтириб, бунга рози бўлмади. Қиз жаҳл қилиб хонадан чиқиб кетди. Шунда бошқа бир мижоз ўша қизни аввалдан танишини унинг қандайдир юқумли касаллик билан хасталанганини айтганида жимиб қолдик.

Мен ҳам касалликка чалинганимни атрофдагиларимдан яшириш пайига тушмайман.  Ахир буни юқтириш эмас олдини олиш керак-да!

Кейин муолажаларни вақтида олиб, даволанишни тўхтатмаслик керак. Агар силни даволаш жараёни тўхтатилса ёки беморлар дориларни нотўғри қабул қилсалар, сил бактериялари силни даволаш учун ишлатиладиган дориларга нисбатан чидамли бўлиб қолади, кейинчалик уни даволаш учун анча кўп вақт ва ҳаракат талаб қилинади.

Ахир, ҳар биримизнинг соғлигимиз ўз қўлимизда. Ҳар биримиз йилда бир марта бўлса ҳам тиббий текширувдан ўтиб туриши керак бунинг саломатлигимизга фойдаси катта.

Ҳулкар Ражабова, «Воҳа»