Сил қандай касаллик? Қандай йўл билан юқади?

Ноила, Шаҳрисабз тумани.

Сил бу юқумли касаллик бўлиб, уни сил бактериялари юзага келтиради. Касаллик тананинг барча аъзоларини , кўпроқ ўпкани зарарлайди. Сил касаллиги касал одамдан ҳаво томчи йўллари орқали йўталганда аксирганда юқади. Сил касаллиги ҳавода ва айниқса кам шамоллантирилган хоналарда узоқ вақт сақланиши мумкин.

Касалланиш хавфи кимларда юқори ва силнинг давоси борми?

Зебо, Қарши шаҳри.

Касалланиш асосан иммунитети паст инсонларда кузатилади. Сил касаллигини аниқлаш ва даволаш бепул.

Сил фақат ўпкани зарарлайдими?

Нигора, Қарши шаҳри.

Сил соч ва тирноқдан бошқа барча орган ва тўқималар: ўпка, бош мия, кўз, тери, суяк, бўғимлар ва лимфа безлари, ичак, буйрак, жинсий аъзоларни ҳам зарарлайди.

-Қизим сил касаллиги билан хасталаниб қолди ва даволанишни бошлади. Касалликни ҳолатини билиш учун шифокорлар тез-тез рентгендан ўтишни айтишди. Юир дугонам бу бола учун хавфли эканлигини айтди. Шу тўғрими?

Нодирбек, Тошкент вилояти.

-Флюорографик кўрикдан профилактик жиҳатдан йилига 2 маротаба ўтиш сил касаллигини эрта аниқлаш учун ўта муҳим ва болангизнинг саломатлигига зарар етказмайди.

-Аксарият кишилар сил касаллигини атрофдагиларига ошкор этишдан уялишади? Айтинг-чи бу тўғрими?

Зарина, Сурхондарё вилояти.

Бундай хато фикрлаш касалликни ривожлантириб кетишига, хасталикни асоратли, бедаво шакллари келиб чиқишига сабаб бўлади. Касалликни яширсангиз иситмаси ошкор бўлади.

Саволларга Қарши шаҳар сил касалликлар диспансери бош шифокори Дилрабо Хаджаева жавоб берди.

Ҳулкар Фармон қизи ёзиб олди