Шифокордан касалликка чалинганини эшитган Ноила ҳаётдан узилиб қолган одамдек ҳаёллар саҳросида адашиб қолди. Эндигина бир ўғил фарзандни дунёга келтирган аёлнинг кўз ўнги қоронғулашди. Атрофини ёмон ҳаёллар эгаллади.

Кечки пайт тушликдан сўнг турмуш ўртоғининг саволларига елка қисиб жавоб беришдан нарига ўтмади. Хонасига кириб юм-юм йиғлай бошлади. Қалбини тирнаётган саволларига ким жавоб берар экан: «Энди нима бўлади?» Ахир турмуш ўртоғига нима дейди?  У бу касаллик билан аёлни қандай қабул қиларкан?

Ҳар қалай Ботирака аёлининг дардини тушунди. Уни тузалиб кетишига ишонтирди. Тиргак бўлди. Аниқроғи Ботирака аёлининг касали ҳақида, бу касалликнинг давоси борлигини фақат яқин кишилари унга ёрдам бериши кераклигини «Қўллаб қувватлаш гуруҳи»га қатнашиб билиб олди.

Ҳа, Қарши туман Сил касалликлар деспансерида ҳар ойнинг йигирманчи санасида ўтказилиб келинаётган «Қўллаб- қувватлаш гуруҳи» тадбирлари қаҳрамонларимиз каби оилаларнинг дарс кетишини олдини олишга хизмат қилмоқда.

Хўш, аслида «Қўллаб-қувватлаш гуруҳи» тадбирлари қай мақсадга йўналтирилган? Давра суҳбатларининг дастурлари ўз натижасини бераяптими?

Феруза опа бизни ҳам «Қўллаб-қувватлаш гуруҳи»нинг тадбирига таклиф қилди.

-Давра суҳбатида беморлар бир бирлари билан яқин қариндошдек мулоқотга киришиб кетишди, дейди Феруза опа. -Биласизми, ҳар қандай вазиятда киши атрофдагиларнинг меҳрига ташна бўлади. Бу ташналик беморларда икки хисса кўпроқ кечади. Шуни инобатга олиб беморларимиз билан бўлган суҳбатларда самарали мулоқот услубларидан кенг фойдаланамиз. Мулоқотнинг бир нечта усуллари мавжуд бўлиб, улар бемор билан ишончли алоқа ўрнатиш ва беморни ҳамкорликка жалб қилишга ёрдам беради. Мулоқот самарали бўлиши учун савол беришни аввалдан билишимиз лозим. Энг аввало, диққат билан қулоқ солиб, беморнинг қийинчилик ва безовталигини ҳисобга олиб, беморга ҳамдардлик билдириб, унинг муаммоларини ечишга ёрдам бериш лозим. Беморимиз Заринаопа ҳам яқинда яккаю ягона ўғлини уйлантириш ҳақида тўлқинланиб гапириб қолди. Аммо унинг бу касаллик билан чалинганини, касаллиги тўғрисида унга келинига қандай  айтишини ўйлаб,  иккиланиб юрган экан. Машғулотдан сўнг опанинг ўғлини чақиртирдик. Опадан сир сақлаган ҳолда бу ҳақда унинг ўғлига тушунтирдик. Тушунган, онасига меҳрибон йигит экан бўлажак келинни ҳам марказимизга олиб келди. Келин ҳам бизни тушинди шекилли, бўлажак онажонисига қайнонасига эътиборлироқ бўлишга сўз берди.

Бу услублар бемор оила аъзолари билан мулоқот қилганда ҳам ёрдам бераяпти.

Мулоқотни бемор учун юқимли қилиш керак. Сабаби, уни қўллаб-қувватланса ва рағбатлантирилса, ҳурматини жойига қўйиб унга ҳамдард бўлсангизгина бемор билан очиқ, ишончли мулоқот ўрнатишга эришилади. Беморлар билан мулоқотда оддий ва тушунарли гапиришга ҳаракат қиламиз.

«Қуллаб қувватлаш гуруҳи» йиғинида энг аввало беморнинг сил ҳақидаги билимларини баҳолаб борамиз. Унинг даволанишга хайрихохлиги хоҳишини ўрганамиз. Беомрни даволанишни давом эттиришга рағбатлантирамиз.  Бемор тушунаяпти ва сил ва уни даволаш ҳақидаги асосий маълумотларни эсида сақлаб қолаётганликларини турли шаклдаги ўйинлар орқали аниқлаб оламиз. Бу жараёнда беморнинг қўрқув ва иккиланишларига керакли эътибор берилади.

Суҳбатимизнинг шу ерида Феруза опанинг ёнига бир бемор келди. Фтизиатрнинг айтишича, бу киши чет мамлакатда пул ишлаш учун кетиб суяк сили касаллигини орттириб келган экан.

-Келинг,- Нигина Белаевна. Ўзингизни қандай хис қилаяпсиз?

-Қуллаб-қувватловчи гуруҳининг тадбирига қатнашгач ҳаётга қайта туғилгандек бўлдим.

Феруза опа Нигинанинг сўзларини жон қулоғи билан тинглагач унга шифокор қабулига келганини ёки келаётганини тўғри қилганини қайта-қайта айтди.

Бемор билан мулоқотга киришар экан, фтизиатр Феруза Тошпулатовна нигоҳ, интонация, қўл ҳаракатлари белгилар билан Нигинаопани қўллаб-қувватлади. Суҳбат узоқ чўзилди. Шифокор беморининг гапларини тинглагач, олдин ҳамдардлик билдирди сўнг унга ечим топишга киришди.

Бемор билан фақат рост сўзлашиш керак, -дейди физиопедиатр Дилфуза Соҳибова. –Гапимиз ва ҳаракатларимизда бир хиллик бўлиши керак. Оддий нотиббий сўзларни ишлатиш: масалан: Mycobacterium tuberculosis ўрнига “сил таёқчаси” деб гапирилса, бемор кейинги суҳбатларда ҳам биринчилардан бўлиб иштирок этади. Яна бир гап беморлар билан индивидуал ёндошиб ишлаш ҳам ўз самарасини беради. Айтайлик, ўқиши қийин бўлган тавсияларни оғзаки ушинтирамиз, кўргазмали материалларни кўрсатамиз. Кўпчилик беморлар бемор келиши керак бўлган кунлар ва дори қабул қилиш кунлари белгиланган календаридан Бу мулоқотлар давомида бемор бизни тушунаяпти ва сил, уни даволаш ҳақидаги асосий маълумотларни эсида сақлаб қолиш каби мақсадга эришилиб, ишонч ҳосил қилинади. Яна бир гап, ўзини ёмон сезаётган ёки жуда безовта беморлар биринчи мартадан маълумотни ўзлаштира олмайди. Бунинг учун суҳбатга қўшимча вақт белгиланилади.

-Ўтган сафар гаплашганимизда қизингизни олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўраяпти, деган эдингиз, имтиҳонга ҳам яқин қолди, -мулоқотни давом эттиради Феруза Тошпўлатовна.

-Қизимдан умидим катта. Ўқишга кирса меҳмонимиз бўласиз, опажон, -дейди “эски” суҳбатини ёдигаолиб Нигинаопа.

-Натижалар ёмон эмас. Лекин дарддан тўлиқ фориғ бўлиб кетишингиз учун, сиз буюрилган дорилар дозасини тўла қабул қилишингиз лозим.

Беморга қандай қилиб балғам йиғишни ёки таблеткани майдалашни ва овқат билан аралаштиришни кўрсатиб берар экан Феруза опага беморлари савол ташлайди.

-Дориларни ўз вақтида ичсам тузалиб кетаманми?, дейди ҳозиргина суҳбатимизга қўшилган ўспирин йигит Б.ҳам.

-Яхши савол!, дея рағбатлантиради шифокор.

Дарҳақиқат, сил бемори ва БТСЁ ходими ўртасида ташкил топган ҳурматли ва ишончли муносибатлар беморга даволанши режимига риоя қилишга ёрдам берувчи асоисй омил бўлади. Бемор ва унинг оила аъзолари сил нима эканлигини ва даволанишни тугатиб, соғайиб кетиш учун нима қилиш кераклигини тушунсалар, беморнинг режимга риоя қилиш хайрихохлиги ошади. Бемор учун маърифий тадбирлар ўтказиш ва маслаҳат бериш –бу даволаш жараёнининг энг муҳим таркибий қисмидир.

Киши кўнгли меҳр чашмалари билан суғорилар экан, бундай инсон ҳар қандай тўсиқни ҳар қандай хавфли касалликни енга олади. Донишманд халқимизда “Одам тафтини одам олади” деган ҳикмат бор. Қувонарлиси, бугун кўпчилик сил касаллиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиб, камситишга чек қўйилмоқда. Айниқса, сил касаллиги билан оғриган шахслар ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Қонунларида ҳам тегишли тартибда белгилаб берилган. Ва аксинча, кўпгина оилаларда ака-укалар, ота-оналар, бемор жигари қалбига йўл топиб, уларнинг дардларига малҳам бўлишмоқда.

Келинг азизлар, яқинларимиз тузалиб кетиши учун “стигма”га йўл қўймайлик!

Ҳулкар ФАРМОН қизи. «Воҳа» газетаси мухбири

(Мақола қаҳрамонларининг исмлари ўзгарттирилган)