Иқтисодий ривожланган давлатларда сил билан касалланишнинг камайиши оқибатида оператив даволаш усулларига эҳтиёж камайган.

Лекин сил билан касалланиш юқори бўлган давлатларда, жарроҳлик амалиёти муолажасининг аҳамияти сақланиб қолмоқда.
Бирламчи аниқланган беморларда 10-15 фоиз ҳолатларда операцияга кўрсатмалар бўлади. Ўпка силининг сурункали турларида антибактериал терапия кўпинча самара бермайди.
Бу беморларнинг 50-60 фоиз ўпкадаги жараённинг тарқалганлиги, функционал захираларнинг камлиги, яъни умумий аҳволининг ўрта оғирлиги ҳамда, оғир ҳамроҳ касалликлар мавжудлиги оператив даволашга муҳтожлик туғдиради. Шунинг учун беморларни барвақт операция йўли билан даволаш катта аҳамиятга эга.
Операцияга кўрсатмалар
Ўпка сили билан касалланган беморларда операцияга қуйидаги ҳолатлар кўрсатма бўла олади:
1. Ўпканинг фиброз — кавакли сили, туберкулема, циррози, плевра эмпиемаси, казеоз зотилжам.
2. Кимёвий давонинг кам самарадорлиги, айниқса сил микобактерияларининг дориларига сезгирлиги йўқолганда.
3. Ўпка, бронх, плевра ва лимфа тугунларида сил жараёни сабабли аслига келмас морфологик ўзгаришлар бўлганда.
4. Силнинг асоратлари ва оқибатлари (ўпкадан қон кетиш, спонтан пневмоторакс, нодулобронхиал оқма яра, бронхолитиаз, брохоэктазлар, ригид плеврит) ҳаёт учун хавф солганда.
Ўпка силида операция йўли билан даволаш асосан режали равишда бажарилади, лекин тезкор ва ҳаётий кўрсатмалар бўлмаганда ҳам операциялар бажарилади. Буларга: ўпка силининг зўрайиб кечиши, ўпкадан қон кетиши, босимли пневмоторакс (кўкрак қафаси ичига ҳаво кириши) киради.
Операцияга қарши кўрсатмалар
Сил жараёнининг тарқалганлиги кўпчилик ҳолларда операцияга монелик (қарши кўрсатма) бўлади. Бундан ташқари нафас, юрак — томир, жигар ва буйрак функционал фаолиятининг бузилиши, қўшилиб кечаётган оғир касалликлар, бемор умумий аҳволининг оғирлиги, қарилик ўпкадаги операцияларга қарши кўрсатма бўлади.
Беморнинг клиник, рентгенологик, лаборатор, биокимёвий ва функционал ҳолати комплекс таҳлил қилиниб, операцияга қарши кўрсатмалар аниқланади. Шуни айтиш лозимки, замонавий тиббиётнинг имкониятлари шу қадар каттаки, аввал операцияга монелик қилган кўрсатмалар бугунги кунда аҳамиятсиз бўлиб, жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Вилоят силга қарши кураш шифохонасида ҳозирга кунда кўплаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Жумладан: ўпканинг бир ёки икки бўлагини резекцияси, қўшма резекция (ўпка бўлаги ва бир вақтда сегмент), пулмонэктомия, торокопластика (қовурғаларни олиб ташлаш), плевра бўшлиғи сурункали йирингли касалликларида плевраэктомия ва декортикация, торокоцентез каби оператив даво муолажалари ўтказилмоқда.
Врачларнинг малакасини ошириш ҳамда беморларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар йили Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий амалий тиббий маркази (РИФваПИАТМ) фтизиажарроҳи О.А.Нематов билан биргаликда «Маҳорат дарслари» ўтказилиб, силни сурункали шакли билан касалланган беморларда «Ўнг томонлама пулмонэктомия ва субтотал плеврэктомия» жарроҳлик амалиётлари кўргазмали равишда амалга оширилмоқда.

А. ДЕХҚОНОВ,
Фарғона вилояти силга қарши кураш диспансери ўпка жарроҳлик бўлими мудири.

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube