Охирги йилларда сил касаллигининг тарқалиш, кечиш аломатлари ҳисобга олиниб, силга қарши диспансер назорат гуруҳлари қайта кўриб чиқилди ва республикада янги назорат гуруҳлари илмий асосланган ҳолда қайта тузилди.

Диспансер гуруҳларининг қисқариши ҳам тиббий, ҳам ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга. Йиллар давомида диспансер назоратида узоқ кузатиладиган минглаб беморларнинг умумий даволаш тармоқлари мутахассислари назоратига чиқарилиши ногиронликни ва кераксиз сарф-ҳаражатларнинг камайишига олиб келди. Янги гуруҳлар, диспансер фаолиятида амалият учун ишлатишга қулай бўлиб, силга мойил шахслар, диспансер назоратидаги контингентлар сонини камайтириш ҳисобига, фтизиатрларга асосий вазифа — фаол сил беморларини даволаш, сил ўчоқларида ишлашга асосий эътиборни кучайтириш имконини берди. Бу эса ўз навбатида беморларни соғайтириш, ногиронликни камайтириш, сурункали сил билан хасталанган беморлар қаторига ўтишининг олдини олиш, сил билан хасталанган беморлар билан мулоқатда бўлганлар орасида профилактика ишлари сифатини оширишга, бинобарин силнинг тар-қалишини камайтириш ва эпидемиологик вазиятнинг яхшиланишига шароит яратди.

Сил билан касалланган беморлар-катталар: биринчи ва иккинчи, болалар эса биринчи, иккинчи ва учинчи диспансер гуруҳларида назорат қилинадилар.

Биринчи диспансер гуруҳида биринчи маротаба сил касаллиги билан аниқланиб, силга қарши дори воситаларига сезувчан беморлар 6 ой давомида фаол даволаниш муолажаларини оладилар ва яна шу муддат давомида назоратда бўладилар. Силга қарши дори воситаларига турғунлик ҳолатлари кузатилган беморлар 18-24 ой даволаниш муолажаларини қабул қилганларидан сўнг, яна 6-12 ой давомида кузатувда бўладилар.

Иккинчи диспансер гуруҳига, сил касаллиги билан олдин даволаниб қайталанган силга қарши дори воситаларига сезувчан беморлар 8 ой даволаниш муолажаларини қабул қиладилар ва яна шу муддатда назоратда бўладилар. Силга қарши дори воситаларига турғунлик ҳолатлари кузатилган беморлар 18-24 ой даволаниш муолажаларини қабул қилганларидан сўнг, яна 12 ой давомида кузатувда бўладилар.

Сил касаллиги аниқланиб, диспансер ҳисобига олинган болалар биринчи ва иккинчи диспансер гуруҳларида катталардек тўлиқ даволаниш муолажаларини оладилар ва диспансер кузатувида бўладилар.

Учинчи диспансер гуруҳига фақатгина силга мойил, фаол сил беморлар билан мулоқатда бўлганлар, сил билан зарарланган (вираж), БЦЖ вакцинаси асоратлари аниқланган болалар ҳисобга олинадилар. Фаол сил беморлар билан мулоқатда бўлганлар ва сил билан зарарланган (вираж) болалар йилда икки маротаба яъни баҳор ва куз фаслларида профилактик кўриклардан ўтадилар. Юқоридаги гуруҳга кирувчи 6 ёшгача бўлган болалар 6 ой давомида кимёпрофилактик муолажаларига жалб қилинадилар.

САВОЛ-ЖАВОБ: Силдан самарасиз даволанишни қандай тушунса бўлади?

Силга қарши кураш муассасалардан соғайганлик билан диспансер ҳисобидан чиқарилган беморлар умумий тиббиёт муассасаларида 3 йил давомида ҳар йил скрининг флюорография текширувидан ўтиб, кузатувида бўладилар. Сил касаллигининг қайта хуружига шубҳа бўлса, фтизиатр билан маслаҳат қилиниб силга қарши кураш муассасага юборилиб тўлиқ текширувидан ўтказилади.

Яна скрининг флюорография текширувидан ҳар йили бир маротаба — силга мойил гуруҳ вакиллари, мажбурий гуруҳ вакиллари, сил билан мулоқотда бўлганлар, туғиш ёшидаги аёллар, нафақахўрлар, ногиронлар, якка ёлғизлар, никоҳланувчилар, жазо муддатини ўтаб қайтган шахслар, меҳнат мигрантлари, ҳомиладор ва чақалоқдагилар навбатсиз ўтишлари шарт.

А.Холдаров, вилоят силга қарши кураш диспансери бўлим мудири,

И.Абдужабборов, журналист