Инсонларни сил билан касалланиши қадим замонлардан бери маълум.

Инсон умуртқа поғонасида сил касаллиги белгилари, бундан 5 минг йил олдин яшаб ўтган одамларда аниқланган. Худди шундай ўзгаришлар эрамиздан 2-3 минг йил аввал яшаб ўтган Миср фиръавнлари танасида ҳам аниқланган. Гиппократ, Гален, Абу Али Ибн Сино томонидан йўтал, балғам ажралиши, қон туфлаш, озиш каби силнинг асосий симптомлари кўрсатиб ўтилган.

ТАВСИЯ ЭТАМИЗ: Кўз сили касаллиги: тасниф, ташҳис ва даво

Сил таёқчаси аниқланмасдан анча аввал, бу касалликнинг юқумли табиатга эга эканлиги маълум бўлган. Бундан минг йил аввал cил касаллиги юқумли эканлиги, у камбағаллар орасида, оғир шароитларда яшовчилар орасида кенг тарқалиши ҳақида дастлабки мукаммал маълумотларни буюк бобомиз Абу Али Ибн Сино ёритганлар. У зот минг йил бурун махсус асбоб ясаб, экссудатив плевритни пункция қилганлар ва суюқлик чиқариб олганлар. Шу касалликни сабабини сил деб кўрсатганлар. У кишининг «Тиб қонунлари» китоблари беш юз йилдан ортиқ Европалик олимлар учун беқиёс илм манбаи бўлиб келди.

Сил қўзғатувчиси. Сил қўзғатувчисини 1882 йилда немис бактериологи Р.Кох кашф этган. Ҳозирги вақтда сил қўзғатувчиси «сил микобактериялари» деб аталади.

БИЛАСИЗМИ?

ЖССТ тавсиясига биноан, 1982 йилдан бошлаб,  24 март-Халқаро силга қарши кураш куни деб эълон қилинган. Берлин шаҳрида Физиологлар жамиятида Р.Кох 1882 й. 24 март куни «Сил этиологияси» мавзусида маъруза қилди ва сил таёқчасини ҳаммага кўрсатди ва унга 1905 йилда Нобел мукофоти берилди.

Сил касаллиги қандай пайдо бўлган?

Р.Кох ижтимоий омилларга муҳим ўрин берган. «Сил касаллигига мойиллик, — деб ёзган эди Р.Кох — ёмон шароитда яшовчи, қувватсизланган танада юқори  бўлади. Ер юзида қоронғи, зах, яшаш шароитлари ёмон, кулбасига қуёш нури тушмайдиган  хонадонлар сақланиб қолса, сил касаллиги хеч қачон йўқолмайди».

Ўзбекистонда силга қарши ишларнинг ташкил этилиши. Ўзбекистонда фтизиатрия фан сифатида 1922 йилдан бошлаб, Ўрта Осиё давлат дорилфунунида тиббиёт куллиёти очилганидан сўнг ривожлана бошлади.

Сил касаллиги сурункали инфекцион касаллик бўлиб, гранулёматоз реакциянинг бошланиши ва организм турли системаларининг зарарланиши, турли-туман клиник аломатлари ва патологанатомик кўринишлар билан кечади. Сил ҳаммадан кўп тарқалган инфекцион касаллик. Бунга, бир томондан, касаллик кўзғатувчисининг ташқи муҳитда жуда кўп учраши сабаб бўлса, иккинчи томондан, одамда сил билан касалланишга анча мойиллик борлиги сабабдир.

Сил касаллигининг юқиш йўллари ва манбалари

Инфекциянинг асосий манбаи — 90-95 фоиз ҳолларда сил билан оғриган киши; қорамол эса — қўшимча манба саналади. Бемор хасталикнинг очиқ тури билан оғриганда, яъни сил микобактерияларини ажратганда, хавфли бўлиб қолади. Бунда соғлом кишининг СМБ ажратувчи билан узоқ вақт давомида мулоқотда бўлиши аҳамиятга эга. Бу ҳодиса, кўпинча оилада, хонадонда ёки микобактерияни ажратувчи бемор бўлган жамоада рўй бериши мумкин.

Сил, аксарият ҳаво-томчи йўли ва чанг орқали юқади, бунда микобактерия ўпкага нафас йўллари орқали (аэроген йўли 90-95 фоиз ҳолларда) тушади.

Маълумотларга кўра, сил бемор йўталганда ажраладиган 2 мингдан 5 мингтача томчи ҳавода осма ҳолатда бўлиши мумкин. Бу томчилар бемор аксирганда ва йўталганда 2 дан 9 метргача масофага тарқалиши мумкин. Емирилган ўпка силига чалинган бемор, балғами билан кунига 15-100 млн. сил микобактерияларини ажратиши мумкин. Сил касаллиги пайдо    бўлиши учун 1 дан 10 тагача сил микобактерияси бўлиши кифоя. Бу томчилар соғлом кишининг нафас йўлларида, рўзғор анжомларида, ўйинчоқларда қолади. Баъзан СМБ соғлом одамга алиментар йўл, яъни озиқ-овқатдан ҳам ўтади.

Касаллик алиментар йўл билан юққанда сил микобактериялари меъда шираси таъсирига учрайди. Бактериялар тирик қолганда, ичакка тушиб, регионар лимфа тугунларига ўтади, кейин қон оқимига қўшилади. Ҳазм йўллари, оғиз бўшлиғи, йўғон ва ингичка ичак, сил таёқчасининг организмга тушиши учун кириш дарвозаси бўлиши мумкин.

Сил билан касалланган ҳайвонлар ҳам инфекция манбаи ҳисобланади. Шу сабабли  сил қўзғатувчиси, пиширилмаган гўшт ва сут маҳсулотлари орқали одам организмига алиментар йўл билан тушиши мумкин.

Сил касаллигини даволаш ишларини ташкил этиш.

Сил беморларини даволаш силга қарши диспансер вазифаларининг асосидир. Фаол сил беморлар сил шифохоналарида даволанади. Шифохоналарда  албатта  рентгенологик, клиник, биоким-ёвий, бактериологик лабораториялар бўлиши лозим. Вилоят ва Республика тасарруфидаги шифохоналарда эса иммунологик, морфологик, радиологик текшириш бўлимлари ташкил этилади. Шифохоналарда сил беморларига берилаётган озиқ-овқатлар сифатига ва режасига катта эътибор берилади.

Республикамизда DОTS дастури тадбиқ қилиниши билан ҳамма шифохоналар силга қарши дорилар билан бекаму-кўст таъмин-ланди.

Сил беморларини даволашнинг иккинчи босқичи, умумий даволаш тармо-ғида (поликлиника, ҚВП) силга қарши санаторийларда ўтказилади.

Ҳозирги кунда Республикамизнинг ҳамма вилоятларида 6 та катта ёшдагиларга, 20 та болаларга мўлжалланган силга қарши санаторийлар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу масканларга беморларни танлаш қоидалари, кўрсатмалар 591-буйруқнинг 4 иловаси асосида олиб борилади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, санаторийда тиббий даволашдан ташқари, иқлим омиллари кенг қўлланилади.

Академик Ш.А.Алимов ғояси асосида, биринчи бўлиб, Ўзбекистон Республикасида 1958 йили Наманган вилоятида кўргазмали «Пахталик-кўл» даволаш-меҳнат санаторийси ташкил этилди. Мазкур тиббий муассасада сил беморлари иқлим, дори-дармон, озиқ-овқат давосидан ташқари, ҳар хил касб эгаллашади ва меҳнат қилишни давом эттиришади. Бу эса, беморда боқимандалик ҳиссини йў-қотади ва ўзининг кундалик турмуш тарзига тез қайтишига ёрдам беради. Ушбу тиббий ва касб реабилитацияси беморларни силдан тезроқ соғайишига муҳим омил эканлиги илмий изланишларда тасдиқланган.

Ш.Тўрақулов, 

вилоят силга қарши кураш  диспансери терапия бўлими мудири.

И.АБДУЖАББОРОВ, журналист

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube