Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти ташаббуси билан ҳар йили 24 март куни Жаҳон Силга қарши кураш куни (World Tuberculosis Day) нишонланади. Бу кун 1982 йилдан бери  Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Силга қарши кураш Халқаро Уюшмаси билан ўтказилади. 1998 йилда Жаҳон Силга қарши кураш куни БМТ томонидан расман қўллаб-қувватланди.

Маълумки, сил касаллиги 1993 йилда глобал муаммо деб эълон қилинган эди. Жаҳон Силга қарши кураш кунини нишонлашдан кўзланган асосий мақсад глобал  эпидемия тўғрисида одамларни огоҳлантириш ва бу касаликни таг томири билан йўқ қилишга эътибор қаратишдан иборат. Бу куннинг танланиши бежиз эмас. Чунки немис  микробиолог олими Роберт Кох (Robert Koch) 1882 йилнинг 24 март куни сил тайёқчаларини кашф қилган эди. Ўшанда у Берлин Физиология жамиятида маъруза қилар экан, касалликни қўзғатувчи микобактериялар, ёки Mycobacterium tuberculosis (Кох тайёчаси) хақида маълумот берган эди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда сил касаллиги туфайли бир йилда 1 миллион 600 мингга яқин киши вафот этади. Халок бўлаётганларнинг катта қисмини, тўғрироғи 95 фоизга яқинини ривожланаётган мамлакатлар аҳолиси ташкил қилади. Маълумотларга кўра, бошқа касалликлардан кўра ҳар йили сил касаллиги туфайли кўпроқ одамлар вафот этар экан. Сил билан боғлиқ аянчли вазият Африка мамлакатларида кузатилади. Жаҳонда кузатилаётган сил касалигининг 29 фоизи, касалик туфайли вафот этаётганларнинг 34 фоизи Африка ҳиссасига тўғри келади. Сўнги 15 йил мобайнида силга чалинувчилар сони мазкур қитьада кўпайиб ораётганидан хавотир олинади. Айни дамда Африкада ҳар юз минг кишидан 343 нафари сил касаллигига чалинган.

ТАВСИЯ ЭТАМИЗ:  Бу касаллик ҳақида нималарни биласиз?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йилда 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор Тараққиёт мақсадлари деб номланган хужжат  қабул қилди. Ўртага ташланган мақсадлардан бири  глобаль  сил эпидемиясини йўқ қилишдан иборат. 2014 йилда Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилотининг олий органи бўлмиш Ассамблея глобал эпидемияга қарши курашга қаратилган —    2016-2035  йилларга мўлжалланган  20-йиллик стратегия қабул қилди. Қабул қилинган стратегия доирасида 2030 йилга бориб сил касаллиги туфайли ўлимларни 90 фоизга камайтириш, касалликни эса 80 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Мутахассисларнинг фикрича, сил билан боғлиқ ўлимларнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун тиббиёт соҳасига молияларни аямаслик, янги дориларни яратиш керак. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Маргарет Чэннинг фикрича, касаллика қарши кураш кўнгилларни шод қилади, аммо жаҳон мамлакатлари эпидемияга барҳам бериш ниятида бўлса, у холда тиббий хизматни яхшилашлари керак.

Силга қарши глобал кураш тўғрисида эълон қилинган Ҳисоботга қараганда, дунё аҳолисининг учдан бир қисми сил бактериясига эга. Касаллик иммун тизими заиф бўлган инсонларда тез тарқалади. Сил касаллиги одамдан одамга ҳаво орқали юқади. Сил микобактериал таёқчалари организмга асосан нафас йўллари орқали киргани учун касаллик одатда ўпкага салбий таъсир қилади. Бемор йўталганда, аксирганда, гапирганда ёки тупурганда касаллик ҳаво орқали (юқади) тарқалади. Йўталиш, акса уриш орқали сил бактериялари ҳавога чиқади. Силга чалинган бемор бактерияни 10–15 кишига юқтириши мумкин. Тамаки чекиш сил касаллигини юқтиршни тезлаштиради. Силга чалиниш билан боғлиқ ҳодисаларнинг 20 фоизи айнан тамаки чекиш оқибатида келиб чиқади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг фикрича, касалликнинг тарқалиши аввал кутилганидан ҳам кўра тезлашиб бормоқда экан. Хабарларга қараганда, 2015 йилда жаҳонда 10,4 миллион киши силга чалинган. Шундан 1 миллион 800 минги вафот этган. Сил ўлимга олиб келувчи 10та касалликнинг бири экани тан олинган. Касалларнинг 60 фоизи олтита мамлаккат хиссасига тўғри келади. Бу борада Ҳиндистон олдинги ўринларда туради. Ундан кейин эса сил билан боғлиқ вазият Индонезия, Хитой, Нигерия, Покистан ва Жанубий Африка Республикасида аянчли экани айтилади. 2015 йилда 1 миллион нафар бола силга чалинган бўлса, уларнинг 170 минги вафот этди.

2000 йилдан бошлаб силга чалиниш билан боғлиқ вазият йилига 1,5 фоизга қисқараётгани айтилади. 2020 йилга бориб бу қисқариш 4–5 фоизни ташкил қилиши  борасида саъй-характлар қилинмоқда. Сил– сил микобактериялари қўзғатадиган хавфли ва юқумли касаллик бўлиб, нотўғри даволанганда узоқ вақт ишга лаёқатсизлик, ногиронлик ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Агар ўпка силига чалинган бемор ўз вақтида даволанмаса, аксарият ўпканинг юқори бўлакларида майда ўчоқчалар пайдо бўлиб, баъзан бутун ўпкага тарқалари ва ўпканинг бир қисми ирийди. Ўпка силидан ташқари суяк, бўғим, лимфа тугунлари, ҳиқилдоқ, буйрак, ичак, тери сили ҳам учрайди. Сил касаллиги ўз вақтида ва тўғри даволанса, бемор буткул тузалиб кетади. Сил касаллигини даволаш ва ундан батамом ҳалос бўлиш мумкин. Бунинг учун бемор шифокорларга мурожаат қилиши ва даволаш курсини ўташи керак.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2000 йилдан 2015 йиллар оралиғида силга чалинган 49 миллион кишининг ҳаёти сақлаб қолинди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда ва улар ўз ҳаётий самараларини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида бу соҳадаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Жаҳон тиббиётининг илғор усуллари ва воситаларидан самарали фойдаланилмоқда.

 Шарофиддин Тўлаганов

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube