Туберкулёз нафақат ўпка, балки бошқа аъзолар, шу жумладан буйракда ҳам бўлади.

Буйрак туберкулёзи одам организмида аста-секин ривожланиб боради. Шу боис бўлса керак, беморларнинг аксарияти туберкулёзга чалиниб қолганини сезмайди. Узоқ вақт давомида бошқа касалликлар, хусусан, сурункали пиелонефрит, цистит, буйрак тоши, радикулитдан самарасиз даволанадилар. Касаллик тарқалиб, буйрак фаолияти сусайгандан сўнг асоратлар келиб чиқиши натижасида беморларга жарроҳлик муолажалари ўтказиш лозим бўлади. Буйрак туберкулёзи қанча кеч аниқланса, соғайиш шунча қийин кечади.

Буйрак туберкулёзи ҳам юқумли касалликлар сирасига киради. Касалликни сил микробактериялари келтириб чиқаради. Туберкулёз микробактериялари атрофга осон тарқалади. Бемор балғами, пешоби, ярадан чиқаётган йирингда кўп миқдорда учрайди, шу тариқа ташқи муҳитга тез ёйилади. Одамга нафас йўллари ва ҳазм қилиш аъзолари орқали юқиши мумкин. Туберкулёз касаллиги насл сурмайди.

Буйрак сили сурункали касаллик бўлиб, клиник белгилари микроб юққандан бошлаб беш-ўн йилдан кейин намоён бўлади. Касаллик ривожланиши учун микробактерия юққан организмда ҳимоя воситаларини заифлаштирувчи биологик шароитлар мавжуд бўлиши керак. Буйрак сили белда ўтмас оғриқ, иштаҳа йўқолиши, дармонсизлик билан бошланади. Бемор кечалари терлайди, озади, бел соҳаси тез-тез ачишиб, пешоб пайдо бўлади. Касалликни вақтида, илк босқичида аниқлаш учун ўзида баъзи аломатларни сезган киши шифокорга мурожаат қилиши ва урологик текширувдан ўтиши лозим. Шундагина соғайиб кетиш имконияти кўп бўлади.

Ҳозирги вақтда барча шаҳар ва туман поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари, касалхоналар замонавий микроскоп ва ультратовуш текшириш асбоблари билан жиҳозланган. Ультратовуш ускунаси инсон организмига ҳеч қандай зарар етказмайди. Фан-техника тараққиёти буйрак туберкулёзини эрта аниқлаш билан бирга, самарали даволаш имкониятларини ҳам яратиб беради. Бироқ якуний натижа кўп жиҳатдан беморнинг ўзига, турмуш тарзи ва иродасига, шифокор кўрсатмаларига амал қилишига боғлиқ. Касаллик авж олган босқичда беморни албатта касалхонага ётқизиш, соғайиб чиққандан кейин махсус диспансерда даволанишини давом эттириш зарур.

http://silning-davosi-bor.uz/?p=168
ТАВСИЯ ЭТАМИЗ: Сийдик ажратиш-жинсий аъзолар сили хавфли асоратлар қолдирадими?

Ҳозирги замон тиббиёти ўндан ортиқ буйрак туберкулёзига қарши таъсирчан дориларга эга бўлиб, касалликнинг клиник турига қараб бирга ишлатилади. Аммо дори-дармонларни фақат даволовчи шифокор маслаҳати билан ва назорати остидагина қабул қилиш лозимдир.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, беморга барча дори-дармонлар давлат ҳисобидан бепул берилади. Буйрак туберкулёзини даволашда уч-тўрт хил дори бирга қабул қилиниши яхши натижа беради. Дорилар таъсири остида касаллик таёқчалари парчаланиб, тез вақт ичида буйракларда пайдо бўлган яллиғланиш тўхтайди. Бемор бутунлай соғайиб кетиши учун саккиз-ўн ой вақт талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бемор дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилмаса, туберкулёз таёқчалари шароитга мослашиб, уларнинг таъсир кучини йўқотади.

Миразим ҲАКИМОВ,

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази катта илмий ходими.