Кейинги йилларда мамлакатимизда сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш бўйича бир қанча амалий ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, USAID ташкилотининг Project HOPE лойиҳаси кўмагида фтизиатр ва пульмонолог     шифокорларнинг малакасини оширишга қаратилган эътибор, ушбу касалликни даволашга ихтисослашган касалхоналарни техник таъминоти ҳамда аҳолини сил касаллиги ҳақидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилиб келинаётган ўқув семинарлар, акция ва ижтимоий лойиҳаларнинг барчаси амалий аҳамияга эга.

Лекин ҳар қандай касалликнинг олдини олиш, инсон саломатлигининг мустаҳкамлиги кўп ҳолларда ўзимизга боғлиқ бўлади. Бунинг учун касаллик тўғрисида маълумотга эга бўлиш соғлигимизга бўлган эътиборни янада кучайтиради. Бугунги мавзуимиз ҳам аҳоли кенг қатламига мўлжалланган бўлиб, сил касаллиги тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтишни лозим кўрдик. Мавзу юзасидан саволлар асосида Хоразм вилояти силга қарши кураш диспансери болалар бўлими мудираси Зеваржон опа Жумановага юзландик.
Сил қандай касаллик?
Сил (туберкулёз) – сил микобактерялари қўзғатадиган хавфли ва юқумли касаллик бўлиб, микобактериал таёқчалар асосан организмга нафас йўллари орқали киради. Шунинг учун сил касаллиги одатда ўпкага салбий таъсир қилади. Бемор йўталганда, аксирганда, гапирганда ёки тупурганда касаллик ҳаво орқали (юқади) тарқалади.
Агар ўпка силига чалинган бемор касалликни бошланғич даврида даволанмаса ўпкадаги жараён ўпка тўқимасининг кўп қисмига тарқалиши мумкин. Ушбу касаллик нотўғри даволанганда узоқ вақт ишга лаёқатсизлик, ногиронлик ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.
Мазкур касалликнинг турлари мавжудми?
Тиббиётда ўпка силидан ташқари суяк, бўғим, лимфа тугунлари, ҳиқилдоқ, буйрак, ичак, кўз ва тери сили ҳам учрайди. Яъни сил касаллиги соч ва тирноқдан бошқа барча орган ва тўқималар, яъни ўпка, бош мия, кўз, тери, суяк, бўғимлар ва лимфа безлари, ичак, буйрак, жинсий аъзоларни ҳам зарарлайди.

Сил касаллиги ўз вақтида ва тўғри даволанса, бемор буткул тузалиб кетади.

Касалликнинг белгилари

Касаллик – секин ривожланади ва узоқ давом этади. Аммо унинг ўткир ва тез зўраядиган шакллари ҳам мавжуд бўлиб, у ўз вақтида аниқланса ҳамда тўғри даволанса, шунингдек, ривожланишининг бошланғич давридаёқ тўхтатиб, ўпка ва бошқа аъзолардаги катта участкалар парчаланишининг олдини олиш мумкин.
Сил касаллигининг ривожланишида йўтал, қувватсизлик, кўп терлаш, кўкрак қафасида оғриқ, иштаҳа камайиши, озиб кетиш, тез чарчаш каби белгилар кузатилади. Касалликнинг бундай белгиларига кўпинча одамлар эътибор қилмайди ва шифокорга мурожаат этмайди ёки бўлмаса мустақил даволанишга уринишади. Кейинчалик юқорида кўрсатилган барча белгилар зўраяди, уларга қонли балғам кўчиши ҳам қўшилиши мумкин.
Йўтал силга кўпроқ хос белгидир. Агар йўтал уч ҳафтадан кўп давом этса, йирингли йўтал, баъзида қон аралаш йирингли йўтал кузатилса у ҳолда дарҳол умумий профилдаги тиббиёт муассасасига мурожаат этиш ва силга текшириш лозим.
Сил касаллигига тез ва тўғри ташҳис қўйиш ҳамда даволаш мумкинми?
Касалликни ташҳислашнинг  энг ишончли ва мураккаб бўлмаган усули балғамни сил бактерияларининг мавжудлигига текширишдир. Тиббиёт ходими кузатувида эрталабки балғамни йиғиш керак. Балғамнинг 2 кун давомида йиғилган учта муайян миқдори текширилади. Болаларда ташҳислашнинг яна бир усули туберкулин синамаси қилишдир. Мазкур усул зарарсиз бўлиб организмнинг сил микробактериялари билан зарарланганини билиш мумкин. Деярли барча янги аниқланган сил касаллиги чалинган беморларни силга қарши дорилар билан даволаш мумкин. Даволаш курси 6-9 ойгача бўлиб, бу курсни

МУТАХАССИС МИНБАРИ: Сийдик ажратиш-жинсий аъзолар сили хавфли асоратлар қолдирадими?

амбулатория шароитида ҳам якунига етказса бўлади. Даволаш курси бошлагандан 2-3 ҳафтадан сўнг бемор ўзини яхши ҳис қила бошлайди, лекин тўла соғайиб кетиш учун у даволаш курсини якунига етказиши лозим. Агар бемор дориларни ичмай қўйса, ёки орада курсни тўхтатса, сил касаллиги яна қайталаниши ва бу сафар даволаш жараёни қийинроқ бўлиши мумкин. Касалликнинг ўз вақтида аниқланиши муваффақиятли даволаниш гарови бўлиб, хасталик белгилари пайдо бўлиши биланоқ, дарҳол умумий профилдаги тиббиёт муассасаси – оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пункти ёки тегишли бўлган касалхонага мурожаат қилиш зарур.
Мазкур касаллик давоси бор касаллик саналади. Уни даволаш жараёнида мутахассислар томонидан кучли назорат ўрнатилиши лозим, яъни тиббиёт ходимлари беморнинг дори ютиш жараёнини доимо кузатиб туришлари керак. Бу муваффақиятли даволашнинг энг асосий шартидир, чунки кўпчилик беморлар зарур дориларни ўз вақтида қабул қилишни унутиб қўядилар. Бемор дори қабул қилишини назоратга олиш, даволашни узлуксиз давом эттириш ва 4-5 хил дори-дармон қабул қилиш сил касаллигини даволашнинг асосий тамойиллари саналади.
Бемор соғайиб кетганини қандай билиши мумкин?
Беморнинг саломатлиги ҳолатини текшириш учун даволаниш курси бошлангандан 2 ойдан сўнг унинг балғами текширилади, ундан сўнг олти ойлик даволаниш курси якунида яна бир бор шу усулдан фойдаланган ҳолда унинг соғайиш даражаси баҳоланади.
Беморнинг охирги топширган балғамда фаол сил таёқчасининг ҳеч қандай белгиси топилмаса, у бутунлай соғайиб кетган бўлади.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу касаллик ирсий ёки тузалмайдиган касаллик эмас. Бу касаллик билан ҳар биримиз касалланишимиз ва ўша биз четлатаётган беморнинг ўрнида бўлишимиз мумкин. Шунинг учун бирор ҳамкасбимиз, танишимиз ёки оила аъзоларимиз бу касалликка чалинса, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, тузалишига ишонтириб, ўз вақтида тўлиқ даволанишига шароит яратиб беришимиз зарур. Шунда биз  беморнинг ҳам, ўзимизнинг ҳам соғлигимизни сақлаган бўламиз.

Суҳбатдош журналист Дилрабо Курязова

Подробнее: Glary Utilities ключ скачать бесплатно