Абу Али ибн Сино тиббий асарларидан бирида инсоннинг саломатлиги ўз қўлида эканлигига тўхталиб,

«Шабада эсиб турган жойни маскан қил, боиси ўпкангга тоза ҳаво етиб борсин, тутундан нафас олма, шунда соғлом бўласан, кўзларингни ҳам буғлардан асра» деган экан.
Шунинг учун ҳам сил хасталигидан сақланишнинг ягона чораси гигиенага амал қилишдан иборат эканини замонавий шифокорлар ҳам таъкидлашмоқда.

Фарғона вилоят сил касалликларига қарши курашиш диспансерида сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш бўйича янгича усуллардан фойдаланилмоқда. Силни барвақт аниқлашда Германиянинг Мюнpхен шаҳридан келтирилган дунёдаги энг кучли ўнта лабораториядан биттаси «Миллий референс» мажмуаси ишлаб турибди. Ушбу лаборатория кўмагида силнинг барча турларини эрта аниқлаш имкони яратилган.

-Ўпка силидан ташқари туберкулезнинг ўндан ортиқ турлари мавжуд бўлиб, айниқса урологик ва гинекологик аъзоларда кўп кузатилмоқда. Ҳозирда буларни замонавий усулда асоратсиз даволаш учун барча имкониятларимиз етарли,-дейди диспансер бош врачи А. Юсупов.
Маълумки, силга чалинган беморга дастлабки ташхис нотўғри қўйилса, силнинг яширин турга ўтиб ривожланиши кучаяди. Сил касаллигини кўп ҳолларда сурункали цистит, пиелонефрит, простатит ва гинекологик касалликлардан ажрата олиш муҳимдир. Бунинг учун чуқур ва аниқ текширувлар ўтказилаётганлиги яхши натижалар бераяпти. Диспансерга кейинги йилларда олиб келинаётган замонавий тиббий асбоблар мутахассис шифокорлар ишини анча енгиллаштирмоқда.
Фарзанд кўрмаётган аёлларнинг аҳволи ўрганиб чиқилганда, уларнинг 65 фоизгача бўлган қисми сил сабабли бепуштликка учраётганлиги маълум бўлди. Улар сил аниқлангунча 8-10 йил гинекологлар ва турли табибларда даволаниб юришади ва кераксиз жарроҳлик амалиётларини ўтказадилар.
— Эндиликда асосий мақсадимиз — ўз вақтида мутахассис шифокорга мурожаат қилиш зарурлигини одамларга тўғри тушунтириш ва касалликнинг олдини олишдир-дейди бўлим мудираси Э. Ғуломова.