Сил касаллиги  юқумли касаллик ҳисобланиб, уни сил таёқчалари (Кох бактерияси) келтириб чиқаради.

Бу касалликнинг ўзига хослиги сурункали тўлқинсимон кечиши билан бошқа хасталиклардан ажралиб туради.

«Туберкулёз» терминини илк бор француз олими Лаенник таклиф қилган бўлиб, унинг лотин тилидаги маъноси «Бўртмача» маъносини англатади. Сил касаллигини келтириб чиқарувчи бактерияларни Немис олими Роберт Кох биринчи бўлиб 1882 йил 24 мартда кашф этган.

Қизиқарли томони шундаки, ОИВ (ОИТС) инфекцияси организмда янги дунёга келган вирус геномаона вирус геномидан фарқли бўлиб, кўпайиш хусусиятига эга. Сил касаллигида ҳам сил таёқчаларини сил дориларига чидамли тури (L-формаси, МЛУ, ШЛУ) пайдо бўлиши мумкин. Лекин ОИВ (ОИТС) инфецияси билан зарарланган инсонларга ҳозирги кунда давоси топилгани йўқ, аксинча сил касалланган беморларга даво чоралари аниқланиб, ҳозирги кунда сил беморлари бу дарддан даволаниб оиласи даврасига қўшилиб юришмоқда.

Касаллик қўзғатувчилари, асосан сил билан хасталанган (сил микробактерияларини ажратувчи) бемор одам ҳисобланади. Юқиш йўллари ҳаво-томчи, ҳаво-чанг, алиментар йўллари ҳисобланади. Бемор йўталганида, аксирганида оғиз-бурундан балғам ва сўлак томчилари атроф-муҳитга тушиб, тарқалади ва соғлом одамлар нафас йўлларига кириб касаллик келтириб чиқариши мумкин. Сил микобактерияларини ажратувчи бемор балғамида 1 суткада ўртача 15-20 млн. сил таёқчаси ажратилиши мумкинлиги аниқланган. Одам кўп тўпланадиган жамоат жойларида, айниқса метро, автобус, трамвайларда ҳаво-томчи йўли ўта хавфли ҳисобланади. Ундан ташқари балғам ва сўлак томчилари атроф-муҳит предметларига тушиб қотиб, яна чанг заррачалари билан ҳавога кўтарилиб, инсонларни зарарлантириши мумкин. Алиментар йўл билан сил билан касалланган қорамол сути, гўшт маҳсулотлари истеъмол қилинганда юқиши мумкин.

Сил микобактерияси деярли барча инсонлар организмида учраши мумкин, лекин барча инсонлар хасталанмайди. Чунки нисбатан мойиллик бўлган тақдирда касаллик келиб чиқади. Силга мо-йиллик-бу инсон организми касалликка қарши кураш қобилияти яъни иммунитетига боғлиқдир. Тез-тез шамоллаб турадиган, узоқ муддат гормон қабул қилган, қандли диабет, руҳий, гиёҳванд, спиртли ичимликларни кўп қабул қилувчи, тамаки чекувчи, орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС) каби касалликлари билан оғриган шахслар ва ижтимоий шароити оғирлар, кўп вақт совуқ шароитида меҳнат қиладиганлар, ёши улғайган инсонлар сил билан хасталаниш хавфи юқори гуруҳларга киради.

Сил касаллигинниг қўзғатувчилари нафас олиш ва ҳазм қилиш системаси орқали организмга тушиб, асосан ўпка тизимини шикастлайди. Баъзан касаллик кўз, тер, лимфа тугунлари, жинсий ва сийдик йўлларини зарарлайди.

Даволаш жараёнида мунтазам равишда балғам сил таёқчаларига текширилиб турилади. Силни самарадор даволаш учун шифокор кўрсатмалари аниқ, ўз вақтида бажарилиши керак. Ҳозирги замонда силга қарши бир қанча дорилар мавжуд бўлиб, улар сил таёқчалари ўсиши ва кўпайишини тўхтатади. Агарда беморлар врач-фтизиатрлар маслаҳатини писанд қилмасдан дориларни пала-партиш қабул қилсалар дориларга турғунлик ҳосил бўлиши юзага келади.

Ҳозирги кунда вилоятимизнинг Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Бешариқ, Бувайда ва Риштон туманларида сил касаллигини эрта ва дори дармонларга турғун бўлган шаклларини тезкор генетик усул билан аниқлайдиган 6 дона замонавий «Gene-Xрrert» аппаратлари ўрнатилиб, доридармонларга (биринчи қатор дориларига кирувчи Рифампицинга) турғун бўлган шаклларини тезкор аниқлашга эришилмоқда. Ушбу аппаратлар билан 2 соат мобайнида керакли таҳлил натижаларини 99 фоизга олишимиз мумкин. Бундан ташқари, вилоят силга қарши кураш диспансери қошида ташкил қилинган водий аҳолиси учун хизмат кўрсатадиган бактериологик лаборатория бўлимида Германиядан келтирилган замонавий аппаратлар мавжуд.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, сил билан касалланган беморлар даволаниш алгаритмларига риоя қилмасликлари натижасида келгусида барча дориларга (биринчи ва иккинчи қатор) турғунлик пайдо бўлишига ва бутун умр соғлом инсонларга юқтириб юришига сабабчи бўлиши мумкин.

Н. АҲМЕДОВ, 

вилоят силга қарши кураш диспансери ташкилий-услубий бўлим мудири.

И.АБДУЖАББОРОВ, журналист