Сил касаллиги инсоният билан бирга яшаб, унинг ҳаёти, ривожланишига доимий равишда тўсиқ бўлиб келаётган юқумли касалликлардан биридир. 

Бу касаллик тўғрисида Шарқнинг буюк табиби Абу Али ибн Сино тўхталиб «Сил-бу юқумли касаллик, уни соғлом одамлардан ажратиш керак, бу касаллик билан иқтисодий жиҳатдан ночор инсонлар кўпроқ касалланадилар», деб таърифлаган.

 «АҚШ» халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг Ўзбекистондаги силга қарши курашиш дастури» асосида сил касаллигини эрта аниқлаш, ногиронликнинг олдини олиш чора-тадбирларига оид янгиликлар ҳақида маълумот олиш учун вилоят 94-сонли фтизиатрик ТМЭК эксперт-фтизиатри Б. Мамажонов билан суҳбатлашдик.

-Сил касаллигининг қўзғатувчиси ҳақида батафсил маълумот берсангиз?

Сил касаллиги сурункали кечувчи юқумли касаллик ҳисобланиб, қўзғатувчиси-сил микобактериялари ҳисобланади. Ҳозирги кунда сил микобактерияларининг бир неча гуруҳи аниқланган бўлиб, инсонларда касаллик қўзғатадиган турлари асосан инсон (m. tuberculоsis antrороcis) ва қорамол (т. tuberculоsis bоvis) турлари ҳисобланади. Бундан ташқари микобактерияларнинг қуш (m. tuberculоsis avis) ва кемирувчи (т. tuberculоsis melitensis) турлари ҳам мавжуд бўлиб, улар иммун тизими ўта пасайиб кетган ва ОИВ билан касалланган беморларда касаллик қўзғатиши мумкин. Инсон сил касаллиги қўзғатувчисидан ташқари микобактерияларнинг ўзига хос хусусияти — улар ўпкадан ташқари аъзолар сил касаллиги (масалан, сил лимфаденити)ни қўзғотадилар.

Сил микобактериялари организмда касаллик қўзғатганда, ўртача 85 фоиз ҳолларда ўпка сили ривожланади. Шунинг учун сил касаллиги деганда, халқ орасида ўпка сили тушунилади. Аммо 15 фоиз ҳолларда ўпкадан ташқари аъзолар сил касаллиги кузатилиши ҳам мумкин.

-Касаллик белгилари ва унга қарши қандай курашиш зарур?

-Шуниси эътиборлики, сил касаллигининг бошқа кўпчилик юқумли касалликларга ўхшаб, патогномоник белгиси йўқ. Касаллик аста-секин бошланади, клиник белгилар аста-секин кучайиб боради. Ўз вақтида текшириш олиб борилиб, сил касаллигини аниқлаб, унга қарши даволаш муолажалари бошланмаса, касаллик ривожланиб бораверади ва охир-оқибат узоқ вақт ногиронлик ҳамда ўлимгача олиб келиши мумкин.

Кўпинча беморлар ўз соғлиқларининг аста-секин ёмонлашиб бораётганликлариги ўрганиб борадилар ва оғир ҳолатда бўлишлариги қарамасдан фаол шикоят билдирмасликлари мумкин. Беморлардаги дастлаб унча қийнамайдиган балғамли йўтални тез-тез шамоллашга, иқлимга, ҳансирашни ёши улуғлигига, тамаки чекишга, озиб кетишни-иш билан бўлиб, яхши овқатланмай қўйганлигига осонгина боғлаб олишлари мумкин. Бунга атрофдагиларни ҳам ишонтира оладилар. Бироқ 1та бацилляр бемор бир йил мобайнида 12тадан 20 тагача соғлом одамга касаллик юқтириши мумкинлигини эътиборга олсак, хавф қанчалик даражада юқорилигини тушуниб етишимиз мураккаб бўлмайди.

Ўпкадан ташқари аъзолар сил касалликлари билан беморларда шикоятлар зарарланган аъзолар касалликларига хос шикоятлар билан врачларга мурожаат қиладилар. Масалан, буйрак сили билан беморларда белда тумтоқ оғриқлар, тана ҳарорати кўтарилиши, сийганда ачишиш ва ҳоказо белгилар билан бемор мурожаат қилганда, ҳакимлар томонидан кўпинча «Сурункали пиелонефрит», белдаги оғриқларнинг оёқларгa берилиши, юриш, эгилиб-туриш қийинлашганлиги билан мурожаат қилганда «Остеохондроз» ташхислари қўйиб, шу ташхисларга мос равишда даволаш буюраверадилар. Дифференциал ташхис деярли қилинмайди. Носпецифик даволашдан бемор аҳволи қисман яхшиланиши кузатилади. Худди шу ҳолат беморни ва уни даволаётган врачни алданишига сабаб бўлади. Сил микобактериясига таъсир қилинмаганлиги оқибатида асосий касаллик аста-секин ривожланишда давом этаверади. Бир қанча вақтдан сўнг беморда юқоридаги шикоятлар қайталанади. Бу пайтга келиб, беморда асоратлар ҳам ривожланиши кузатилади. Сил касаллиги аниқланганда эса, даволаш муолажалари олиб бориш ишлари анчагина мураккаблашиб кетади.

Эрта аниқланган сил касаллигини ҳеч қандай қийинчиликларсиз, аксарият амбулатор шароитларда 6-9 ой мобайнида даволаб, тузатиш мумкин. Даволаш самараси юқори бўлиб, касаллик асоратлари кузатилмайди ва бемор ўз ҳаёт фаолиятини тўлақонли давом эттириши мум-  кин.

— Касаллик кеч аниқланганда бемор ҳаётини асраб қолиш мумкинми?

-Ҳа, касаллик кеч аниқланганда, уни даволаш самараси пасайиб кетади ва бемор ҳаётини асраб қолишга ҳаракат ҳамда асоратларни камайтириш чора-тадбирлари даволаш ишларини анча мураккаблаштириб юборади. Баъзан кўрилган чора-тадбирлар умуман самара бермаслиги ҳам мумкин. Бунинг оқибатида бемор ҳалок бўлиши ёки бир умрга ногирон бўлиб қолиши мумкин.

Шунингдек, ҳозирги кунда бутун дунёга ўз хавфини солиб турган  Глобал муаммолардан бири — силнинг дориларга чидамли турларининг кўпайиб бораётганлигидир. Уларнинг пайдо бўлишида даволаш муолажалари охирига етказилмаган беморлар организмида тирик қолган сил қўзғатувчиларининг келажакда ўз структурасини ўзгартириши, бу ўзгарган микобактерияларнинг кейинчалик кўпайиши сабаб бўлади. Бунинг оқибатида сил касаллиги янги куч билан давом этади ва унга асосий силга қарши препаратлар таъсир этмайди. Дориларга чидамли сил касаллигини даволаш қўшимча силга қарши препаратлар ёрдамида амалга оширилади.  Натижада уни даволаш жуда мураккаб ва ўта кўп маблағни талаб қилади. Даволаш муддати ҳам узоқ  давом этади. Агар ҳудди шундай бемордан соғлом одам касаллик юқтириб олган бўлса, келажакда унда ҳам силнинг бирламчи дориларга чидамли тури ривожланади.

Сил касаллигидан ўлим ва ногиронликнинг олдини олишнинг энг самарали усули-сил касаллигини эрта муддатларда аниқлашдир.

-Сил касаллигини эрта аниқлаш ва ногиронликнинг олдини олиш борасидаги вазифаларга тўхталсангиз?

— Ҳозирги кунда вилоятда сил касаллигининг барча ривожланиш босқичлари ва турларини аниқлаш учун шароитлар етарли. Вилоятда силдан ногиронлик ва ўлим кўрсаткичларини янада пасайтириш учун имкониятларимиз бор.

Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

Барча умумий амалиёт ҳакимлари томонидан участкадаги аҳоли ўртасидаги яқинликни кучайтириш, мунтазам равишда учрашиб туриш, суҳбатлар ўтказиш ва бу жараёнда ҳар бир нарсага эътиборли бўлиш (фаол патронаж пайтида оиладаги шахсларнинг ҳеч бўлмаса ташқи кўринишига (масалан озиб кетаётганлигига) эътибор қаратиш).

Қабул жараёнида ҳар бир шикоятни эътибор билан эшитиш, уларни амбулатор картага киритиб бориш ва илгари қилинган ёзувлар билан солиштириш, илгари ўтказилган даволаш самараси ва ундан бир қанча вақт ўтгандан сўнг яна худди шу белгилар қайталанаётганлигига эътибор қилиш.

Беморда кузатилаётган клиник белгилар дифференциал диагностикаси билан жиддий шуғулланиш.

Айнан бир хил шикоятлар билан қайта мурожаат қилиб келаётган беморларни чуқур текшириш, керак бўлган ҳолларда мутахассислар маслаҳатини олиш ва биргаликда кўриш.

Сил касаллиги туфайли «Д» назоратига олинган ва ҳозирда амбулатор шароитда даволаниш ўтказилаётган беморлар билан мунтазам равишда мулоқот ўтказиб бориш, кузатув мобайнида кўрилган ҳар бир ўзгаришларни амбулатор картага киритиб бориш, зарур ҳолларда фтизиатрга хабар бериш.

Амбулатор шароитда белгилаб берилган барча силга қарши препаратларни ўз вақтида бемор томонидан қабул қилиб борилишига эришиш. Препаратлардан ку-затилаётган ножўя таъ-сирлар тўғрисида (агар шундай ҳол кузатилса) фтизиатрга зудлик билан хабар бериш керак.

Суҳбатдош Ҳасанбой АБДУЖАББОРОВ, журналист

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube