Сил касаллиги сурункали инфекцион касаллик.

У грануляматоз реакциянинг бошланиши ва организмнинг турли системаларнинг зарарланиши, ҳар хил клиник белгилар ва турли патогномоник кўринишлар билан кечади.

Касаллик қўзғатувчиси-сил таёқчаси: Micоbacterium tuberculоsis. Кох бацилласи. Одам учун асосан одам ва қорамолда учрайдиган турлари патоген.

Касаллик манбаси-микобактерияларни ташқи муҳитга ажратувчи касал одам ва ҳайвон. Сил юқишининг энг кўп учрайдиган йўли-аэроген, яъни ҳаво-томчи йўли. Аммо касаллик зарарланган тери, шиллиқ қаватлар ва меъда-ичак орқали (сил билан касалланган сигир сутини хомлигича ичиш орқали) юқиши ҳам мумкин. Лекин организмга инфекция тушишининг ўзи камлик қилади. Сил билан касалланиш учун бир қанча омиллар керак бўлади. Улардан ижтимоий, маиший омиллар (организмнинг касалликка қарши кураш қобилятини-иммунитетнинг пасайиши, ночорлик, одамлар ғуж бўлиб яшаши, етарлича овқатланмаслик, овқатнинг сифатсизлиги, стресслар, одамнинг инфекцияли муҳитда узоқ бўлиши, юқори намлик ва зах жойда истиқомат қилиши), касбининг хусусиятлари, организмнинг ҳамроҳ касалликлари: қандли диабет, руҳий касалликлар, гормон препаратларини узоқ вақт мунтазам истеъмол қилиш, ОИТС, меъда- ичак яра касаллиги, ўсма касалликлари, нурланиш каби омиллар сабаб сил касаллиги ривожланади.

Соғлом инсонлар организмида ҳам сил микобактериясини топиш мумкин, лекин хамма инсонлар касал бўлмайди. Организм иммун тизими сусайган одамда сил касаллиги ривожланади. Касалланганларнинг 75-80 фоизида силнинг ўпка шакли ривожланади, қолган 20-25 фоиз беморларда ўпкадан ташқари шаклида кечади. Сил микобактериялари барча аъзоларни: нерв тизими, лимфа тугунлари, сийдик ажратиш тизими, жинсий аъзолар, кўз, тери, ичаклар зарарланиши туфайли ўпкадан бошқа аъзолар сили тиббиётнинг энг долзарб муаммоларидан бирилигича қолмоқда.

Ўпкадан бошқа аъзолар сили муаммолари кўп бўлиб, булар касалликнинг клиник намоён бўлишидаги хилма-хилликка, диагностикасидаги қийинчиликларга ва умумий тиббиёт ходимларининг мазкур касаллик ҳақида билимларининг етишмаслигига ва фтизиатрия соҳасида эришилган ютуқлардан бехабарлигига боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, Фтизиатрия ва пулмонология илмий текшириш институтининг махсус бўлимларида ЎБА силининг диагностикаси ва даволаш бўйича самарали илмий ишлар амалга оширилмоқда. Булар ичида ЎБА сили аниқлашда замонавий нур билан текшириш усуллари, шулардан суяк-бўғим силида термография, эхография, эхоостеометрия, молекуляр спектроскопия усуллари, қорин лимфа тугунлари силида лапароскопия, сийдик тизими силида УТТ усулларининг ишлаб чиқилиши, шулар қаторида замоновий бактериологик, ПЗР усулларининг, иммунофермент таҳлилларинг жорий этилиши фикримиз исботидир. Бундай ишланмалар нафақат пойтахтда балки, вилоятимизда ҳам амалга оширилмоқда. Сўзимиз исботи сифатида Фарғона вилоят силга қарши кураш диспансерида фаолиятини бошлаган урогенитал ва ўпкадан бошқа аъзолар сили, суяк жарроҳлик бўлимини яққол мисол бўла олади. Шифохонамизда ташкил этилган ва водий аҳолисига хизмат кўрсатувчи рефференс лабораторияда ўрнатилган замонавий Gene Xрert MBT/Rif  ва HAIN TEST жиҳозларидан фойдаланиш туфайли сил касаллигининг ҳар қандай шаклини аниқ ташхислаш учун шифокорларга улкан ёрдам бермоқда.

А.ЮСУПОВ, вилоят силга қарши кураш диспансери бош врачи,

Ҳ.АБДУЖАББОРОВ, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.