ДОТС НИМА?

Қисқа курсли бевосита кузатиладиган терапия (ДОТС) силга қарши курашнинг энг самарали усули ҳисобланади.

ДОТСнинг бешта асосий тамойили бор:

— сил касаллигини узлуксиз назорат қилиш фаолиятлари давлат томонидан қўллаб-қувватланиши;

— тиббий муассасага ушбу касаллик билан ўзи мурожаат қилган симптоматик беморлар орасида балғамни микроскопия қилиш ёрдамида касалликни аниқлаш;

— балғамда сил мавжудлиги тасдиқланган деярли барча беморларга олти ойдан саккиз ойгача бўлган стандартлашган даволаш режимини киритиш, шу билан бирга, даволаш курсини ҳеч бўлмаса биринчи икки ой жараёнида (ДОТС) бевосита кузатув остида олиб бориш;

— барча асосий антисил дори воситаларнинг узлуксиз ва мунтазам таъминоти;

— ҳар бир беморнинг даволаш натижаларини ва умумий сил касаллигини назорат қилиш дастурини баҳолаш имкониятини берадиган стандартлашган ҳисобот ва ҳужжатлаштириш тизими.

ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

— Хавф остидаги аҳолини Манту синамаси ёрдамида силга текшириш, агар натижалар орқали касалликнинг мавжудлиги аниқланса, бинокуляр микроскоп билан балғамни текшириш ёрдамида сил таёқчаси мавжудлигини тасдиқлаш;

— сил касаллиги тасдиқлангач, 6 ойлик стандарт даволаш режимини бошлаш.

ДАВОЛАНИШ ЖАРАЁНИНИНГ КУЗАТУВЧИСИ КИМ БЎЛАДИ?

ДОТС дастурдаги «бевосита кузатув» элементининг энг асосий қисми «даволаш жараёнининг кузатувчи»сини тайинлашдан иборат.

Кузатувчининг вазифаси беморни кузатиш ва бемор дорисини қабул қилса, буни дарҳол тиббий ҳужжатига қайд қилишдан иборат. Шунингдек, кузатувчи беморнинг даволанишни давом эттиришини рағбатлантириб туриш кўникмаларига эга бўлади. Даволаниш жараёнининг кузатувчиси ҳар ойда бемор учун дори-дармон олади ва ҳар қандай дори қабул қилиш қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари бўйича маҳаллий тиббий муассасага ҳисобот беради. Кузатувчининг асосий мажбуриятларидан кўриниб турибдики, бу лавозимга тиббиёт ходими тайинланиши шарт эмас, лекин кўпгина ҚВПларда айнан тиббиёт ходимлари даволаниш жараёнининг кузатувчиси вазифасини ўташади.

БЕМОР СОҒАЙИБ КЕТГАНИНИ ҚАНДАЙ БИЛИШИ МУМКИН?

Беморнинг саломатлиги ҳолатини текшириш учун даволаниш курси бошлангандан 2 ойдан сўнг унинг балғами текширилади, ундан сўнг олти ойлик даволаниш курси якунида яна бир бор шу усулдан фойдаланган ҳолда унинг соғайиш даражаси баҳоланади.

Беморнинг охирги топширган балғамида фаол сил таёқчасининг ҳеч қандай белгиси топилмаса, у бутунлай соғайиб кетган бўлади.