Одам иммунотанқислик вирусининг аниқланганлигига ҳали ҳеч қанча муддат бўлганлигига қарамасдан, у бутун инсоният учун хавф солиб, ҳозирги кунда бутун дунёни қамраб олганлиги барчамизга аён бўлиб турибди.  

ОИВ инфекцияси билан зарарланган одамларнинг 95 фоизи  ривожланаётган давлатлар ҳудудларида яшаб, шу ҳудудларда зарарланган шахслар сони янада кўпайиб бормоқда. Зарарланган шахсларнинг аксарияти катта ёшдаги аҳоли ҳисобланиб, бу шундоқ ҳам иқтисодий аҳволи унчалик яхши бўлмаган давлатларда ишлаб чиқарувчи ёшдаги аҳоли орасида ногиронлик ва ўлим кўрсаткичи ошишига олиб келмоқдаки, оқибатда давлатнинг иқтисодий ночорлигини янада кучайишига сабаб бўляпти. Асосан, Африка қитъаси, Жанубий Америка, Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ОИВ кенг тарқалган ҳудудлар ҳисобланади.  ОИВ билан зарарланган шахсларда ОИВнинг клиник босқичига, иммун  тизимининг зарарланиш даражасига қараб, турли инфекцион касаллик қўз-ғашлари мумкин. Аммо пневмококклар, салpмонеллалар ва сил мико-бактериялари ОИВнинг ҳар қандай клиник босқичида ҳам касаллик қўзғашлари мумкин. Ушбу инфекциялардан энг хавфлиси ва энг катта зарар етказиши мумкин бўлгани — сил микобактерияларидир. Маълумки, бутун дунёда сил касаллиги муаммоси ҳам энг долзарб масалалардан ҳисобланиб, сил касаллигининг кенг тарқалиши ҳудуди ҳам юқорида ОИВ шахслари кенг тарқалган ҳудуд билан бир хил бўлиб, ушбу иккала инфекциянинг бир шахсда биргаликда учраш ҳоллари кундан-кунга кўпайиб бормоқда. ОИВ билан зарарланган шахсларнинг 1\3 қисми сил билан зарарланганлиги аниқланган. ОИВ билан зарарланган шахслар сонини камайтириш чоралари кўрилмаса, улар орасида сил беморлари сони ҳам шунчалик тез кўпаяди ва уларнинг сил таёқчалари ажратувчилари аҳоли орасида кенг тарқалишига сабаб бўладилар. Шу тариқа ОИВ сил билан қўшилиб келиши эпидемиологик вазиятни издан чиқишига, ишлаб чиқарувчи ёшдаги шахслар орасида ногиронлик ва ўлим кўрсаткичининг юқори бўлишига олиб келади. ОИВ билан зарарланган шахсларнинг асосий қисми силдан  ўлишига олиб келади. Сил касаллиги СД-4 лимфоцитларнинг 300 мкл. дан паст ҳолларида ривожланиши кузатилади. Бу иммун тизимининг анча чуқур кучсизланганлигини билдириб, ушбу ҳолга тушгунча бошқа инфекциялар ҳам организмда анча кучли патологик ўзгаришлар келтириб чиқаришга улгурган бўлади. Бу эса, эндигина аниқланган сил касаллигини даволаш самарадорлигини кескин пасайтириб юборади. ОИВ инфекциясининг эрта ва енгил иммунотанқислик босқичларида реактивация  ёки реинфекция ҳисобига иккиламчи сил касаллиги ривожланиб, бу оддий силдан  деярли фарқ қилмайди. Кўп ҳолларда ўпка сили беморлари сил таёқчалари ажратувчилар ҳисобланадилар ва бактериоскопияга асосланган ҳолда осонгина ташхис қўйиш мумкин. Аммо иммун тан-қислиги кучайган сари ўпка ва ўпкадан ташқари аъзолар зарарланиши худди бирламчи силга ўхшаш бўлиб, ташхис қўйиш бирмунча қийинлашади. Силнинг тарқалган, оғир формалари (милиар, диссеминацияланган) учраши кўпаяди. Иммунодепрессия фонида ўпка силининг сил таёқчалари ажратмайдиган турлари (шу жумладан  милиар сил) оғир  формалари ривожланиши ва унинг организмда бошқа  инфекциялар ривожланишининг клиник белгилари ҳам қўшилиб келиши, сил касаллигига  ташхис  қўйишни анчагина қийинлаштириб ташлайди. СД-4 лимфоцитлар сони 100 мкл. ва ундан пасайганда эса, сил бактеримияси ривожланиб, 10-20% ОИВ билан зарарланган ва госпитализация қилинган беморларда аниқ-ланиши мумкин. Бундай ҳолларда ўлим кўрсаткичи 32 фоиздан ортиши мумкин. Бир неча йиллар мобайнида сил ва ОИВ муаммолари билан шуғулланувчи мутахассислар алоҳида-алоҳида, ўз йўлларида мустақил фаолият олиб бордилар. Аммо кейинги кузатишлар ва тажрибалар муаммоларни биргаликда ҳал қилишга мажбур эканликларини кўрсатди.

А. Сайфидинов,
Фарғона вилояти ОИТСга қарши кураш маркази врач — инфекционисти