АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда сил касаллигини янада камайтириш учун мақсадли инвестицияларни таъминлашга қаратилган янги беш йиллик дастурни расман ишга туширди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев, АҚШ элчиси Даниэл Розенблюм ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги вакили Лианна Куппенс иштирок этди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ ҳукумати ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда сил билан касалланиш ва ўлим ҳолатларини қисқартиришда салмоқли натижаларга эришилди. Шунга қарамай, кўп сонли дориларга чидамли сил (КДТ-С) Ўзбекистонда жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

USAIDнинг Силга барҳам бериш бўйича «Global Ассеlеrаtоr to End ТВ» дастури доирасида АҚШ ҳукумати Ўзбекистондаги силга қарши кураш миллий дастури амалга ошираётган чора-тадбирларга кўмаклашиш учун инновациявий ва иқтисодий самарали воситаларни қўллаб қувватламоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда USAID Ўзбекистон ҳукуматига силга қарши препаратлар ва диагностик ускуналар харажатларини камайтириш, силга қарши юқори сифатли препаратлар мавжудлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш ҳамда КДТ-С ни ташхислаш ва даволаш соҳасида ЖССТ нинг энг сўнгги баённомалари ва тавсияларини жорий қилишга ёрдам кўрсатиш мақсадида тўртта янги лойиҳани ишга туширди.

Тадбир давомида АҚШ элчиси Розенблюм шундай деди: «Ўзбекистон ҳукумати ташҳислаш, даволаш ва парваришлаш ишларини яхшилаш орқали силга қарши курашда катта ютуқларга эришди. Биргаликда иш юритиб, биз Ўзбекистонда, бутун минтақа ва дунёда одамлар ҳаётини асраш ва оилаларни соғлом сақлаш бўйича ўзгаришлар қилишни давом эттира оламиз».

USAID халқаро тараққиёт бўйича дунёдаги етакчи агентлик ва ривожланиш соҳасида натижаларга эришиш «катализатори» ҳисобланади. USAID ўз фаолиятида АҚШ миллий хавфсизлиги ва иқтисодий гуллаб-яшнаши ғоясини илгари суради, Америка халқи саховатини намойиш этади ва бенефициарнинг ўзини-ўзи таъминлай олиши ва барқарорлигига йўл очади.