Сил (туберкулёз) — юқумли касаллик бўлиб, уни кўзга кўринмайдиган майда бактериялар — сил таёқчалари қўзғатади.

Касаллик таёқчалари кўп ҳолларда нафас йўли орқали одамга юқади, ўпка тўқималарида ривожланади ва кўпаяди. Микроблар бемор йўталганда, аксирганда, қаттиқ гаплашганда, тупурганда балғам заррачалари билан атрофга тарқалади. Бу кўзга кўринмас зарраларда минглаб сил тёқчалари бўлади. Улар ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин. Ўпка сили билан касалланган бемор хонада узоқ вақт қолса, ҳавода бактериялар кўпайиб, бошқа кишиларнинг нафас йўлларига ўтади. Бу эса силни юқтиришнинг асосий сабаби бўлиб, ҳаво-томчи усули деб юритилади.
Кўп ҳолларда сил таёқчалари ўпкани зарралайди. Шунингдек, мия, суяк, бўғин, буйрак, жинсий аъзолар, кўз, ичак, лимфа тугунларини ҳам зарарлаши мумкин.

Қуйидаги белгилар пайдо бўлса, бепарво бўлманг!
— Йўтал 2 ҳафтадан ортиқ давом этса;
— Истима кўтарилса;
— Дармон қуриса, тез чарчасангиз;
— Озиб кетсангиз;
— Кўкрак қафасида оғриқ каби белгилар пайдо бўлса. Юқоридагилар сезилса зудлик билан мутахассисга мурожаат қилиш зарур.

Сил узоқ давом этадиган касаллик. Уни даволаш 6-8 ой муддатни талаб этади. Бу давр давомида шифокор тавсия этган дориларни қабул қилишда танаффусга мутлақо йўл қўймаслик керак. Агар бемор даволаниш давомида ўзини яхши ҳис этиб, дорилар ичишни тўхтатиб қўйса ёки вақтида ичмаса, сил таёқчасининг бу дорига чидамли бўлган бошқа кучлироқ турлари пайдо бўлади. Унутманг, силнинг бу турларига қарши курашиш анча қийин кечади.