Робертга туғилган кунида рафиқаси микроскоп совға қилади. Шу микроскоп туфайли эри бутун дунёга машҳур бўлишини тасаввур ҳам қилолмасди.

Замонавий бактериология ва эпидемиологиянинг асосчиларидан бири, немис микробиологи Роберт Кох (1843—1910) тиббиёт тарихида биринчи марта ҳар бир касалликни қандайдир микроб чақиришини исботлаб берган.
Кох 1843 йилда Германиянинг Краустал шаҳрида туғилди. У болалигидан ўйинчоқларни синдириб тузатишга қизиқарди. Гимназияда ўқиб юрган кезларида эса келгусида кема шифокори бўлишни, фанда янги кашфиётлар яратишни орзу қилган.
Кох умр йўлдоши Эмми Фраацга оила қуришганидан сўнг узоқ ўлкаларга илм излаб кетмасдан, тинчгина қишлоқ врачи бўлиб ишлайман, дея сўз берган эди. Аммо унинг руҳи бундай тақдирга кўниколмади.
Робертга 28 ёшга тўлган кунида рафиқаси унга микроскоп совға қилади. Аммо у шу микроскоп ёрдамида эри бутун дунёга машҳур бўлиб кетишини тасаввур ҳам қилолмасди.

Кох ўз тадқиқотларини куйдирги касаллигини ўрганишдан бошлади. Олим бу касалликни ўз танасига юқтириб олиши ҳеч гапмасди. Чунки у вақтда ҳали ҳеч қандай ҳимоя усуллари маълум бўлмаганди. Олим илк бор куйдирги касаллиги қўзғатувчисини аниқлади ва турли бактерияларга қарши самарали дезинфекциялаш усулларини ишлаб чиқди.

Сабрнинг таги — олтин
“Вақт ва сабр тут баргини ипакка айлантиради” деган ҳинд мақоли нақадар тўғри айтилган. Эмми совға қилган микроскоп остида ранг берувчи моддалар воситасида Кохнинг кўз ўнгида тирик организмлар дунёси намоён бўлди. Дастлаб куйдирги касаллигига микроблар сабабчи бўлишини айтганда унга ҳеч ким ишонмаганди.

Кейинчалик 1878-1880 йилларда ўтказган тадқиқотларида эса Кох одамлар ва ҳайвонларнинг жароҳатларида йиринглаш жараёнини келтириб чиқарувчи янги микробларни аниқлади.

Кейин олимнинг одамлар ўлимига сабаб бўлаётган сил бактерияларини ўрганишга қизиқиши ошди. Бу жараёнда у касал ўпка тўқималарини кўк рангга бўяб, микроскоп остида кузатди ва хаста тўқималар орасида минглаб “таёқча”ларни кўрди. Шу тариқа 1877 йилда у ўзининг тиббиёт тарихидаги оламшумул кашфиётини яратди.

Шундан кейин уни махсус тадқиқотлар билан шуғулланишга Берлин шаҳрига чақиришди. Бу ерда барча имкониятлари ва икки нафар ходими бўлган ажойиб лабораторияни унинг ихтиёрига топширишди. 1882 йилда эса у сил қўзғатувчисини (Кох таёқчалари) аниқлаганини кенг оммага эълон қилинди. Бу хабар тез орада бутун дунёга тарқаб кетди ва силга қарши дори-дармонларни яратиш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.

Кох таёқчалари
Кох 1890 йилда ўзи ташкил этган тиббий журналда сил (туберкулёз) таёқчалари асосида яратилган туберкулин синамаси ёрдамида силнинг олдини олиш мумкинлиги ҳақида ёзди. Бироқ ўша пайтдаги туберкулин самараси фақатгина силни аниқлашга хизмат қиларди.
1878-1880 йилларда ўтказган тадқиқотларида эса Кох одамлар ва ҳайвонларнинг жароҳатларида йиринглаш жараёнини келтириб чиқарувчи янги микробларни аниқлади.

1883 йилда узоқ тажрибалардан сўнг Роберт Кох вабо (холера) вибрионини аниқлашга муваффақ бўлди. Мисрда авж олган вабо эпидемияси вақтида касалликни тадқиқ қилувчи гуруҳга раҳбар қилиб уни Александрияга юборишди. У ерда вабонинг тарқалиши, даволаш ва олдини олиш борасида тадқиқотлар ўтказди. Бир йил олдин вабонинг келиб чиқишини таҳлил қилганда ичакда кўплаб бактериялар мавжудлигини кузатганди. Аммо ичак бактериялар манбаи, деб бунга унчалик аҳамият бермаганди. Мисрда бу воқеани эслади ва касалликка маълум микроблар сабаб бўлаётгани ҳақида ўйлади. Кейин ўтказилган тадқиқотларда барча беморлар ичагидан олинган синамада бир хил микроб борлиги маълум бўлди. Шу тариқа Кох томонидан яна бир касаллик қўзғатувчиси кашф этилди.
1905 йилда Кохга Нобел мукофоти топширилди. Шу воқеадан 5 йил ўтиб, 1910 йилнинг 27 май куни Роберт Кох оламдан ўтди. Аммо унинг микробиология соҳасидаги илмий манбалари ҳамон инсониятга хизмат қилмоқда.

Манба: manzur.uz