Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами арафасида Фарғона вилоятидаги тиббиёт муассасаларида бир қатор янги бино ва иншоотлар фойдаланишга топширилмоқда. Бу эса соҳа ходимлари учун байрамга муносиб туҳфа бўлмоқда

Марғилон шаҳрида жойлашган вилоят 3-сон сил касалликларига қарши курашиш диспансерида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳам фикримизга ёрқин мисол бўла олади.

Шифохона биноси 1960 йилда қурилган бўлиб, ўтган йиллар давомида таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди.

Инвестиция дастури доирасида бу ерда 2018-2019 йиллар давомида 8 миллиард 500 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Қурилиш таъмирлаш ишлари давомида 1, 2-даволаш бинолари ва назорат бўлими биноси мукаммал таъмирланди, ошхона, кнес, лабаратория бинолари бутунлай янгидан бунёд этилди.

Даволаш бўлимларидаги сув ва электр тармоқлари тўлиқ янгиланди. Электр энергиясидаги узилишларнинг олдини олиш учун 2 та янги электр узатиш қутиси  ўрнатилди. Кўча деворлари тўлиқ ўралди.

Тиббиёт соҳасидаги янгиликларни амалиётга кенг жорий қилиш мақсадида назорат бўлимига электрон оилавий поликлиника тизимини ўрнатиш учун бюджет маблағлари ҳисобидан  20 миллион сўм маблағ сарф этилиб, 10 дона замонавий компьютер, телевизор ва бошқа замонавий жиҳозлар ўрнатилди, интернет тармоғига уланди.

Даволаш ва назорат бўлимларидаги мавжуд мебеллар таъмирдан чиқарилди. Янги конфренция зали ташкил этилиб, 20 миллион сўмлик мебел ва стол-стуллар ўрнатилди.

Беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида ярим автомат биохимик анализатор ва замонавий ЭКГ аппаратлари сотиб олинди.

Бутунлай янгича, замонавий қиёфа касб этган диспансер биносининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди. Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров, Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев, бир қатор соҳа мутасаддилари, тиббиёт фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари диспансернинг янгиланган биноси ва унда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар.

Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш  бошқармаси ахборот хизмати