Тошкент – 2019 йил 19 июль, Америка Қўшма Штатлари элчиси Дэниел Розенблюм АҚШ ҳукуматининг сил касаллигига қарши беш йиллик дастури доирасида эришилган асосий ютуқларни тилга олди ҳамда Ўзбекистонда бу касаллик даражаси, айниқса, унинг дориларга турғун турларини қисқартириш ва барҳам беришга қаратилган янги дастурларни эълон қилди. У АҚШ ҳукумати харид қилган янги лаборатория дастгоҳлари ва видео ускуналарни топширди. Жаъми қиймати 730 минг доллардан зиёдни ташкил этувчи ушбу жиҳозлар силнинг дориларга турғун турларини аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш, мамлакатнинг дорилар сифатини текшириш салоҳиятини ошириш ҳамда бутун мамлакатдаги сил касаллиги бўйича мутахассисларни Тошкент ва халқаро миқёсдаги сил экспертлари билан боғлашга хизмат қилади.

“Йигирма йилдан ортиқ давр мобайнида Америка Қўшма Штатлари USAID орқали мазкур ҳалокатли касалликнинг тарқалишини чеклашга ҳамда силни аниқлаш, ташҳис қўйиш даволаш имкониятлари барча учун мавжуд бўлишини таъминлаш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Ишончим комилки, бизнинг ҳамкорлигимиз янги фаолиятлар орқали янада кенгаяди ва чуқурлашади. Ўзбекистонда силга барҳам беришдан иборат бўлган умумий мақсадимиз йўлида иш олиб борар эканмиз, келажакда янада юқори натижаларни кўришни кутиб қоламан”, — деб таъкидлади элчи Розенблюм.

АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда “Миллий сил касаллиги дастури” билан яқин ҳамкорликда амалга оширилаётган дастурлар бу борадаги хизматлар, ташҳис қўйиш ва клиник йўриқномалар, Сил/ОИВ қўшма инфекциясининг олдини олиш ва назорат қилишни такомиллаштирди ҳамда Ўзбекистонда силга қарши энг илғор дори-дармонлар ва янги даволаш услубларини жорий қилди. Булар жумласига антибиотикларнинг янги синфига мансуб бўлган “Bedaquiline” дориси ҳам киради, у силнинг кўп сонли дориларга турғун бўлган турига чалинган юзлаб беморларни самарали даволайди.

2015 йилдан бошлаб, USAID Ўзбекистонда силга қарши курашиш ишига 14 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ тақдим этди. Ушбу молиялаштириш натижасида мамлакатнинг етти вилояти (Андижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм, Навоий ҳамда Самарақанд) ва Тошкент шаҳрида ташҳис қўйиш, касалликни даволаш ва беморларни парваришлашга оид мавжуд имкониятлар кенгайди. Дастур доирасида 5000 дан зиёд тиббиёт ходимлари махсус ўқув-машғулотларида малака оширди, 40 та лабораториянинг силни текшириш бўйича халқаро стандартларга етишиш салоҳияти оширилди, юзлаб беморларга узоқ ва мураккаб даволаниш курсини якунлашда кўмаклашилди. Шу билан бирга, USAID силга қарши дори-дармонлар сифати ва миқдорини ошириш мақсадида Ўзбекистондаги маҳаллий дори ишлаб чиқарувчиларга ёрдамлашди.