Ўзбекистонда фтизиатрия муассасалари моддий-техник базаларининг етарли даражада эмаслиги, тиббий жиҳозлар ва техникаларнинг етишмаслиги сил касали ва ўпканинг носпецифик касалликларига чалинган беморларга ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу Президентнинг «Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

Ҳужжат билан:

2019—2021 йилларда сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишига қарши курашиш комплекс чора-тадбирлар:

2020—2021 йилларда фтизиатрия муассасалари биноларини реконструкция қилиш тадбирлари дастури;

2020—2021 йилларда фтизиатрия муассасаларини замонавий ташхислаш, даволаш ва реанимация ускуналари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари дастури;

2020—2021 йилларда силга қарши санаторияларни замонавий реабилитация, ташхислаш ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий давлатлар, халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари (қарзлари)ни, грантларини ушбу қарор билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар ва дастурлар бажарилиши учун жалб қилиш бўйича зарур чораларни кўриш топширилди.

2019/2020-ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясида, кейинчалик бошқа тиббиёт олий таълим муассасаларида «Пульмонология» мутахассислиги бўйича магистратурада кадрларни тайёрлашни босқичма-босқич ташкиллаштириш тўғрисидаги таклифга розилик берилди.

2019/2020-ўқув йилидан бошлаб «Фтизиатрия» ва «Пульмонология» мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрларни тайёрлаш фақат давлат грантлари асосида амалга оширилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига:

Иммунодиагностикани ўтказиш мақсадида 2019 йил 1 апрелга қадар сил касаллигини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шахсларнинг асосланган контингентини аниқлаш;

Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда сифатли ташхислаш, силга қарши дори ва индивидуал ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар киритиш;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тиббиёт олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари ва юкламаларини танқидий ўрганиш натижалари асосида тиббиёт олий таълим муассасаларининг «Фтизиатрия» кафедраларини «Фтизиатрия ва пульмонология» кафедраларига қайта ихтисослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.