Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида «Сил касаллиги ёш рассомлар нигоҳида” деб номланувчи тасвирий санъат кўргазмаси очилди.

Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, шунингдек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ёш талабаларнинг санъат асарларида хасталикнинг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш ҳамда касалликнинг ташҳисидан сўнг кўпинча юзага келувчи ижтимоий тамғалашга қарши курашишда жамоатчиликнинг ёрдамини шакллантириш нақадар муҳим эканлигини ифода этилган.

Тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари иштирок этдилар. Зарнигор Абдуваитова 1-ўрин, Хайитжон Абдуллаев ҳамда Бегзод Кенжаевлар  2- ва 3- ўринга лойиқ деб топилиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

-Кўргазма жараёнида институт  талабалари сил касаллиги – жиддий, аммо даволаш мумкин бўлган бу хасталикни қатъият, сабр билан даволаниш кераклиги ва яқинларининг ёрдамисиз  енгиш қийин эканлигини билиб олдилар. Менинг чизган суратларимда  беморнинг соғайиб кетишида яқин қариндошларининг қўллаб-қувватлаши аҳамияти катта эканлигига урғу берганман, – дейди кўргазма ғолиби Зарнигор Абдуваитова.

Мазкур кўргазма АҚШнинг Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (USAID)нинг Силга қарши кураш бўйича дастури доирасида ташкил этилди. Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Ҳукумати, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари ҳамда талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Кўргазмада намойиш этилган суратларни сайтимизнинг Фотогалерея бўлимида томоша қилишингиз мумкин.