Владимир Болоболовни қўли енгил, беморлари учун ҳурматли, ёқимли шифокор сифатида марғилонликлар яхши биладилар. Шу боис, у ҳақда гап кетганда қисқагина: “Ўзимизнинг Володя ёки Волод ака” – деб қўя қолишади. Бу бежиз, эмас албатта. Зеро, у вилоят, шаҳар тиббиёт муассасаларидаги қирқ йилдан зиёд меҳнат фаолияти давомида минглаб беморларни уларга бўлган чексиз диққат-эътибори, касб маҳоратию, меҳри билан оёққа турғизган шифокор. Айни шу боис у жамоада, шаҳар аҳли орасида ҳурмат топган, ҳар бир беморининг қалбидан жой олган.

Дунёда шундай одамлар бўладики, вақт, замон билан ҳамқадам яшайди. Вақтнинг ҳар сониясини  қадрлаб, унинг ҳар сониясида нимадир қолдиришга интилади. Баъзан ўзи учун яшашни унутиб, ўзгалар учун умрини, олтиндан қиммат вақтини бахш эта олади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тассарруфидаги шаҳримиздаги Сил касалликлари шифохонасининг 2-ички касалликлар бўлими шифокори Вламидир Болоболов ёки ўзимизнинг Володя ака жамиятимизнинг ана шундай фидоий кишиларидан бири.

Володяни шифокорлар сулоласи вакили десак асло муболаға бўлмайди. У 1953 йилда Қува шаҳрида шифокорлар оиласида дунёга келди. Болалигидаёқ отаси ва онасининг оқ халати, одамлар дардига дармон бўлишдек масъулиятли касб эгаси эканликларига ҳаваси келиб, шифокорлик касбини эгаллашга аҳд қилди ва ана шу мақсади йўлида астойдил ҳаракат қилди. Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кириши бу борадаги илк қадам бўлди. Ўқишда ҳам, маҳаллада ҳам уни бирдек яхши кўришар, ҳурмат қилишар эди. Талабалик йилларидаёқ ўзининг интилувчанлиги, ташаббускорлиги, фидоийлиги билан бундай эътиборга мушарраф бўлди.

Меҳнат фаолиятини вилоят марказий шифохонасида 1976 йилда врач-интерна вазифасида бошлаган Владимир Болоболов орадан бир йил ўтиб, шаҳримиздан сил касалликлари шифохонасига даволовчи ҳаким лавозимига ишга йўналтирилди. Мана 41 йилдирки у шу шифохонада турли лавозимларда меҳнат қилиб келмоқда. У қаерда, ким бўлиб ишламасин масъулиятли касбига чиннакам меҳр қўйиб, жону дили билан ишлади. Шу боис, ширинсўз, қўли енгил шифокор деган номга, жамоадошлари ва беморларининг юксак ишончу ҳурматига сазовор бўлди.

— Мустақил мамлакатимизда инсон саломатлиги, баркамол авлод тарбияси, соғлом турмуш тарзи масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, юртимиз тиббиёти ўтган қисқа фурсатда юксак чўққиларни забт этгани, қувонарли албатта, -дейди, В.Болоболов. – Аммо, энг ноёб бойлигимиз халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг тиббий маданиятини, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга боғлиқ. Зеро, касалликни бартараф этишнинг энг биринчи омили беморнинг соғайиш истагидир. Беморда соғайишга хоҳиш бўлса, ҳар қандай касаллик ҳам чекинади. Бу ёғи энди шифокорнинг маҳоратию, ҳаракатига боғлиқ. Қолаверса, деярли ярим асрлик тажрибам менга гигиена қудратини барча дори-дармоннинг нисбатан заифлигини аллақачон исбот қилиб берган. Айтмоқчиманки келажак профилактик медицинаники. Профилактика самарадорлигига эса юксак тиббий маданиятсиз эришиб бўлмайди.

Ҳа, Владимир Болоболов ана шундай; ҳеч бир воқеага, ҳеч бир кишига бефарқ қарай олмайди. Инсон ўзининг меҳнати, оиласи билан бахтли бўлса, жамиятда муносиб ўрин эгаллайди. Қўли енгил шифокор В.Болоболов турмуш ўртоғи, ҳамкасби Наталья Красильникова билан фарзандлари, набиралари, истиқболидан доимо мамнун. Бу мамнунлик уларнинг тангри сийлаган улкан қалбини асло тарк этмасин. Эл саломатлиги йўлидаги масъулиятли фаолиятингизда Сизга янги-янги ютуқлар, беморларингизнинг миннатдорлиги ҳамиша ёр бўлсин. Зеро, мижозларингиз Сизнинг қайноқ қалб қўрингиз, меҳрингиз ҳароратига ҳамиша муштоқ.