Қарши шаҳар сил касалликлари диспансерининг бош шифокори Ноиба ИНОЯТОВА бу касалликка оид муҳим, барча билиши керак бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.

Ноиба опа, беморлар аудиторияси билан иш олиб боришда “Қўллаб-қувватлаш гуруҳи” беморлар томонидан ҳам, мутахассислар томонидан ҳам фойдали усуллар қаторида саналаркан. Хўш, бу гуруҳнинг фаолияти қай тартибда ташкил қилинади? Унинг афзалликлари қайси ўринларда кўринади?

-USAID нинг “Project Hope” дастурига биноан 4 йилдан буён “Қўллаб-қувватлаш гуруҳ”лари самарали фаолият олиб бормоқда. Унинг  асосий иштирокчилари беморлар ва касалликдан тузалиб соғлом ҳаётга қайтган фуқаролар(собиқ беморлар), унинг оила-аъзолари, қариндош-уруғлари психолог ва мутахассислардан иборат бўлади.  Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб, мақолини айнан мана шу гуруҳ фаолиятида кузатишимиз мумкин. Бу касаллик айниқса, кексаларда кузатилганда, улар ўзларини айбдор сезиб, кераксиздек ҳис қилиб, қудалари, бола-чақалари ва невараларидан ўзларини олиб қоча бошлашади,  маҳалла-кўйга ҳам аралашмай, тортинчоқликка берилиб қолишади. Уларнинг руҳиятларида ана шу каби заифлик бошланишига йўл қўймаслик учун ушбу гуруҳдаги психологларимиз тинимсиз иш олиб боришади. Бемор-беморга тамойили ана шундай паллаларда иш беради. Биз имкон қадар “Қўллаб-қувватлаш гуруҳ”ларини беморларнинг ёш аудиториясига қараб алоҳида-алоҳида ташкил қиламизки, бу тенгдошларнинг ўзаро тил топишиши ва бир-бирига қулоқ солишини осонлаштиради. Баъзан қўллаб-қувватлаш гуруҳларини индивидуал тарздаги суҳбатлар асосида ҳам ташкил қиламиз. Албатта, беморнинг хоҳиш-истаклари биз учун бирламчи. Шакл турлича бўлгани билан мақсадимиз битта.

“Силга қарши биргаликда, охиригача курашамиз!”

Яъни, бу касаллик вақтни хуш кўради. Бемор вақтни қанча бой берса, у шунча танамизнинг соч ва тирноғидан бошқа барча аъзоларини маҳв эта бошлайди. Ана шундай тартибли даволаниш олиб борилганда жараёнлар қолдиқсиз кечади. “Муҳими даво вақтининг узоқ муддатлилиги эмас, балки ўзингизнинг соғайиб, оёққа туришингиз”. Бу таъкидни ҳар бир беморимизга эринмасдан уқдирамиз. Ана шундагина уларнинг тасаввурида “мен ёлғиз эмасман”, деган чақноқ фикр туғилади. Бу эса стигма ҳолатларини четлаб ўтилишига ёрдам беради. Одатда, бемор кексаларда ҳаётга ишончсизлик тез сўнади. Улар кўпинча касалликка қарши курашишга кеч уринишади. Жисмоний фаолликлари сусая бошлагандан сўнг бизга мурожаат қилишади. Болалар ва кекса беморларга нисбатан оилавий қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Айнан оила-аъзоларининг меҳрибонлиги уларни ўзида куч ва ирода топа олишига ҳисса қўша олади.

Дейлик, бемор минг истиҳолабиландиспансерга-сизнинг ёнингизга келди. Унинг айнан сил ёки сил эмаслигига, силнинг қайси турига чалинганлиги ва қайсига қай тарзда аниқлик киритиб оласизлар?

-Айни вақтда касалликни аниқлаш усуллари бир талай. Бактериоскопик  текширув, бунда балғам таҳлили микроскоп остида аниқланади. Рентген, флюороографик тасвир остида ўпканинг кўриниши, гарчи узоқ муддатни ташкил этса-да, олтин стандарт усули деб тан олинган экиш усули, шу билан бир қаторда айни кунда энг тезкор ва замонавий ташхис усули бу- Genе expert-генетик молекуляр типда текширишлар олиб борилиб, 2 соат ичида натижалар тайёр бўлади.Қолаверса, яна бир усул билакка синама (диаскентест) қўйиш усули- ҳам кенг қўлланилмоқда. 72 соат давомида бу синама организмда силнинг бор ёки йўқлигини, мавжуд бўлса қай даражада эканлигини аниқлаб беради. Агар натижа мусбат чиқса, сил жараёни мавжуд, унинг активлик даражаси юқорилигини билиб олиш мумкин. Шундай вазиятда бемор кейинги текширув жараёнларига йўналтирилади ва албатта, тезроқ даволанишни бошлаши айтилади. Диаскентест синамасининг самараси шуки, у бошқа аъзоларда кечаётган силдан дарак беради.

Сил билан касалланиш эҳтимоли юқорилиги боис, чақалоқ дунёга келган илк кунларданоқ касалликдан ҳимояланиш қобиғига ўралади, шундай эмасми?

-Тўғри айтдингиз, чақалоқ туғруқхонада, ҳаётининг 3-5-кунларидаёқ БЦЖ вакцинаси билан эмланади. Бу унинг силдан ҳимояланишини таъминлайди. Бу боланинг 1 ёшга тўлгунига қадар терида чандиқча пайдо қилади. Буни организмда иммунитет шаклланиши, деб айтсак тўғрироқ бўлади. Бола 7 ёшга тўлганида ревакцинация ўтказилади. Бунинг учун аввало,  туберкулин (манту) синамаси қилинади. Бу орқали ўша болаларда сил билан касалланиш ҳолатлари кузатилдими ёки йўқ, деган гумонни тасдиқлаш учун. Агар манту манфий натижа берса, БЦЖ қилиниб, ревакцинация ўтказилади. Мусбат чиқса бола даволанишга йўналтирилади.

Шу вақтга қадар биз ўпка сили ҳақида гаплашдик. Чунки энг кўп тарқалган ва юқумли бўлган, тарқалиш хавфи юқорилиги учун ҳам  одамлар орасида асосан сил, деганда ўпка билан боғлиқ касаллик тушунчаси шаклланиб қолган. Ноиба Толиповна, айтингчи силнинг бошқа турлари жамият учун қай даражада хавфли?

-Аслида силни иккига бўлиб гапириш одат тусига кирган.Ўпка сили ва ўпкадан ташқари аъзолар сили. Фақатгина соч ва тирноқларимиз силга чалинишдан ҳоли. Ундан ташқари барча ҳужайраларни зимдан емириб борувчи силнинг  барча тури хавфли. Унинг енгил тури йўқ. Барчасида субфебрил (37,5 С) ҳарорат, тунги терлаш, зарарланган тана аъзосида эса маҳаллий таъсир ва оғриқ, абсцесс кузатилади. Хуллас, қайси тана аъзосида сил кузатилса, ўша организмга хос касаллик белгилари намоён бўлади. Энг ачинарлиси, бошқа аъзо силига чалинган беморларимиз бизга жуда ҳам кеч мурожаат қилишади. Чунки улар айнан силга чалинганликларини пайқамасдан фтизиатрга эмас, бошқа мутахассис шифокор кўригига қатнаб, даво самарали натижа бермагач, мутахассис кўрсатмасидан сўнг бизнинг бўлимга кеч келишади. Бу эса даволаниш муддатларини узоққа чўзилишига олиб келади. Шу боисдан ҳар бир киши ўзида қандайдир нохушлик сезса, тор доирадаги мутахассислар, умумий амалиёт шифокорлари қаторида фтизиатр кўригига келишни ҳам одат қилиши зарур. Ана шундагина силга қарши самарали ва тезроқ даволашга эришишимиз мумкин. Унутманг, силнинг давоси бор, фақатгина у қанча эрта аниқланса, даволаниш шунча яхши самара беради. Бунга биз ўз тажрибамиз давомида кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз.

Самимий ва мазмунли суҳбат учун ташаккур.

-Раҳмат.

Лобар КАРИМОВА суҳбатлашди.