Эслатиб ўтамиз, мухбирнинг кўмаги ҳамда саъй-ҳаракати билан Маҳкамтош опа вилоятимизнинг Китоб туманида жойлашган махсус даволаниш масканига ётқизилди. Шукурки, ҳозирда бемор оёққа туриб, аҳволи анча яхшиланган.  Силнинг давоси борлигига амин бўлган бемор, ўзидаги иродани уйғота олди. Демак, ана шундай меҳрга, эътиборга муҳтожларга қўлимиздан келганча ёрдам қўлини чўзсак, ҳеч бўлмаганда уларга зарурий ахборот кўмагини бера олсак,  зиммамиздаги чин инсонийлик вазифасини, касбимиз нуқтаи назаридан келиб чиқиб бажарган бўламиз! 

22 йил эл хизматида ишлаб, оиласи, фарзандлари ташвишларини деб оғир меҳнатни писанд килмаган салкам эллик ёшни қаршилаётган  Маҳкамтош опа (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бугун хасталаниб тўшакка михланган кўйи ўтган кунларини кўз олдидан бир-бир ўтказарди. Кўп вақт мобайнида ўзидаги касаллик аломатларига бепарволик билан қараганлигидан, соғлиғига эътиборсиз бўлганини афсус билан эслай бошлади…

-Кишнинг қаҳратон совуғию, ёзнинг чилласида ҳам меҳнатдан бош кўтармадим. Негадир, бир зум тўхтасам бир умр тўхтаб қоладигандек эдим, гўё. Балки, ўша кезларда ҳам мендаги касаллик аломатлари  секин-аста бутун вужудимга ўз таъсирини кўрсата бошлагану буни мен англашни истамагандирман. Аввалига, бел, сўнгра оёқ оғриғи тез-тез безовта қилар, бошимдаги оғриқ эса мени аста-секин енгаётганини сезсамда шифокорга кўринишга вақт тополмасдим. Тўғрироғи, бунга қунт қилмадим. Соғлигини йўқота бошлаганини жим кузатиб туриш инсон учун қийин ҳолат экан. Охир-оқибат бир кун келиб, шифокорга мурожаат қилдим. Биласизми, энг қизиғи ҳар гал ҳар хил ташхис билан даволанар эдим. Аҳволим эса кундан кунга ёманлаша бошлаганини билсам-да соғайиб кетишга ич-ичимдан умид қилардим. Кунларнинг бирида малакали мутахассис шифокор дардим нима эканлигини топди. Менда суяк силининг оғир формаси. Энди олдини олишга  анча кечикканимни эшитганимда кўзларимга дунёлар тор бўлиб кетди.  Суяк емирилиши касаллигининг оғир тури бошланган экан. Шу онда бутун ҳаётим кинотасмасидек кўз олдимда айлана бошлади. Бошимдан кечирган яхши ёмон кунларимни бирин кетин эслай бошладим. Ҳаттоки, хаёлларимни ҳам бошқара олмаётганлигимни ҳис қилдим.

Минг афсус… шунча йиллик умримни, олтинга тенг бахтим – соғлигимни алишган дамларимга ачинаман…

Мана бир йилдирки, тўшакка михланган Маҳкамтош опа  ҳар тонгда кўзларини уйқудан очар экан, нажот ила мўъжиза юз беришини кутиб яшайди. Буни у билан бўлган суҳбатдан билиб олиш қийин эмас. Яқинлари ва маҳалла кўйнинг айтишича, охирги жарроҳлик операциясидан кейин аҳволи бирмунча яхшиланган бўлса-да, умрини меҳнатга бахш этган, тиним билмайдиган аёл  соғлигини тиклай олмаслигини билиб, сўнгги пушаймонни ўзига душман деб билганига ҳам нақ бир йилдан ошди.

-Бошимизга ташвиш тушганда қўни-қўшни,  маҳалла-куйнинг ўрни бошқача экан, — дейди Маҳкамтош опа кўзларида ёш билан. – Шукрки, атрофимизда яхши инсонлар бисёр. Бу инсонда ўзгача куч, ҳаётга бўлган ишончини орттиради. Менга шифокорлар айтишди. Бу касалликнинг давоси бор экан, фақат ва фақат ўз вақтида ўз шифокорига учрашилса бас. Мен иқрорман. Касалликни ўтказиб юбордим. Қолганларга бунақа бепарволик қилмасликларини такрор-такрор айтишдан эринмайман.

Маҳкамтош опанинг дардига шифо тилаб, аста ортимга қайтар эканман, йўл- йўлакай бўлиб ўтган дилдаги суҳбатимизни ўйлай бошладим.

Эҳ, сабрли, матонатли, оилапарвар, боласевар мукаррам АЁЛ! Сенсан Тўмарис каби дунёни лол қолдирган жасорат тимсоли. Сен эрурсан Лайли, Ширин, Кумушбибидек муҳаббатнинг малаги. Билмам, қачон ўзинг учун яшайсан. Балки, сендаги ана шу фидойилик ҳаётингнинг бебаҳо безагидир!  Бироқ ўзингнинг саломатигингга ҳам кўз-қулоқ бўлиш ортиқчалик қилмас.

Гулжаҳон ҲАЙИТОВА