Саломатлик инсоннинг энг катта бойлиги. Уни асраш тиббиёт ходимларига эмас, ҳар бир шахснинг ўзига боғлиқ. Тиббиёт ходимлари эса саломатлигимиз посбонлари. Биз бугун турли хасталикларнинг олдини олишга тиббиёт ходимларига яқиндан ёрдам бераётган аутричларни ҳам ана шундай  посбонлар тоифасига киритмоқчимиз.

Навоий вилоят силга қарши кураш диспансери биносида жойлашган  мўъжазгина кабинетда тез-тез тўпланиб, янги режалар тузиб, янги манзилларга ошиқаётган бу нажот гуруҳининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиб, қанча-қанча одамларнинг дарддан фориғ бўлишига, соғлом ҳаётга қайтишига ёрдам бераётган замондошларимизга қойил қолдик . Оиласи, бола-чақасидан ортиб, асосий мақсадини инсонлар саломатлигини сақлашга бағишлаётган  навоийлик аутричлар-Гулнора Турдиева, Хуршида  Раҳимова, Акмал Ҳусенов, Албина Турдиева, Ленура Раҳимова,  Наталья Феденёва, Танзиля Вальшиналар   вилоятимизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатмоқда.

АҚШнинг халқаро ривожлантириш Агентлиги (USAID)  нинг  силга қарши кураш дастури доирасида Республикамизда, жумладан вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли  ишларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Дастур доирасида Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида олиб борилаётган ишлар ушбу хасталик туфайли жамиятда ўзини камситилиб, қисиниб, кўнгли ўксиб яшаётган замондошларимизнинг ҳаётга қарашини, яшашга  иштиёқини ўзгартирганлигини тан олиш керак.

Бугун касалликни аниқлаш ва унинг олдини олишда аутричларнинг ҳам жуда катта хизмати борлигини  эътироф этиш керак.  Аутричларнинг қайсидир мигрантларни тиббий кўрикдан ўтишга жалб қилиши, яна бири гиёҳвандликка берилган кимсаларни шифохона эшигига бошлаб келиши осон кечмайди албатта. Уларнинг барчаси қишин-ёзин маҳаллаларда,  уйма-уй юриб, турли юқумли  ва хавфли хасталиклар билан касалланган кишилар орасига кириб, уларни тиббиёт муассасаларига даволанишлари учун ундаётган шахслар.

-Навоийда ҳам айнан силга қарши курашиш диспансерига яқиндан ёрдам бераётган  7 нафар аутрич ходим 2015-2018 йиллар давомида  185 та маҳаллада бўлиб, 7607 нафар  турли тоифадаги одамлар билан учрашиб, суҳбатлашиб, улар орасидан 67  нафар беморни аниқлашга эришганлиги ва даволанишлари зарурлигини уқтираётганлиги ҳам жамият ҳаётидаги муҳим фактлардан биридир, -дейди диспансернинг катта ҳамшираси Ёқутой Элмуродова.- Шунингдек, 116 нафар ижтимоий ҳимояга олинган фуқароларга психолог  Мафтуна Саноқулова ёрдам беради. Уларнинг оиласидагилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради. Мультидиципинар команда ишидан мамнунмиз.

-Етти йилдан буён мана шу диспансерда ишлайман. Ҳаётдаги кузатувларим шуни кўрсатадики, замондошларимиз  дард токи суяг-суягидан ўтмагунча шифокорга бормайди. Баъзан касаллик аниқлангандан кейин ҳам эртага-индинга даволанаман деб, пайсалга соладиганларга   дуч келамиз. Шундай вақтда маҳаллага, ишхонага хат ёзишимизни хохлайсизми, ундан кўра соғлигингиз ўзингизга керак-ку, келинг вақтида даволанинг, деб қайта-қайта мурожаат қиламиз. Биринчи навбатда одамларнинг кўнглига йўл топиш керак, уларнинг ишончини оқлаш керак деб    ўйлайман.

Шу ўринда баъзи  мутасадди ташкилотларнинг ходимлари мигрантлар, ёки бошқа давлатларга сафардан қайтган фуқароларга  масала моҳиятини тўғри тушунтириш ўрнига дағдаға қилиб, худди жиноятчига муносабатда бўлгани каби  мурожаат қилишларидан кўпчилик норози эканлигини таъкидламоқчимиз. Масалан, ички ишлар ходимлари, маҳалла посбонлари   ҳар бир инсоннинг соғлиги учун муҳим бўлган тиббий кўрикдан ўтиш зарурлигини тўғри тушунтириш ўрнига, уни маҳкамага  чақириб,  қўпол муомалада бўлиш ҳоллари ҳам афсуски учраб турибди. Аутричлар эса  самимий муносабатлари, астойдил тушунтиришлари билан кўпчиликка манзур бўлмоқда.

-Яна бир муҳим жиҳатлардан бири, вилоятимиз ҳудудининг кенглиги, баъзи овуллар шифохоналардан жуда олисда жойлашгани боис, йўл-транспорт харажатларини ўйлаб, кўпчилик  тиббий кўрикдан ўтишни истамайди. Шунинг учун ҳам аутричларимиз томонидан жойларда бўлиб,  фуқароларни тўплаб, уларни ажратилган махсус транспортларда марказга олиб келиб, тиббий кўрикни ташкил қилиб, яна  уларни ўз манзилларига етказиш  йўлга қўйилган. Буларнинг барчаси албатта  АҚШнинг халқаро ривожлантириш Агентлиги (USAID)  нинг  силга қарши кураш дастури шарофати билан амалга оширилаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Дарҳақиқат, лойиҳа масъули  Екатерина  Годунова мазкур миссиянинг самарали амалга оширилишига фидоийлардан. Ҳар бир ишни режа асосида ташкил этган Е. Годуновага  навоийлик минглаб оилалар номидан миннатдорчилик билдирсак арзийди.

Мазкур дастур доирасида тайёрланиб жойларда, маҳаллаларда намойиш этилаётган видеороликларда   хасталик наслдан-наслга ўтмаслиги, силнинг давоси борлиги, ҳар ким ўз соғлигига ўзи масъул эканлиги ҳақидаги ҳаётий лавҳалар ўз аксини топган.  Одамлар орасида юрган саломатлик посбонларига кўмакчи бўлган  навоийлик аутричлар омон бўлсин!

Маруса ҲОСИЛОВА,

журналист