Унинг вазифаси оддий кўриниши мумкин. Аммо энг қийинини бажаради. Кези келганида эмас керак бўлса иш соатининг ҳаммасини беморига сарфлайди. Гоҳ сирдош, гоҳида яқин суҳбатдош, бора бора ҳатто унинг яқин одамига айланади. Одатда  шифокорлар ҳам ўз беморлари ҳақида уларчалик энг кўп маълумотга эга эмас. Бироқ ёрдамчи фаришталар қайдномасидаги маълумотлар ҳар бир бемор ҳаётининг олтин кундалигидир.

Одатда касалликка чалинган беморнинг руҳиятида сокинлик бўлмайди. Уларнинг инжиқликларини кўтарадиган, оғир вазиятлардан олиб чиқадиганлар ҳам ўша фаришталардир.

Ҳа, тиббиёт муассасасини иккинчи уйига айлантирган ҳамширалар борки, беморлар ҳам қалбан ҳам жисмонан тузалиб, оёққа туради.  Шундан уларни кўрганимизда нажот фаришталари каби улар томон талпинаверамиз.

Суҳбатдошимиз ҳам нажот фаришталарининг бир вакили. Умрини ҳамшира сифатида тиббиёт соҳасига бағишлаган. Шундан у ҳамиша атрофдагиларига ҳамширанинг кўзлари дурбин бўлиши керак дея таъкидлайди. Қаҳрамонимиз билан суҳбатимиз ҳам сил касаллигига чалинган беморлар ҳаётида ҳамширанинг ўрни, вазифаси, қолаверса, ҳамширалик соҳасининг мураккаб жараёлари хусусида бўлди.

Кэрри Тьюдор, соғлиқни сақлаш бўйича магистр. Халқаро ҳамширалар кенгаши сил дастури директори, Осиё ва Африкадаги турли глобал соғлиқни сақлаш дастурларида йигирма йилдан буён ишлаб келмоқда. У Индиана Университетида бакалавр, Эмори Университетид қошидаги Ролменс Соғлиқни сақлаш мактабида магистлрлик ва Жон Хопкинс ҳамиралик мактабида ҳамширалик бўйича бакалавр ва дкоторлик унвонларини олган. Ушбу унвондан сўнг Жанубий Америкада жойлашган Дурбан шаҳридаги Квазулунатал Сил ва ОИВ тадқиқот институтида Глобал соғлиқни сақлаш бўйича постдокторлик тадқиқот ўқув амалиётини тамомлади. Унинг тадқиқоти соғлиқни сақлаш ходимлари орасида силнинг олдини олиш ва касбий касаллик чалиниш хавфини келтириб чиқарувчи омилларни ўз ичига олган. Ҳозирги кунда профессор Тьюдор Халқаро ҳамширалар кенгаши Сил дастури директори бўлиб, дориларга турғун сил йўналиши бўйича фаолият олиб бораётган ҳамшираларни кўпайтириш ва Хитой, Россия ва Афреканинг олтита субсаҳро давлатларида беморларга йўналтирилган парваришни ташкил қилиш устида ишламоқда.

-Одатдаги ҳасталиклардан сил касаллигига чалинган беморларда кечаётган холатлар ўзининг мураккаблиги билан фарқ қилади. Айниқса, беморларни стационар ва амбулатория босқичида даволашда силга қарши дориларни ён таъсирларини кузатишда ҳамширалар амалиёти билими, тажрибасига суянилади. Шундай эмасми?

Ҳамширалик жараёни одатда беморни касалликка олиб келмаслик, ҳасталикни эрта аниқлаш, вазиятни баҳолаш, иш жараёнини режалаштириш, натижаларни мониторинг қилиш каби босқичлардан иборатдир. Бу жараёнлар беморимизни стационар ва амбулатория босқичида даволашда силга қарши дориларни ён таъсирлар бўлаётган ҳолатда ҳамшира ўша вазиятни бошқара олишда қўл келади. Беморда содир бўлаётган ён таъсирларга нисбатан ўзининг кечинмаларини осонроқ ўтказиши учун керакли чоралар кўриши лозим. Ахир айрим ён таъсирлар жиддий бўлиши мумкин. Ана шундай вазиятга дуч келганда ҳолатларга қараб шифокорга хабар бериши талаб қилинади.

Барчамизга маълумки, ён таъсир бўлаётган пайтда беморларда кўнгил айниши, турли тошмалар тошиши, аллергия, оёқ учи жимирлаши, бош оғриқ, оёқ оғриғи, кўришнинг пасайиши, эшитишнинг заифлашиши, асаб толаларига таъсир қилиши каби турли ёқимсиз ҳолатлар юзага келади. Ёмон томони ён таъсирда эшитишни йўқолиши, жигар, буйрак фаолиятининг пасайиши юзага келиши кутилади. Бунда бемор ўта тушкин вазиятга қолиб, турли инжиқликлар қилиб, хусусан, даволаниш жараёнини тугатишни қатъий талаб қила бошлайди. Шу вазиятда ҳамширанинг тажрибаси беморга ёрдам бериши керак. Кайфиятини кўтарадиган сўзлардан фойдаланиши, беморига мулойимлик билан мулоқот қилиши талаб қилинади. Гуёки ҳамшира бемордаги ҳасталикни бирга енгаётгандек у кечган оғир вазиятни тўғри баҳолаб, у билан бир тану бир жон бўлиши лозим. Оёқ, қўлларини массаж қилиш, у билан барча кечинмаларини диққат билан тинглаб суҳбатлашиши ҳам ҳамширага нисбатан беморнинг ишончи ошишига ёрдам беради. Фақат шифокорнинг кўрсатмасига таяниб қолмасдан, ҳамширалик курсларида олинган билимларни ҳам қўллаб туриш лозим.  Яна бир гап, ҳамширанинг ёнида ҳамиша касаллик тарихи бўйича белгилаб борадиган қайд дафтарчаси бўлиши, бемор билан кечган бирор мураккаб вазиятда ўша қайдлар тезда асқотади. Унда беморнинг ўзини қандай ҳис этишидан тортиб у билан кечаётган барча мураккаб жараёнлар қайд этиб борилади. Бу ҳамшира томонидан беморга ёрдам берадиган энг керакли олтин фонддир. Бу маълумотлар даволовчи шифокорга ҳам бўлмаслиги мумкин. Мақсадимиз ҳам беморнинг узоқ муддатли даволанишини давом эттириб, тезда яхши натижаларга эришишдан иборат экан, биз ҳамширалар белгиланган вазифаларни у хоҳ оддий ёки мураккаб бўлсин сидқидилдан бажаришимиз шарт. Қайдларни тўлдираётганда беморга савол бериш давомида олган жавобга қараб тахминий хулоса қилинади. Хусусан, бош оғриғидан шикояти борми, демак марказий нерв билан боғлиқ безовталик. Балки унда сувсизланиш ҳолати рўй бергандир. Ана шунда сувни истеъмол қилаётган тўғри усулларни кўрсатамиз. Истеъмол қилаётган дориларнинг қай биридир шу ҳолатга сабаб бўлаётгандир. Бемор ўзи билан кечаётган ҳар бир жараённи тўғри қабул қилиши лозим. Кўп ҳолларда ана шундай вазиятда беморлар ваҳмга, ҳаяжонга тушишади, сўнг дори ичишни зудлик билан тўхтатишади. Беморга ҳамшира дори қабул қилаётган ёки даволанаётган пайтда юзага келаётган ўзи билан кечаётган барча ҳолатлар ҳақида тўғри маълумотга эга бўлиши лозим. Ҳамшира унга тўғри тушинтириш олиб борсагина, бемор бу мураккаб вазиятлардан чиқа олади. Беморни ваҳимага тушириш, қўрқитиш, касаллиги ҳақида нотўғри маълумот бериш ҳам беморнинг даволанишига таъсир кўрсатади.

-Сил билан оғриган беморларда одатда ҳасталикдан уялиш, тушкинликка тушиши ҳамда атрофдагилари, яқинлари томонидан камситилиш каби ҳолатлар юзага келиши мумкин. Бизга маълумки, сизнинг дориларга турғун сил  йўналиши бўйича фаолият олиб бораётган ҳамшираларни кўпайтириш мавзусидаги тадқиқот ишингизда Хитой, Россия, Африка давлатлари ҳамширалар тажрибасини қайд этилган. Хўш, уларда ушбу руҳият билан боғлиқ жараёнлар қандай олиб борилади. Шунингдек, мамлакатимиздаги бир неча йиллик тажрибаларнингиздан келиб чиққан ҳолда бу жараёнда ўзбекистонлик ҳамширалар фаолиятини қандай баҳолайсиз?

Хитойлик ҳамширалар ҳамкорлигидаги беморлар билан суҳбатлар жараёнида уларнинг беморларга юзни олиб қочиб мулоқот қилишганини кўп кузатгандим. Бу эса беморга салбий таъсир қилишини, унга нисбатан ишончсизлигини уйғотишини айтганимда, улар бу танқидимни тўғри тушишинишди. Ҳозир хитойлик ҳамшира дўстларим ҳам ўз бемори билан тўғри ва самимий кўришишади. Бошқа, хусусан, Осиё мамлакатларида ҳамширалар бемори билан қўл бериб, яқиндан хол сўрашишади. Биласизми, одатда бемор билан мулоқотдан олдин турли юз ниқобларини ишлатишимиз лозим. Буни аксарият беморлар тўғри қабул қилмай, ўзи билан боғлиқ кечинмаларни яшришга уринади. Бу жараённи ҳам беморга тўғри тушинтиришимиз керак. У ҳам атрофдагиларга нисбатан ғамхўр бўлиши керакда. Ўзбекистонлик ҳамшираларнинг аксарияти эса ушбу ниқоблардан кам фойдаланишади. Уларнинг беморларга нисбатан ғамхўрлиги, бир бирларини оғир вазиятларда қўллаб қувватлашлари мени ҳаяжонга солди. Айниқса, бир ҳамширанинг ҳикоясидан қалбим жунбишга келди. Унинг сил касаллигига чалиниб, тушкунликка тушиб, яшашдан умидини узиб, жонига озор бераётган пайтда ҳамширанинг «ўзингизни ўйлайсиз, аммо атрофдаги яқинларингиз, фарзандларингиз, аёлингизни ҳам ўйланг. Сизнинг соғлигингиз улар учун ҳам муҳим» деган гапларидан кейин ўша беморнинг тузалишга ҳаракат қилгани, дориларини яна қайта ичганини айтганида тўлқинланиб кетдим. Бундан ташқари, мамлакатдаги барча фтизиатрия деспансерларида йўлга қўйилган «Қўллаб қувватлаш» гуруҳларининг ўзига хос фаолият юритаётганини, потранаж ҳамширалар фаолияти йўлга қўйилиб ҳатто маҳалла тизимида бу касалликлар эрта аниқланаётганини юқори баҳолайман.  Жараёнлар ана шундай давом этса яқин келажакда Ўзбекистонда силни тўхтатиш стратегияси ўзининг ижобий натижасини беради.

-Кэрри хоним айтингчи, Ўзбекистонда силни тўхтатиш стратегиясини амалга ошириш жараёнларини қандай баҳолайсиз?

Хабарингиз бўлса, ушбу мавзуларда биз мамлакатдаги Хоразм, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ҳамда Тошкент шаҳарларида турли мавзуларда ўз маърузаларимиз  билан маҳорат дарсларини ташкил қилдик. Бу жараёнларда айниқса, тиббиёт йўналишидаги ҳамширалар олий мактаблари талабалари, ҳамда чекка чекка ҳудудлар хусусан Қашқадарёнинг турли фтизиатрия бўлимларида фаолият юритаётган ҳамширалар билан суҳбатлашиб, уларнинг тажрибаларини ўрганиб, билим ва малакаларини оширишга амалий ёрдам бердик. Ўқув дарсларидан сўнг ҳамшираларни  сертификат ҳамда диплом билан тақдирладик. Талабалар ҳамда ҳамшираларнинг биз билан ҳатто таржимонсиз мулоқотга киришишлари бизни ҳайратлантирди. Ўйлайманки, тарғибот ва ташвиқотлардан сўнг Ўзбекистонда яқин орада сил беморлар сафи камаяди. Бунинг учун  бизга яқиндан кўмаклашаётган мамлакат раҳбарларига ҳамда фтизиатрия ва пульмонология бўйича ихтисослашган республика илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарлари ходимларига ташаккур билдирамиз.

Самимий суҳбатингиз учун сизга ҳам катта раҳмат.