Суратда Феруза Ғаниева (ўнгда биринчи). Ҳамкасблари билан мулоқотда 

Шундай инсонлар борки, қилаётган иши унчалик кўзга кўринмаслиги мумкин. Лекин уларнинг ҳаётда ўз ўрни бор.Улар қилаётган ишини оддийгина кунлик юмуш деб ҳисобласа, атрофдагилари  олийжанобликка кўтаради. Ахир уларнинг саховатга тўла олтин қўлларида қанча беморлар тузалиб, дардига шифо топмади дейсиз. Кўринишидан ҳам юзидан самимийлик уфуриб турган, камсуқум, содда, камтарин у нигоҳларда сеҳр бордек туюлаверади менга.

Қарши туман Кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли сил касалликлар бўлимида ўттиз йилдан кўпроқ фаолият юритаётган Феруза Ғаниеванинг кулиб турган чеҳрасига боқар эканман, ана шу фикрлар ҳаёлимдан ўтди. Бўлим мудири вазифасида ишлаётган бўлсада, ҳамкасблари у кишини устози, деб билишади.

Феруза опанинг ўзи ҳам беморларини қулочини кенг очиб, бағрига босиб «Қизим, синглим, ўғлим, отажон, онажон» дейишни канда қилмайди.  Шундан у кишини сўраб келувчиларнинг сафи кўп.

«Беморга ўз болангдек қара…»

1991  йили университет талабалари ўз йўналишларини белгилаб олиш учун мутахассисликларни -кимдир болалар шифокори, кардиолог, гениколог, стаматолог, яна бошқаси шунга ўхшаш соҳани танлади. Ёш Феруза эса ҳеч иккиланмай фтизиатр бўлишни ният қилди.  Талабалар бу соҳаларни ўқув йили мобайнида олган биимларига, қизиқишларига таяниб танлаган бўлса, Феруза опанинг бу танловига кўнгилчанлиги, нозик қалби туртки бўлди.

-Ёшлигимда катталардан бу касаллик оғирлигини, унинг давоси мушкуллигини эшитганим учун, талабалик йилларимда сил диспансерларида даволанаётган беморларнинг нигоҳларини кўриб, худди менга ёрдам беришимни сўрашаётгандек туюларди, -дейди Феруза Ғаниева. — Бу касаллик тарихи ҳақидаги кўп китобларни қолаверса, устозларимизнинг маърузаларини тинглагач, менга илинч билан боққан беморларимга касалликнинг давоси борлигини, фақат уни сабр ва эътибор билан енгиб ўтиш кераклигини айтиб, даволанишга ундайдиган бўлгандим. Тўғриси, аслида ҳам шундай, касалларга раҳмим келгани учун ҳам фтизиатр бўлишга аҳд қилгандим. Ҳозир ҳам беморларимга боғланиб қолганман.  Тўғри ота-онам биринчилардан бўлиб бу соҳани танлашимга қарши эди. Қолаверса, атрофдаги дўстларим, танишларимиз ҳам доим «бу соҳани танлаб чакки қилдингиз, қўйинг шу касбни»дейишди. Сир эмаски, у пайтда жуда камчилик бу соҳани танлаган.

Шундай қилиб эгнига фтизиатр бўлиб оқ халатни кейган Феруза Ғаниева Қашқадарё вилоят сил диспансерига фтизиатр Ҳалима Тўйчиева қўл остида ишлай бошлайди. Қаҳрамонимиз бир йил давомида соҳанинг сир асрорини ўрганиб, Ҳалима Тўйчиеванинг тавсияси билан Қарши туман сил касалликлар диспансерида фтизиатр йўқлиги сабаб ишга ўтказилди.

Устозим Ҳалима Тўйчиева зукко, доно аёл эдилар, — дейди Феруза опа. — Шунинг учун ҳам биздан зукколикни талаб қилар, соҳага оид билимларни эса ўзлари ҳам эринмасдан тушинтирар эдилар. Айниқса беморлардан чўчимасдан, ҳар бири билан алоҳида алоҳида суҳбатлашишни, касаллик тарихи ҳақидаги маълумотларни эринмасдан қайд дафтарчасига ёзиб боришни тайинларди. Айниқса, «беморга қандай муомилада бўлсанг, у ҳам сен билан шундай муомилада бўлади» дер эдилар. Мулойимлик у кишининг биринчи иш усули бўлган. Шундан беморлари ҳам ўзи билан кечаётган барча жараёнларни айтар, у киши эса ўша жараёнларга изоҳ бериб, «барчаси ўтиб кетишини, оёққа тезда туришини» айтиб кўнглини тоғдек кўтарар эдилар. «Беморга ўз болангдек қара, унинг касаллигидан бош тортма» дегани ҳам хали ҳануз қулоғим остида жаранглайверади.

Шу-шу Феруза опа беморлар билан ҳатто касаллик юқади ҳам деб ўйламас, ўз яқинидек суҳбат қуришга одатланди.

«Дори ичмайдиган беморгинамей…»

Суҳбатимизнинг шу ерида эшик қаттиқ зарб билан очилиб, қошлари чимирилган бир аёл зарда билан ичкарига кирди. Феруза опа ҳозир туриб жахл билан уришиб солади деб ўйлагандим. Қайтанга ўрнидан туриб у аёлга мулойимлик билан салом бердида ўз ўрнига ўтиришини таклиф қилди. Феруза опанинг бу ишидан аччиқландим. Унинг бу муомиласига худди ўзидек жавоб бериш керакку аччиқландим ўзимча. Феруза опа ундай қилмади. Уни силаб сийпалади. «Сингилжоним, гўзал синглим» дея унинг кўнглини олди.  Аёл бу мулозаматдан кейин бояги ҳовуридан тушди.

-Унинг беморлиги, унда кечаётган руҳий стрессларни инобатга олиб, ҳаста инсонга юмшоқлик билан муносабат билдириш керак, дейди шифокор Феруза Ғаниева. -Ўзи каби муомилада бўлиш ярамайди. Беморнинг кўнгли нозик, таъсирчан бўлади. Уни тушина билиш, туйғулари билан ҳисоблашиш лозим. Айниқса у билан узоқ муддат гурунглашиб ўтирсангиз, у ўзини сизга янада яқинроқ тутади. Бор кечинмалари билан ўртоқлашади. Ана ўшанда уни даволаш осон кечиб, дориларини вақтида қабул қилишга имкон яралади.

Биласизми(кулиб) беморларим билан шунчалик яқин бўлиб кетганмизки, ҳатто қўл телефоним «контакт»и уларнинг номери билан тўлибди.  Баъзида қисқа қўнғироқ юборишади. Тезда қайтиб чиқиб улар билан  узоқ муддат суҳбатлашамиз.

Биз доим биргамиз!

Улар орасида касаллигидан уялиб, яширишимни, уйига бориб кўришимни илтимос қиладиганлар ҳам кўп топилади. Ана шундай вазиятларда ўша беморимизни «Қўллаб қувватлаш» гуруҳимизга таклиф этиб, ундаги уялишни бартараф этамиз.

Бизнинг қўллаб қувватлаш гуруҳи учун махсус хонамиз барча замонавий рангли, катта экранли телевизор, энг сўнгги русмдаги совутгич иситгичлар ҳамда шахмат шашка доскалари, теннис столлари билан жиҳозланган. Беморлар ҳар ойнинг йигирманчи санасида бир пиола чой устида мароқ билан суҳбат қуришади.

Шу суҳбатларни четдан кузатар эканман, уларнинг бир бириларидаги касаллик тарихи, тузалиш жараёнлари, қолаверса ўзлари билан кечаётган мураккаб ҳолатлардан қандай фориғ бўлишаётганини бир бирларидан сўрашаётганини устидан чиқаман. Биласизми, биз шифокорлардан кўра улар ўзи каби беморлардан тузалиб кетиш жараёнлари, касаллик ҳақидаги билимлари билан ўртоқлашса,  энг «инжиқ» бемор ҳам тузалишга, дориларини вақтида ичишига ёрдам бўлар экан.

Бу гуруҳга уларнинг оила аъзоларини ҳам чақирамиз. Уларга ҳам касаллик тарихи, унинг тузалиб кетиши учун қандай ёндашиш керак? У билан қандай муомилада бўлиши керак? Бемор тузалиши давомида қандай мураккаб жараёнларни бошидан кечиради- барини сўзлаб берамиз. Ҳатто бир аёлнинг турмуш ўртоғи аёли касалликка учрагандан кейин  атрофдагилардан бу касалликнинг давоси йўқлиги ҳақидаги нотўғри маълумотни эшитгач, ундан воз кечмоқчи бўлганини, «Қўллаб қувватлаш» гуруҳига келгач эса барча ҳавотирлари тумандек тарқагани, аёлини тузалиб кетиши учун ёрдам бераётганини айтиб берганида қилаётган ишимиздан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Касбимиз билан фахрландик.

Гуруҳнинг яна бир фойдали томони беморларимизни ҳар ойда бир марта кўрикдан ўтказишга имконият яратилади.  Бу билан чекланмай, ҳар бир ҳамшира учун беморнинг уйига ташриф буюриш харитасини тузиб берганмиз. Қайси куни қайси ҳамшира қайси беморнинг уйига боришини ўша харитадан билиб олишади. Бундан ташқари, маҳаллаларда касаллик ҳақида маълумотлар бериб, аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишда турли сил ҳақида маълумот берувчи плакатлар, брашураларни тарқатиб чиқамиз.

Ҳа, ишхона касбига содиқ инсонларнинг иккинчи уйи. Негаки улар бу ерга фақатгина даромат топиш илинжида эмас, атрофдагиларига меҳр улашиш учун ҳам боришади.

Дилбар аёл, ширинсухан Феруза опа Ғаниева билан суҳбатимиз чоғида ана шундай хулосага келдигу, шифокорнинг беморлари  дуо қилганидек «Умрингиздан барака топинг Феруза опа» дегимиз келди беихтиёр.

Ҳулкар Фармон қизи