Ушбу савол кўпчиликни ўйлантириш шубҳасиз. Бироқ, бу борада шубҳага берилиш ҳам унчалик тўғри эмас. Чунки, касалликнинг илк даврида даво чоралари кўрилса бемор, албатта, тузалиб кетади. Бунга фақат бемор қалбида ишонч, ка салликни енгишга куч бўлса кифоя. Бу менинг фикрим эмас, касбимиз тақазоси билан сил касалликлари бўйича шифокорлар билан мулоқотда бўлганимизда шундай фикрларни билдиришган. Касалик ҳақида бежиз сўз юритмадик. Бугун сайтимиз орқали шифокор Қувончой Машарипова касалликни келтириб чиқарувчи омиллар, айрим шубҳали саволларга жавоб бериб ўтадилар.

-Айтинг-чи, сил қандай касаллик, у соғлом одамга қандай ҳолатларда юқади? Нега биз уни жамият муаммоси дея таърифлаймиз?

-Сил-юқумли касаллик бўлиб, бунда асосан ўпка, кам ҳолатларда мия ва унинг қобиқлари, лимфатик тугунлар, умуртқа, бўғимлар, буйраклар, ичаклар ва бошқа оргонлар зарарланади. Бу касаллик соғлом одамга бемор йўталганда,  аксирганда ажралиб чиқадиган томчи орқали юқади. Айниқса, грипп бўлган одам бу касалликни оддий вируслар орқали ҳам юқтириб олиши мумкин. Агар бемор вақтида даволанмаса у бир йил давомида 10-15 одамга юқтириши мумкин. Касалликнинг белгиларини қандай аниқлаш мумкин? Бунда беморда дастлаб чарчаш, лоҳаслик, терлаш пайдо бўлиши мумкин. Касаллик ривожланганда эса дармонсизланиш, тана ҳароратининг ошиши, йўтал, кўкрак оғриши, иштаҳанинг йўқолиши, ишлаш иштиёқининг пасайиши каби ҳолатлар кузатилади. Шу ҳолатда бемор вақтида шифокорга мурожаат қилмаса унинг аҳволи яна оғирлашиб, натижада юқорида айтиб ўтган белгилар кучайиб доимий йўтал пайдо бўлади. Аввал шилимшиқ, кейин йиринг аралаш балғам ажралади, оғир белгисида бемор қон тупура бошлайди. Ҳеч бир инсон ўз соғлигига бефарқ бўлмаслиги керак. Йўтал 2 ҳафтадан ошдими, демак тиббий муассасага мурожаат қилиб, текширувдан ўтиши шарт. Текширув ҳам, касалликни даволаш учун бериладиган дори-дармонлар ҳам ҳукуматимиз томонидан бепул амалга оширилади. Жамият муаммоси дейишимизга келадиган бўлсак кўпчилик учун сил жуда қўрқинчли, уни худди тузалмас дард деган ўй ҳали-ҳануз инсонларда мавжуд. Шунинг учун биз уни шундай муаммога айлантирганмиз. Бироқ, касалликни илк даврида кўрилган даво-чоралар ундан бутунлай халос бўлишга ёрдам беради. Беморни фақат қўллаб-қувватлаш, яхши бўлишига ишонтириш, энг асосийси берилган дориларни вақтида қабул қилиш керак.

-Касалликни даволашда, тўғри ва аниқ ташхис қўйишда, нималарга эътибор қаратилади?

— Сил касаллиги балғам суртмасини бактериоскопия қилиш, флюорография, рентген, туберкулин синамаси каби усулларда аниқланади. Бунда нафас йўлидан балғам олинади ва микроскопик текширув билан текширилади. Бу текшириш ва  ташхиснинг энг самарали усулидир.

Касаллик икки хил босқичда даволанади.  Биринчи босқичда даволаниш 2-3 ой давомида амалга оширилади. Бу давр мобайнида беморга сил бактерияларини йўқ қила оладиган 4-5 та силга қарши дори қўлланилади. Иккинчи босқич 4 ой давомида амбулатория ёки стационар шароитида амалга оширилиб, унга қўлланиладиган дори-дармонлар ҳужайралар ичидаги бактерияларни батамом йўқ қилади. Касалликни илк бор орттириб олган бемор дориларни қабул қилгандан сўнг унга деярли салбий таъсир сезилмайди. Буткул тузалиб кетишни истаган бемор сил касаллигини узлуксиз даволаши керак.

-Сил юқумли касаллик, уни юқтириб олган қиз ёки ўғил бола тақдири қандай бўлади? Улар оила қуриб, бахли яшай оладими?

-Ўринли савол, кўпчилик ўз жуфтини тўла соғлом, ҳар томонлама мукаммал бўлишини истайди. Бундай ҳолатларга жуда кўп учраймиз. Хатто,  баъзи бировлар ўғлим олдин касаллик билан оғриган, энди нима бўлади, оила қура олмайдими деган савол билан мурожаат қилишади. Йўқ, бу мутлақо нотўғри, биз бундай беморларни жамиятдан, ўзимиздан четлаштираолмаймиз.   Агар бемор яхши даволаниб, вақтида муолажаларни олиб, буткул соғайиб кетган бўлса, соғлом оила қуришга ҳеч нарса халақит бермайди, бу унга тўлиқ ҳақли. Яна бир муҳим жиҳати касаллик наслдан наслга ўтмайди. Агар бемор сил касаллигига чалинганини била туриб уни яширса биринчи навбатда атрофдаги одамлар, яқинлари учун хавф туғдирган бўлади. Охир-оқибат бу касаллик давосиз дардга айланиб қолиши мумкин.  Касалликни яширмаслик, уни тўғри даволаш энг мақбул йўл деб биламан.

Суҳбатингиз учун ташаккур.

Р. Исмоилова ёзиб олди.