Дардки сездирмасдан дил емираркан,

Инсонки бир озиб, бир семираркан.

Иложсиз, умидсиз, қолган пайтингда

Ҳа, деган туяга мадад бераркан.

(Бемор кундалигидан кўчирма).

“Лаборатор таҳлилий текширувлар сизни силнинг юқумли формасига чалинганлигингизни кўрсатмоқда. Вақтида стационар шароитда даволанмасангиз, саломатлигингизга жиддий зиён етади. Аҳволингиз оғир, аммо уни ўнглашнинг иложи бор”.

Фтизиатр шифокорнинг ушбу сўзларидан тушкунликка тушиб қолган Баҳриддиннинг кўз олдидан шу кунгача бошидан кечирган азоб-уқубатли, ночор кунлари кинолента тасмасидек бир – бир ўта бошлади…

Муҳожирлик унинг орзуси эмас эди. Аёлининг ҳашаматли ҳовлида яхши шароитда яшаш истаклари уни муҳожирлик манзиллари сари бўйлашига сабаб бўлди. Албатта, тўкин-сочин ҳаёт учун кўп пул топиш керак эди. Турмуш ўртоғининг ҳою-ҳавасга қуллигини биларди. Бироқ дўстлари ҳам хорижда ишлаб келиб, қўша-қўша машина олишаётганини кўргач, аёлининг бу орзу-умидлари ўзининг мақсадлари билан қўшилиб кетди. Баҳриддин ишлаш учун чет давлатлардан бирига боришга аҳд қилди. Ноқулай шароит ва оғир меҳнат, одатдагидан ташқари кўп иш соатлари бора-бора уни ҳоритиб қўйди. Чунки дам олиш соатлари ва кунларисиз муттасил меҳнат қилавериш оқибатида Баҳриддин ўзини олдириб қўйди. Баъзан ишга чиқолмай қолар, бу эса иш ҳақисига таъсир қилмай қолмасди… Унинг аҳволига ачинган атрофидаги дўстлари уни ўз юртига, оиласи бағрига  қайтишига кўмаклашиб юборади. Аэропортга тушгач, бироз  атрофга кўз ташлаб “ўз юртинг ўлан тўшагинг экан-а”, дея ичидан ўтказди…Уйига кириб келганида юзларидаги рангпарлигини кўрган онаси хавотирга тушди. Эртасига шифокорга кўринди. Ўпка текширувлари салбий натижаларни кўрсатгач, поликлиникадагилар сил касалликлари диспансерига мурожаат қилиши лозимлигини айтишди. Бу ердаги мутахассислар мулоҳазаси эса Баҳриддинни силга қарши даволаниши шартлигини кўрсатиб турарди.

Агарда бу гуруҳ бўлмаганида…

Тушкун ҳолда уйга қайтганини кўрган хотини нима бўлганлигига қизиқади. Эрининг силга чалинганлигини эшитгач, Нозлиянинг капалаги учди. “Мен сиз билан бирга яшай олмайман. Шукрким болаларимиз йўқ экан, акс ҳолда улар ҳам наслий касалликка чалинарди-да. Барча бизни наслий касал деб кўрсатади энди”.

Хотинининг гап-сўзлари кўнглига тегди.“Бу касаллик наслдан наслга ўтмайди, фақат юқумли бўлганлиги учун атрофдагиларнинг бу касалликка чалиниш эҳтимоли жуда юқори бўлади. Аслида, эшитган кишини сескантирадиганнинг давоси бор”. Энди шифокорнинг бу гапларини хотинига айтгани билан унинг қулоқларига гап кирмайди. У ўзининг ҳақиқати билан яшайверади. Тугун-термакларини йиғиштираётган Нозлия эрининг кўнглидан нималар ўтаётгани билан қизиқмади ҳам …

Албатта, Нозлиянинг қарорини ҳеч ким ўзгартира олмади. Улар орасидаги омонатгина турмуш парчаланиб кетди.

Оиласидан ажралгандан сўнг Баҳриддиннинг ҳаётга бўлган ишончи қолмайди. Умидсизлик ва тушкунлик гирдобида қолган кунларининг бирида ўзини аутрич-ишчи деб таништирган Нурбек билан учрашиб қолмаганида, қўллаб-қувватлаш гуруҳига ташриф буюриб у ердаги касалликка чалинган ва ундан фориғ бўлган, соғлом турмушга қайтган собиқ беморлар ҳикояларини тингламаганида ким билсин воқеалар қай тартибда ривожланиши мумкин эди.

Сабрга ярашган барака

Кейинчалик унинг ўзи ушбу гуруҳнинг доимий аъзоларидан бирига айланди. Касалликка қарши кураш баробарида, унинг келиб чиқиш тарихи, юқиш йўллари, дастлабки белгилари ва даволаниш тартиб-қоидалари тўғрисида батафсил маълумотларни ўрганиб борди.

“Мени ҳаётга, одамлар орасига қайтишимда қўллаб-қувватлаш гуруҳининг таъсири беқиёс. Агарда бу гуруҳ бўлмаганида, мен ҳозир сизларнинг орангизда юрмаган бўлардим”. Қўллаб-қувватлаш гуруҳининг навбатдаги учрашувларидан бирида Баҳриддин асосий қаҳрамон бўлишга рози бўлди. У касаллик туфайли ўз бошидан кечирган воқеаларни сўзлаб, синдан ҳам сил-бедаво эмаслигини, фақат инсон ўзида унга қарши курашишда сабр-тоқат ва куч топа олса етарли эканлигини сўзлаб берганди.

Аввалига икки ойлик стационар, кейинчалик 4 ойлик амбулатор даволаниш ўз самарасини кўрсатди. Аммо бу ҳали тўлиқ соғайиш эмасди. У яна узоқ муддат силга қарши бепул дори воситаларини шифокор назорати остида қабул қилишиталаб этиларди. Бир йиллик диспансер кузатуви ҳамда оилавий поликлиникага соғлом эканлиги тўғрисидаги шифокор қарорини эшитган кун унинг ҳаётида яшил чироқ ёнгандек эди. Энди унинг кўзи энди ҳаётни ёрқин рангларда кўра бошлади. Ҳали юрти, ота-онаси учун кўп ишлар қила олиши кераклигини тушуниб етди.  Икки йилдан сўнг яна қайтадан бахтли оилалар қаторига қўшилиш истаги пайдо бўлди. Айни кунда икки нафар фарзанднинг отасига айланган Баҳриддин уйланишдан аввал меҳнат биржасига бориб, ўзига мос иш излади. Маошини тўплаб уйланишга қарор қилганди. Аёли ҳам оқила ва самимий эди. У турмуш ўртоғининг топганига қаноат қиларди. Ортиқчасига ношукрлик деб қарарди. Турмушига барака олиб кирган бу аёл Баҳриддиннинг сабри учун яратганнинг совғаси эди.

Лобар КАРИМОВА