Ўн йил мобайнида силга чалинган беморларнинг ижтимоий ҳаётга қайтишига кўмаклашаётган қарши шаҳар сил диспансери бош шифокори Ноиба Иноятова билан гурунглашарканман, ҳар сафар беморларга бераётган ишончи, уларнинг ноумидликка берилишига йўл қўймаслик йўлида олиб бораётган тинимсиз ҳаракатларидан тўлқинланиб гапиришига маҳлиё бўлардим. Ўз касбий фаолиятидан фахрланувчи фтизиатр-шифокорнинг “Биз беморларимизнинг соғлом жамиятга аралашиб кетгунига қадар ҳам руҳан, ҳам тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга шаймиз”, деган гаплари ҳаёлимда айланаверарди. Бир фидойи шифокорнинг фаолияти давомида орттирган ҳаётий тажрибалари асосида юзага келган бу мулоҳазаларни унутишнинг сира иложи йўқ. Қуйида қаҳрамон исми ўзгартирилган мақолада ҳам ҳаётий воқеълик акс эттирилган.

Дилбар (исмлар ўзгартирилган) дераза ёнига жойлаштирилган қўш болалар беланчагида оҳиста тебраниб ётган эгизакларига термулар экан, мамнун жилмайди. Жавон тортмасидан бир неча йиллар аввал хасталикка чалинган ва у билан курашга киришган вақтида тутган кундалигини қўлига олди. Унинг биринчи варағига ёзилган ушбу сўзларни негадир яна бир марта ўқигиси келди. Гарчи бу жумлалар шеър каби хотирасига ўрнашиб қолган бўлса-да, бу сўзларни такрор-такрор ўқишни хуш кўрарди.

“Энг гуллаган ёшлик чоғимда сенга дуч келганимдан афсусда эмасман. Чунки бу ёшда мен-навқирон, кучга тўлган ва курашувчанман.17 ёшимда синмас ирода ортидан сўнмас умидлар сари ташлаган қадамларим мени адаштирмасин. Барчасини орқада қолдиришга ўзимда куч топа оламан”.

…Дилбар бундан нақ тўрт йил олдин 17 ёшида силнинг дорига турғун турига чалингани, лаборатор таҳлиллар билан овора бўлганию, силни енга олишига бир кун ишониб, бир кун ишонмай юрган кезларини эслади. Оғир йиллар эди. Кунлар кетидан ойларни кутиб,ойларни эса йилларга улаб яшарди. Ўшанда фтизиатр шифокорнинг  “Мана қаранг, айни вақтда сиз, мен ва касаллик уч нуқтада жойлашганмиз. Агар сиз мен томонга ўтсангиз, менинг айтган гапларимга қулоқ тутсангиз, касаллик ёлғизланади. Бу бизнинг ярим ғалабамиз дегани. Қолган гапларни вақти соати билан тушунтириб кетавераман. Менга ишонаваеринг, бу касалликка қарши биргаликда курашсаккина уни енга оламиз. Сизгача ҳам кўпчилик бу маррани ошиб ўтишган. Мен сизни ишонтириб айтаманки, у наслдан-наслга ўтмайди. Агар исмингиздан куч олсангиз, бизга ва яқинларингизга тўла ишонч билдирсангиз, силни батамом орқага чекинтира оламиз”, деган гаплари рост чиққанлигини эслаб хотиржам бўлди.Айнан мана шу жиҳати учун ҳам Дилбар силга қарши курашишни бошлаганди.

“У ёш танлаб ўтирмас экан”

Унинг касаллик ҳақида англаган биринчи ҳақиқати эди бу. Ташхисни эшитган бутун оила-аъзолари тушкунликка тушганди. Онаси эса энди қизини турмушга чиқа олмаслиги, фарзанд кўра олмаслигидан хавотирланарди. Фақатгина шифокорнинг далдаси, далилларга асосланган ишончли мулоҳазали уларга далда бўлганди. Келишувга кўра у биринчи кундан амбулатор, яъни уй шароитида даволанишни бошлайди. Ўз ҳовлисида ва ўз хонасида. Фақатгина шифокорлар инфекцион назорат тартиб-қоидаларига риоя этиш зарурлигини оила-аъзоларига қаттиқ тайинлашганди.  Дилбар учун алоҳида хона, идиш-товоқлар ва эҳтиёжига керакли барча жиҳозлар ва воситалар ҳозирлаб беришади. Ҳаттоки дориларни ҳам уй шароитида тиббиёт ходимининг назорати остида 24 ой давомида қабул қилди. Жисмоний фаолликка қайтиши учун кетган2 йил бесамар кетмади. Таҳлилий-текширувлар бумуддат оралиғида ўпкада бирорта ҳам сил микобактериясининг қолдиғи йўқлигини тасдиқлагач яна икки йил диспансер назорати ва кузатувида турган Дилбарга шифокорлар батамом тузалди, соғлом деган хулосани беришади. Шундан сўнг оилавий поликлиника кузатувига юборилган Дилбар соғлигини тиклаш учун узоқ йўл босиб ўтди. Мана шу йилларнинг илк олти ойида у руҳан тикланишга қарор қилди. Руҳан тетиклик, борган сари ҳаётга ва яшашга ишончини ошириб борди…

Энг муҳими, у тузалди. Ундан ҳам муҳими эса у она бўлди. Дунёга келган Ҳасан-Ҳусанлари унинг қўш қанотлари…

Турмуш ўртоғи ҳам шифокор бўлгани учунми, аёлини тўғри тушуна олди. Биринчи учрашувдаёқ силга чалингани ва даволаниб чиққанини айтиб, бемор кунларида тўлдирилган мана шу эски кундалигини бўлажак турмуш ўртоғининг қўлларига тутқазганидайигитнинг ҳайрон бўлмаганидан ҳайратланганди. Йигит эса бўлғуси умр йўлдошининг ростгўйлигини қадрлаб, унга китоб дўконидан янги бир кундалик дафтари олиб берганди.

“Бунисини асраб қўйинг, янгисига эса фақат бахтиёр кунларимизни ёзиб боринг”, деб дастхат ҳам қўйиб берганди ўшанда.Шундай буёнушбу янги кундаликнинг варақлари Дилбарга ваъда қилинган ширин турмушнинг бахтли лаҳзалари қайди билан тўлиб тошганди. Бирваракайига бир эмас нақ бир жуфт-эгизакларнинг онаси бўлгани, унинг керакли вақтда топа олган сабр-бардоши учун тақдирнинг унга аталган мукофоти эди.Аввало, оила аъзоларининг уни қўллаб-қувватлаши ва ҳаётга бўлган ишончини орттира олишида  эвазига олган мукофотлари бугун унинг турмушини файзга, қўйнини эса фариштадек беғубор эгизикларга тўлдириб турарди.

Силнинг давоси борлигига дастлаб ишонқирамаганди. Дўхтирлар айтаверади. Беморни кўнгли учун гапиришга ўрганиб қолган улар, дея ўйлаган нохолис ўйларидан ҳам уялиб кетди. Ҳа, бу-номи қисқа, давоси узоққа чўзилувчи касаллик билан боғлиқ хотиралар унинг эски кундалик саҳифалари орасида қолганди. Олдинда эса порлоқ келажагининг нурлари – эгизакларининг кулгуси қалбини қамаштирарди.

Лобар КАРИМОВА