Бухородаги “Сиёвуш” меҳмонхонаси конференциялар залида 23-26 июль кунлари вилоятнинг туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларидан чақирилган 21 нафар умумий амалиёт шифокорлари учун ўқув семинари бўлиб ўтди.

“Силга қарши дориларга кўп чидамли (МЛУ/ТБ) сил касаллигини амбулатор шароитда даволаш” мавзусида ўтказилган тўрт кунлик ўқув семинари машғулотларига USAID  халқаро ташкилотининг  “Projeсt HOUP” лойиҳаси мутахассис-тренерлари Раъно Қурбонова, Суннатилло Абулкасимов, шунингдек, Бухоро вилоят сил касаллиги диспансери врачлари – МЛУ бўлими мудири Рафиқ Жумаев, бош врач муовини Жамшид Раҳимовлар тренерлик қилдилар.

Дунё ва Ўзбекистонда, жумладан, Бухоро вилоятида силга қарши курашнинг бугунги аҳволига оид статистик маълумот ва маърузалар тақдимотларидан сўнг тингловчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, беморларни амбулатор шароитда даволаш усуллари, амалиётда дуч келинадиган муаммолар, силга қарши дориларни ишлатиш, назорат остида даволашнинг ҳолатий масалалари бўйича шуғулландилар.

Аҳоли орасида сил касаллигининг аниқланиш кўрсаткичлари бўйича Бухоро вилояти республикада иккинчи ўринга чиққанлиги бу ерда касалликка қарши кураш, профилактика ва даволаш ишлари тизимли йўлга қўйилганлигини кўрсатади. Семинарда махсус тайёргарликдан ўтган ва сертификат олган умумий амалиёт шифокорлари аҳоли орасида сил касаллиги тарқалишини камайтириш борасида янада самарали фаолият юритиш қувватига эга бўлдилар, деб айтиш мумкин.

Шамсия ТУРСУНОВА