Ўзбекистон сил касаллиги лабораториялари мутахассислари АҚШ ҳомийлигида Қозоғистонга уюштирилган ўқув сафаридан қайтдилар. Мазкур сафар давомида улар Қозоғистонинг Миллий сил касаллиги ва пулмонология маркази ҳамда Олма-ота ва Остонадаги ҳудудий лабораторияларга ташриф буюрдилар ва у ерда ўз ҳамкасблари билан учрашиб, касалликка текшириш ҳамда лабораторияни бошқариш бўйича маълумотлар билан алмашдилар.

Америка Қўшма Штатлари ҳалокатли, аммо давоси мавжуд бўлган мазкур касалликка барҳам бериш борасида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликда ишлашга аҳд қилган. Сил касаллигига барҳам бериш учун мақсадга йўналтирилган минтақавий ва глобал сайъ-ҳаракатлар талаб этилиб, мақбул равишда маълумот алмашиш ҳамда парваришни давом эттириш борасидаги миллатлараро касалликни назорат қилиш механизмларига асосланган бўлишлари лозим. Ўқув сафари иштирокчилари томонидан олинган билимлар ва орттирилган кўникмалар хасталикнинг олдини олиш, уни аниқлаш ва даволаш борасида ҳар иккала давлатда ва бутун Марказий Осиё ҳудудида амалга оширилаётган фаолиятларни кучайтиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослашган фтизатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази  сил касаллиги лабораториялари мутахассислари, шунингдек, Бухоро, Қарши, Навоий, Ургенчдаги ҳудудий лабораториялар вакиллари Америка Қўшма Штатлари Халқаро ривожланиш агентлиги (ЮСАИД)нинг Сил касаллигига қарши курашиш дастури томонидан ташкил этилган ўқув сафарида иштирок этдилар. Ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий сил касаллигига қарши кураш дастурларининг таркибидаги устивор вазифлардан бўлиб, мазкур дастурлар хасталикнинг олдини олиш, ташҳис қилиш ҳамда даволаниш имкониятларини барчага тақдим этиш орқали ушбу касалликнинг юкини камайтиришга қаратилган. Сафар мобайнида Ўзбекистондаги лабораториялар мутахассислари АҚШда ишлаб чиқарилган “GeneXpert” асбобидан фойдаланган ҳолда ўз малакаларини янада чарҳлаш имконига эга бўлдилар. Мазкур мослама сил касаллигини тезкор ташҳис қилиш ва самарали даволаш услубини аниқлаш имконини беради. Ўзбекистон ва Қозоғистонлик ҳамкасблар сил касаллигини аниқлаш тестларининг аниқ бўлиши, лаборатория биоҳавфсизлиги ҳамда маълумотларни электрон киритиш ва алмашиш бўйича сифатни бошқариш борасида ҳам тажриба алмашдилар.

Америка Қўшма Штатлари ўзининг умумий қиймати 7,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Сил касаллигига қарши курашишга қаратилган 5 йиллик дастури орқали Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Сил касаллигини олдини олиш миллий дастурини амалга оширишда кўмаклашмоқда. Мазкур дастурнинг асосий мақсади Ўзбекистонда сил касаллиги юкини камайтириш ва касалликнинг кўп дори-дармонларга турғун шаклларини олдини олишдан иборат. Дастур соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, идоралараро мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни такомиллаштириш, шунингдек, сил касаллигини диагностикаси ва даволашдан фойдаланишни кенгайтириш билан боғлиқ бўлган кўплаб тадбирларни ўз ичига олган.