-Сил ирсий касаллик эмас, у наслдан наслга ўтмайди. Фақат бемор оила аъзолари билан яқин мулоқотда бўлганлиги сабабли, уларга касалликни юқтириши ва касаллик оилавий тус олиши мумкин.

-Бемор билан бир умр бирга яшаганда ҳам сил юқмаслиги мумкин. Бунинг учун санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, организм иммунитетининг тушиб кетишига йўл қўймаслик керак.

Эсингизда тутинг! Даволаниш давомида сил касаллигини юқимлилиги камайиб боради.

-Сил касаллигини аниқлаш ва даволаш хизматлари бепул кўрсатилади.

-Ҳар йили бир марта шифокор назоратидан ўтиб туринг.

— Дуч келган жойга тупурманг. Эсингизда бўлсин, сил микроблари тупроқда, оқар сувда бир неча ойгача яшаш хусусиятини сақлаб қолади.

— Кашандалик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби иллатларни шаклланишига йўл қўйманг.

Ҳозирги вақтда силга қарши эмлаш (БЦЖ) туғруқхонада, чақалоқ ҳаётининг биринчи кунларида ўтказилади. Эмлашнинг таъсири 5-7 йилдан кейин камаяди. Шу муносабат билан қайта эмлашлар ўтказилади.

Шахсий гигиенага риоя қилинг:

— Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг. Қишда форточкани ҳар куни 1-2 соатдан 3 маҳал очиқ ҳолда сақланг, илиқ ва иссиқ кунларда эса деразани кун бўйи очиб қўйинг.

— Хоналарга қуёш нури тушиб туришини таъминланг. Сил таёқчалари зах ва қоронғи жойларда узоқ вақт сақланиб қолади.

— Хоналар, жиҳозларнинг чангини нам ёки ҳўл латта билан артиш лозим.

— Ўрин-кўрпа ёстиқ каби ювилиши қийин бўлган буюмларни офтобга ёйиб туринг.

Унутманг! Сил касаллиги бедаво эмас. Ўз вақтида тўғри даволанса, бу касалликдан бутунлай соғайиш мумкин.

Бахтигул Юнусова тайёрлади.