Бундан етти йилча илгари маҳалламиз бойларидан бири Икром ота ўғлини уйлантирган  эди. Орадан бир неча ой ўтиб, бу хонадонда жажжи  қизалоқ дунёга келди. Биз уларга қўшни яшардик, ўшанда ҳамма “Икромбойнинг келини етти ойлик туғиб қўйибди”, дея шов-шув  қилган эди. Муддатидан олдин туғилган кичкинтой Зарина жуда нозик эди, тезда касалликларга чалиниб қоларди. Шу йўсинда йиллар ўтди.

Олти ёшга тўлган Зарина қишнинг совуқ кунларида сурункали бронхит касаллиги билан оғриб қолди. Бувиси Зарифа ая негадир неварасини шифокорга  олиб боришни хоҳламасди. Ҳар куни маҳалладаги  момога олиб бориб, кинна солдириб келар, турли хил антибиотикларни шифокор маслаҳатисиз дорихонадан олиб келиб, неварасига ичирарди.

-Шу Зарифа аяга  ҳам ҳайронман, ҳеч эскича қарашларидан қутулмади-да, — дердилар қўшниникига чиқиб келиб, қизалоқнинг аҳволидан хабардор бўлган ойим.

Ойимнинг айтишларича, кучли антибиотикларни тартибсиз қабул қилаверган қизалоқнинг иммунитети  кундан кунга пасайиб бораверган. Бироқ Зарифа буви ойимнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам гапига қулоқ солмас экан.

Узоқ давом этган йўтал, ҳолсизлик, иситманинг тушмаслиги, боласининг иштаҳасизлиги келинчакнинг қалбида турли шубҳа гумонлар уйғотарди. Эндигина мактабга қадам қўяман деб турган қизининг бу аҳволидан жуда қаттиқ эзиларди. Қизини кўз олдида сўлиб бораётган гулга қиёсларди.

Қизалоқ аллақачон маҳалладаги дугоналаридан ажралиб қолган, қўни-қўшнилар Зарина силга чалинган, у билан ўйнаманглар, деб болаларига уқтириб бўлишганди.

Келинчак  боласини шифокорга олиб бориш кераклигини айтиб, қайнонасига ялинишдан чарчамасди. Зарифа ая эса бунга жавобан келинини жеркиб ташларди:

-Сил камбағаллар касаллиги, мени неварам бу касаллик билан оғриши мумкин эмас. Кимки, сил билан касалланса, ҳеч қачон тузалмайди, бу касаллик ўлим билан тугайди!

Кампир одамлар орасида тарқалган ана шундай нотўғри фикрга қаттиқ ишонарди ва болани шифокор кўригига олиб боришга рухсат бермасди.

Бир куни тонгда дарвоза тақиллади. Келинчак дарвозани очди, қараса патронаж ҳамшираси келган экан.

-Маҳаллага тиббий кўрик машинаси келган, барча мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши керак, — деди оқ халат кийган ҳамшира. –Тез боринглар, ҳа, айтганча болалар ҳам қолмасин!

Келинчакнинг қалбига кимдир  чироқ ёқгандек кўнгли ёришиб кетди, айнан шу патронажчилар унга ёрдам берадигандек гўё.

Қизини олиб, шифокорларнинг ёнига чопди. Шифокорлар Заринанинг  рентген натижаларини кўриб, тезда марказдаги сил диспансерига бориб, чуқур тиббий кўрикдан ўтиши кераклигини айтишди. Келинчак оила аъзоларининг қаршилигига қарамасдан қизини ўша ерга олиб борди.

Текширувлар натижаси  боланинг силга чалинганлигини кўрсатди. Врач  босиқлик билан ўз ташхисини баён қилди:

-Силнинг дастлабки белгилари мавжуд. Яхшиям қизчангизни олиб келибсиз, яна бироз кечиктирсангиз… Ҳечқиси йўқ, даволаса бўлади.

Келинчакнинг хаёлига қайнонаси қўрққан ўша ҳолат келди, кўз олди қоронғулашиб ўзини қўярга жой тополмади. Энди қизимдан аржалиб қоламанми, деб ўзини йиғидан тўхтатолмади.

Уйга келиб, қизининг аҳволини  оила аъзоларига маълум қилди. Энг аввало Зарифа ая буни эшитиб, таҳликага тушди. Буни ҳеч кимга билдирмаслик кераклигини, йўқса маҳаллада бош кўтариб юролмаслигини айтди.

Бироз вақт ўтиб хонадонга шифокорлар ташриф буюрди. Барча оила аъзоларини йиғиб, ҳамма чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши кераклигини, силнинг давоси борлиги, унинг ҳеч қандай асорати қолмаслиги тушунтиришди. Оиладагилар ўзларини қизиқтирган ҳамма саволларга жавоб олишди, айниқса Зарифа ая шифокорлар гапидан сўнг анча тинчланди. Кейинчалик  бу тушунтириш ишлари барча маҳалла  фуқаролари билан ҳам ўтказилди.

Заринани тезда шифохонага ётқизишди. У бир ярим ой давомида касалхонада шифокорлар назорати остида даволанди. Кундан-кунга қизалоқнинг аҳволи яхшиланиб чеҳрасида мамнунлик акс этиб турарди.

Узоқ вақт касалликдан чарчаган Зарина яна қувноқ ҳаётга қайди. Шўх болаликнинг ширин лаҳзаларини ўйин-кулгу билан ўтказадиган бўлди. Даволанишнинг 47-кунида шифокорлар уйга қайтишга руҳсат беришди, лекин ҳали даволаниш тугаманлиги, уйда яна  олти ой давомида дориларни қабул қилиши кераклигини такрор ва такрор тушунтиришди.

Уйга қайтган қизалоқни оиласи ва бутун маҳалла аъзолари очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Энди у ҳар куни кўчада дугоналари билан ўйнарди, ҳеч ким уни кўксидан итармасди. Оғир синовларни бошидан кечирган жажжи қизалоқ бир кун ҳам дориларини ичишни канда қилмади. Бўш вақтларида  соғломлаштирувчи бадантарбия билан шуғулланарди. Ота-онаси уни тез-тез ҳаво алмаштириш учун бошқа шаҳарларга  олиб бориб туришарди.

Шунда Зарифа ая узоқ вақт нотўғри фикрда юрганлигига афсусланди. У келини, ўғли олдида ўзини айбдор сезарди.

-Болаларим, мен сил бой хонадонга яқинлашмайди, деб хато ўйлаган эканман, касаллик бой-камбағални танламас экан, — дейдиган бўлди.

Олти ойдан сўнг тиббий кўрикдан ўтиш учун Зарифа ая невараси билан сил диспансерига борди. Таҳлил натижаларини кўриб, бу касаллик ҳақида  ваҳимага тушиб, нотўғри ўйлаганлигини  батамом тушуниб етди. Заринада ҳеч қандай сил таёқчалари аниқланмади.

У бутунлай соғайиб кетганди.

Шамсия ТУРСУНОВА,

журналист.