Сил оғир ва сурункали инфекцион касаллик бўлиб, инсоннинг ҳамма аъзоларини зарарлайди. Шу жумладан аёллар жинсий аъзоларини ҳам. Ўпкадан бошқа аъзолардаги сил касалликлари ичида аёллар жинсий аъзолари сили алоҳида ўрин тутади. Бу касалликнинг ўзига хослиги, туғруқ ёшидаги аёлларнинг нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммоларини ечиш кераклигини тақозо этади. Хоразм вилояти силга қарши курашиш диспансери фтизигинекологи Нигора Шарипова билан аёллар жинсий аъзолари силининг намоён бўлиши, ташхислаш ва уни даволаш хусусида сўзлашамиз.

Аёллар жинсий аъзоларидаги сил асосан қандай юқади?

Бугунги кунда ўпкадан бошқа аъзолар сил касалликлари ичида аёллар жинсий аъзолари сили 11,9 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткични ўтган йиллар билан таққосласа, касалланиш 2 баробар кўпайганини кўриш мумкин. Аёллар жинсий аъзолари сили қон ва лимфа тугунлари орқали тарқалиши мумкин. Сил инфекцияси ички жинсий аъзоларда узоқ вақт давомида ривожланиб, бу жараён балоғатга етиш, яъни жинсий етилиш давригача давом этади. Бироқ жинсий аъзолар силининг илк босқичлари клиник манзарасиз кечади.

Агар сил жараёни шу аъзоларда илк босқичида фаоллашса (камдан-кам ҳолларда), специфик жараён жинсий аъзоларга ва қорин бўшлиғига кенг тарқалиб кетади. Бу касаллик оқибатининг ёмонлашишига олиб келади. Жинсий аъзолар силининг яна ўзига хос кўриниши, ўсмирликдан олдин ва ўсмирлик даврида, яъни ҳимоя механизмларининг етилиш жараёни даврида сил касаллиги бирдан намоён бўлиши мумкин. Специфик жараённинг фаоллашишига олиб келадиган ҳолатлар бир-бирига ўхшаш бўлиб, жинсий аъзолар патологиясига боғлиқ бўлмайди.

Бундан ташқари жисмоний ва руҳий зўриқиш, совқотиш, сифатсиз овқатланиш, носпецифик касалликлар буларнинг ҳаммаси иммун тизимининг заифлашишига ва касаллик келиб чиқишига сабаб бўлади. Сил микобактерияси лимфоген йўлдан кўра, гематоген йўл билан кўпроқ тарқалади. Шунинг учун бу ҳолат жараённининг қорин бўшлиғига ҳамда бачадон найига тарқалишига сабаб бўлади.

Сил касаллиги таъсирида жинсий аъзолар фаолиятининг бузилишлари қандай намоён бўлади?

Беморларда асосий бузилишлар, 85 фоиз бирламчи бепуштлик билан намоён бўлади. Бачадон найи ўтказувчанлигининг бузилиши ёки тухумдондаги ўзгаришлар бепуштликнинг асосий сабаби ҳисобланади. Яллиғланиш жараёни узоқ вақт давомида бачадон ортиғида жойлашса, тухумдон склерозлашлари, бу эса ўз навбатида ҳайз ва кўпайиш функциясининг бузилишларига олиб келади. Маълумотларга кўра, бу ўзгаришлар, бепуштлик туфайли жарроҳлик йўли билан даволашда ўтказилганда 49,7 фоиз беморларда аниқланган.

Кўпгина беморларда ҳайз бузилишлари кузатилиб, унинг кеч бошланиши, кўп келиши, кам келиши, гоҳида келиши ёки умуман тўхташи 55 фоиз беморларда аниқланган. Жинсий аъзолар сили мавжуд беморларнинг 15 фоизида ҳайз олди синдроми кузатилади.

Бу асосан умумий аҳволнинг ёмонлашуви, бош оғриғи, уйқусизлик, тез жаҳл чиқиши, умумий баданнинг қичишишлари, кўкрак безининг таранглашуви, шишлар пайдо бўлиши каби клиник  кўринишлар билан намоён бўлади. Юқоридаги симптомлар ҳайз келишидан 1-2 ҳафта олдин бошланиб, ҳайз келиши билан йўқолади. Бу функционал бузилишлар нафақат жинсий аъзолар функциясининг бузилиши ва интокцикация билан боғлиқ, балки асаб системасининг турли бўлимларидаги ўзгаришларнинг кўринишидир. Жинсий безлар функционал ҳолатини ҳайз келишидан 1-2 кун олдин бачадон бўшлиғи шиллиқ қаватидан олинган қириндини гистологик текшириш ҳайз циклининг 7, 14, 21, 28 суткасида орқа қин гумбазидан олинган, гормонли ойнада тайёрланган суртмани цитологик текшириш ҳамда сил касаллиги мавжуд беморлар қонидан жинсий гормонлар миқдорини аниқлаш орқали амалга оширилади.

Аёллар жинсий аъзолари сили клиник кечишининг ўзига хос хусусиятлари қандай?

Аёлларда жинсий аъзолари сили клиник кўриниши ўзининг полиморфози ва яллиғланиш жараёнининг фаоллиги, яллиғланиш жараёни фазаси ҳамда унинг жойлашган жойи билан аниқланади. Сил билан айниқса бачадон найлари 100 фоиз ҳолларда, бачадон 40-60 фоиз, тухумдон 18-23 фоиз, бачадон бўйни 3,9 фоиз ҳамда қин 3,1 фоиз ҳолларда зарарланади. Жинсий аъзолар силининг асосий симптомларига умумий ҳолатнинг ёмонлашуви, қорин бўшлиғида тарқоқ оғриқларнинг пайдо бўлиши, метеоризм, вақти-вақти билан тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳайз циклининг бузилиши, бепуштлик, сил интоксикацияси, касалликнинг мавсумий қўзғалиши ва носпецифик терапия самарасининг пастлиги киради.

Аёллар жинсий аъзолари силига қандай ташхис қўйилади?

Аёллар жинсий аъзолари сили диогностикаси кўпчилик ҳолларда қийинчилик туғдиради. Ҳатто аёллар жинсий аъзолари сили ривожланишининг эрта босқичларида диагноз қўйиш мумкин бўлмаслиги ҳақида фикрлар айтилган. Бунинг сабаби шундаки, аёллар жинсий аъзолари сили кўп ўчоқли ва полиморфизм билан тавсифланади, шунингдек, клиник манзараси билан бошқа гинекологик касалликларга ўхшаб кетади, хусусан эрта босқичларида аниқлашда қийинчиликлар туғдиради.

Аёллар жинсий аъзоларининг сили биринчи босқичи аёллар маслаҳатхонасида аниқланади. Гинеколог бепуштлик, бачадон ортиғининг суринкали яллиғланган, ҳайзи бузилган беморлар ўртасида “хавфли гуруҳ”ни тузади. Текшириш жараёнида беморларда қин ажралмасини ва ҳайз қонини бактериологик ва бактериоскопик текширилади. Аёллар жинсий аъзолари сили комплекс диагностикасида рентгенда текшириш алоҳида аҳамиятга эга, яъни кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи рентгенографияси бажарилади. Бизнинг текширувларимизда жинсий аъзолар сили диагностикасида трансфармацион контрастли эхография услуби ишлаб чиқилган ва исбот қилинган. У туберкулин таъсирида бачадон ва ортиғи, шунингдек, бошқа сил билан зарарланган аъзоларнинг эхографик текстураси трансфармациясини ўз ичига олади.

Туберкулин юборилгандан кейин бошқа патологик жараёнлар фаоллашмаслиги, бу усулнинг ўзига хослигини таъминлайди, текшириш даврида беморлар кичик чаноқ аъзоларида УТТ ўтказилади. Асосан, бемор шифохонага ётқизилгандан кейин тери ости синамаси қўйилиб, ҳар 24, 48 соатда назорат қилиб турилади. Натижалар ҳайз циклига боғлиқ бўлиб, физиологик циклларнинг ўзгариши билан баҳоланади. Ўчоқли реакцияни мусбатлигини тасдиқловчи белгиларга бачадон найи интрамурал бўлимининг кўриниши, сактосалпинкс ҳолатини ва ҳажмининг ўзгариши билан таснифланади, бу ўзгаришлар ўзига хос провакция замирида ривожланиши ва бошқа УТТ белгиларининг кузатилиши, провакция таъсирида дуглас чуқурликларида сув йиғилиши ички жинсий аъзоларда яллиғланиш жараёни борлигидан далолат беради.  Янги технологияларнинг жорий этилиши, шунингдек, лапораскопик усули, ташхислаш имкониятини янада кенгайтирди. Чунки, лапораскопия усули аёллар жинсий аъзолари текширувида алоҳида ўрин эгалламоқда ва кўп беморларда жарроҳлик муолажаси ўрнини босмоқда.

Касаллик қандай даволанилади ва ундан бутунлай соғайишнинг имкони борми?

Албатта бор, агар касаллик ўз вақтида аниқланса, ундан ҳеч қандай асоратсиз соғайиб кетиш мумкин. Сил касаллигига қарши дори воситалари қўлланилиб, даволаш 2 ой мобайнида станционар ҳолатда ва 4 ой яшаш жойида даволанилади.

Муолажалар жами 6 ойни ташкил этади. Даволаш уч хил усулда олиб борилади улар: антибактериал, патогинетик ва симптоматик даволаридир.

Муолажалар тугагандан сўнг ҳам бемор бир йил давомида диспансер ҳисобида туриб, тиббий кўрикдан ўтказилиб турилади.

Ушбу касалликка чалинмаслик учун нималарга эътибор бериш лозим?

Энг аввало қизларимизнинг оналарига шуни таъкидлаб ўтишим жоизки, фарзандларингиз организмида кечаётган ҳар бир жараённи четда қолдирмасдан, шифокор билан маслаҳатлашиб, уларни тиббий кўрикка жалб этиб туриш лозим. Айниқса, балоғат ёшидаги қизларимизни тез-тез шифокор кўригига олиб бориш, келгусида уларнинг соғлом ўсиб улғайишига замин яратади. Саломатлик энг катта бойлик эканлигини ҳар доим хис этиб туришимиз лозим. Ҳар бир инсон ўз саломатлигини йилда бир марта назорат қилиб, тиббий кўриклардан ўтиб туриши шарт ва зарур. Ана шундагина биз организмимизда кечаётган барча жараёнлар хусусида ахборотга эга бўлиб борамиз.

Керакли тавсияларингиз ва маълумотларингиз учун раҳмат.

Мафтуна Рўзиматова суҳбатлашди.