Хабарингиз бор яқинда Қарши шаҳрида Силга қарши кураш масалаларига бағишланган жуда ҳам йирик ва нуфузли халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мазкур конференцияда кўплаб ривожланган давлатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар  юртимиздаги шу соҳада фаолият юритаётган мутахассисларга маҳорат дарслари ҳам ташкил этишди. Илмий-амалий анжуман доирасида ўтказилган ана шундай “master class”лардан бирида Қашқадарё вилоят Касби туман фтизиатрия бўлими БНОД (бевосита назорат остида даволаш) ҳамшираси Холида Шойиева ҳам иштирок этди ва шу кунгача эгаллаган билим, кўникмаларини янада мустаҳкамлаб, ўз малакасини ошириб олди.  Ўз навбатида биз ҳам  Холида опанинг иш тажрибалари ва таассуротлари билан ўртоқлашдик.

1999 йилдан буён ишлаб келаётган  Холида опа қарийб 20 йилдан буён туман фтизиатрия бўлимида БНОД ҳамшираси. Уни касбиликлар жуда яхши танишади. 2005 йилдан бошлаб вилоятимиз бўйлаб DOTS дастури бўйича иш олиб боряпмиз. Унга кўра силга чалинган беморлар тегишли ташхис хулосаларидан сўнг 6 ой давомида бепул тартибда даволанишга жалб қилинарди. Мазкур муддатнинг 2 ойи стационар ҳолатда жадаллашган ҳолатда олиб борилади. Қолган тўрт ойлик муддат давомида амбулатор шароитда бевосита ҳамшира кузатувида дорилар қабули амалга оширилади. Беморнинг эътибор марказимизда бўлиши унинг тузалишига ҳар жиҳатдан кўмак бўлиб хизмат қилади.

Қамалда қолган кох таёқчалари

Кох таёқчалари билан зарарланган соғлом одамнинг фаол сил шакли билан касалланиш эҳтимоли 10 фоизни ташкил этади. 90 фоиз инфекцияланганлар бутун ҳаётлари давомида касаллик қўзғатувчисини ҳеч қандай белгиларсиз ва атрофдагиларга зиён етказмайдиган даражада ўз организмларида уйқу (латент) ҳолатида сақлашади. Бу дегани инсоннинг иммунитети қанча кучли бўлса,  у касалланишга камроқ  мойил бўлади.

 Бу вақт давомида ҳар уч ойда балғам таҳлилини топшириб, лаборатор текширувдан ўтиб туриш ҳам талаб қилинади. Шу ўринда эслатиб ўтишимиз жоизки, олти ойдан сўнг сил микобактериялари юқумлилик хусусиятларини йўқотади. Узлуксиз дорилар қабули уларни организмимизда жонсарак қилиб қўяди. Аммо бу дегани батамом тузалиш дегани эмас. Буни сил микобактерияларининг организмимизда қамал қилиниши деб тушунтирсак тўғрироқ бўларди. Агар бемор дорилар қабулини белгиланган 20 ойли муддатгача батартиб олиб борса, ўша қамалда қолган вируслар батамом қирилиб битади. Буёғига  собиқ бемордан талаб қилинадиган нарса фақат ва фақат соғлом турмуш тарзига одатланиш, вақтида тўйимли таом тановули, кайфиятни доимий аъло даражага олиб чиқиш ва турли ёмон иллатлар (алкоголизм, чекиш, гиёҳвандлик кабилар)дан воз кечиш.

Сил- бу ҳукм эмас

Фаолиятим давомида кўплаб беморлар билан мулоқот қиламан. Айтмоқчи бўлганим, бир бемор жуда ҳам тушкун ва ҳолсиз ҳолатда бўлимимизга келганди. Айтишича, унинг онаси мана шу касаллик қурбонига айланган. Вақтида олдини олишга ҳаракат қилмаганлиги, даволанишга етарли таъминот ва имкониятлари йўқлиги бунга сабаб бўлган экан. Кейинчалик текшириб кўришса, акасида ҳам ушбу касаллик аломатлари сезила бошлайди. Акаси дастлабки икки ойлик жадаллашган даврда дориларни режали равишда қабул қилган, бироқ ўзини яхши ҳис қила бошлагач, бу тартибга риоя қилмай қўяди. Дориларни ҳам пала-партиш гоҳ ичиб, гоҳ ичмай орқайинликка юз тутади. Аниқроғи, силга қарши даволанаётганлигини одамлардан бекитиш учун  дорилар қабулини ўзбошимчалик билан тўхтатган эътиборсиз ака ҳам касаллик чангалидан чиқолмай вафот этди. Аввалига онаси, сўнгра акасининг ўз соғлиғига бепарво муносабати ва унинг аянчли тугаганлиги ушбу беморимизни жуда қаттиқ  руҳий тушкунликка (стрессга) тушириб қўяди. Атрофдагиларнинг ғалати қарашлари… турли гап-сўзлар эса унга ҳукм бўлиб туюла бошлайди.

Шу ўринда касалланиш хавфи юқори бўладиган ҳолатларни  эслатиб ўтиш жоиз:

  • яқинда сил юққан бўлса (зарарланишдан 2 йил;
  • ОИВ билан яшовчи инсонлар;
  • Турли касалликлар туфайли иммунитети кучсизланган шахслар (қандли диабетга чалинганлар, онкологик касалликлар сабаб узоқ вақт давомида дорилар қабул қулувчи кишилар);
  • Фаол чекувчилар;
  • 10 фоиз ва ундан кўпроқ тана вазни танқислиги мавжуд бўлган шахслар;
  • Гиёҳванд моддалар ва алкоголь ичимликлар истеъмолчилари;
  • Турар жойи номаълум шахслар, уйсиз дайдилар, муҳожирлар;
  • Қамоқ шароитида кун кечирувчилар, собиқ ҳибсдагилар, пенитенциар муассасалар хизматчилари;
  • Сил билан оғриган бемор билан бирга яшовчи шахслар;
  • Стресс (руҳий тушкунлик) ҳолатидаги шахслар

Аммо у бизнинг бўлимимизга астойдил даволаниш учун ташриф буюрди. Сабаби биз уни ўша одамларнинг нотўғри тушунчаларини парчалаш учун ҳам, сил наслий касаллик эмас, шунчаки бемор билан мулоқот қилганда ҳаво-томчи орқали ёки иммунитетнинг пасайиб кетиши важидан организмга ўрнашиб олиб, унга қарши курашилмаса, касаллик зўрайишда давом этавериши мумкинлигини уқдирдик. Унинг бизга бўлган ишончи, дориларни ўз вақтида тартибли равишда кузатувимиз остида қабул қилиши яхши самара бера бошлади. Бўлимимизга мурожаат қилганида беморимизнинг озғинлиги, рангпаргина, ҳаётдан совиган нигоҳлари ўрнини  айни кунда-даволаниш даврининг 19-ойида ёниқ кўзлар, яшашга бўлган ишонч, барчаси ўз қўлида эканлигини англаш қиёфасида кўришингиз мумкин.  Тинимсиз олиб борган тарғибот-ташвиқот ишларимиз орқали силнинг насл сурмаслигини эшитганлар, ўрни келганда беморимиздан ҳижолатпазлик учун узр сўраб қўйишаркан. Тўлишиб, юзларига қон югурганлигини кўрган ҳамкасблари ҳам унинг метин иродасига таҳсин айтишмоқда. Ҳа, ҳа собиқ бемор ўзининг мактаб жамоаси орасида, яна аввалгидек ўқувчиларига сабоқ бермоқда. Олти ойлик даволанишдан сўнг соғлом турмуш тарзига қайтган, унинг иш куни тонгда туриб ишга отланиш чоғида бўлимимизга келади, тегишли 5 турдаги дориларни одатдагидек оч қоринга ичиб, мактабга йўл олади. Ҳар уч ойда эса текширувдан ўтади. Мана 19 ой бўлибди ҳамки ҳали-ҳануз бу тартиб-қоида ўзгаргани йўқ. Аслида ҳам касалилик билан курашаётган ҳар бир бемор ана шундай мураккаб синовни бошидан кечиради.

Эсимда, мижозимнинг илк олти ойлик муолажаси якунига етганида мактаб маъмуриятидагилар бўлмимизга ташриф буюришиб, ҳамкасбларининг аҳволидан хабардор этишимизни сўрашганди. Биз уларга олти ойдан сўнг бемордаги микобактериялар юқмайдиган ҳолатга ўтишини айтганимизда, очиғи уларнинг ўзлари ҳам бундан бехабарликларини тан олишиб, бугунги замонавий тиббиёт шу қадар ривож топганлигига амин бўлишганди. Бу каби иродаси кучли беморларни ҳар қадамда қолган беморларга ҳам намуна, ўрнак қилиб кўрсатамиз. Аслида ҳам сил бедаво дард эмас. Уни катта ҳарфларда ёзишга ҳам у қадар асос йўқ. Зеро, унинг давоси  бор. Фақат бу ҳақиқатни юзага чиқариш учун беморда сабр-тоқат, касаллик профилактикасидан тўғридан-тўғри бохабар бўлиши лозим.  Тан олиб айтиш лозимки, ҳамма ҳам ўзида бунақа иродани акс эттира олмайди.

Энди дорилар қабул қилиш муддати қисқаради

Анжуман давомида кўпчилик ҳамкасблар билан танишдик, халқаро тажрибалар билан ўртоқлашдик.

Жорий йилнинг 23 май куни вилоятимиз маркази-Қарши шаҳридаги муҳташам “Ҳаёт” меҳмонхонасининг анжуманлар залида фасилитаторлар Ҳамширалар Халқаро Кенгашининг Сил касаллиги бўйича лойиҳа директори  Керри Тьюдор хоним ва USAID силга қарши кураш дастури Сил/ Дориларга турғун сил бўйича Минтақавий мутахассис Тамара Тонкель хоним томонидан биз ҳамширалар учун “Беморларни стационар ва амбулатория босқичида даволашда силга қарши дориларни ножўя таъсирини кузатишда ҳамширалар амалиёти” деб номланган махсус маҳорат дарси ташкил этилди.

Тажрибалар алмашаётган чоғимизда Керри Тьюдор хоним беморларнинг доимий силга қарши дорилар қабулида кунлик назорат олиб боршимизни эшитиб, сизлар касаллик билан курашишга жиддий курашибсизлар, деди. Сабаби улар беморлар билан ҳафтада бир маротаба кўришиб, беморга ҳафталик ичиши лозим бўлган дорилар дозасини ўзлари билан уйларига олиб кетишларига рухсат беришаркан. Биздаги каби дориларни ичиш тартиби ҳамширанинг кундалик кузатувида олиб борилмас экан. Бизнинг ҳар бир дори қабулидан сўнг олиб бориладиган кундалик қайдлар дафтарчимиз қатъийлаштирилган тартибда амалга оширилиши унинг ҳайратини оширди.

Маҳорат дарси давомида эса дориларга турғун сил билан оғриган беморларнинг руҳиятини кўтаришимиз, айрим ён таъсирлар сезилганда уни хотиржамликка ундашимиз, ножўя таъсирларни бошқара билишимиз ва уни бартараф эта олишимизга беморни ишонтира олишимиз (оёқ-қўл бармоқлари увишганда уқалаш, ошқозонда ножўя ҳолатлар содир бўлса, сув миқдорини бир оз камайтириш, баъзан дорилар дозасини камайтириш ёки бошқа бир ўриндоши билан аламаштириш ва бошқалар) аммо зинҳор дориларни тўхтатиб қўйишга уринмаслигимиз шарт ва лозимлигини айтиб ўтдилар.

Тўғри 20 ойлик муддат жуда ҳам узоқ муддат. Бу оралиқда айрим беморларда дорилардан зада бўлиш, унга тоқат қилмаслик сабаблари ортиб боради. Мулоқот давомида халқаро мутахассисларимиз яни бир жиҳатни алоҳида тилга олиб ўтишдики, бу биз учун ҳам, беморлар учун ҳам жуда катта янгилик бўлди. Эндиликда, силга қарши дориларни ичиш муддати 9 ой давом этар экан. Бу қисқа муддат айни кунда дунё тажрибасида ўзининг самарали таъсирини кўрсатган ва тиббий амалиётга кенг татбиқ этилаётган экан.

Биласизми, ушбу халқаро анжумандан кўзланган энг муҳим жиҳат нима? Силга барҳам бериш йўлида бутун жаҳон фтизиатрларининг ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан биргаликда, ҳамжиҳат бўлиб ёндашуви. “End-TB” Стратегиясининг силга қарши курашда олдига қўйган мақсадларига эришишда ҳам энг асосий таянч таркибий қисмларидан бири силни даволаш, олдини олишда илмий изланиш ва инновацияларни жааллаштиришдан иборат. Қолаверса, илғор илмий муваффақиятлар ҳамда технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ҳам муҳим омиллардан эканлигини тушуниб олдик.

 Лобар КАРИМОВА,

журналист.