Хабарингиз бор, жорий йилнинг 22-24 май кунлари Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш ходимлари ва лаборатория мутахассислари учун силга қарши курашда илм-фан ва технологиялардан фойдаланиш мавзусида миллий анжуман бўлиб ўтган эди. Уч кун давом этадиган анжуман Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида сил касалликлари бўйича жаҳоннинг таниқли мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган қўшимча семинарлар ва учрашувлар билан давом этди. Анжуман Америка Қўшма Штатларининг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID), Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ҳамда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилди.

USAIDнинг Ўзбекистондаги кўп сонли силга қарши курашиш ташаббусларидан бири бўлган мазкур анжуман доирасида тиббиёт мутахассислари ўз билим ва тажрибаларини алмашиш имконига эга бўлдилар ҳамда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг (ЖССТ) “Силни тўхтатиш” («End TB») стратегиясини Ўзбекистонда амалга оширишдаги муваффақият ва тажрибалари ҳақида сўз юритишди.

2014 йилда қабул қилинган ушбу дастур 2035 йилга келиб сил касаллиги сабабли ўлим ҳолатини 95 фоиз ва сил билан касалланиш кўрсаткичини 90 фоизга камайтириш каби мақсадли кўрсаткичларга эришишни кўзда тутади ҳамда сил билан касалланган беморлар оилаларининг бу касалликни даволашга сарфлайдиган харажатлари қисқаришини таъминлайди.

Ушбу жиддий мақсадларга эришиш учун ЖССТ учта стратегик йўналишни тақдим этди: беморга йўналтирилган ёндашув; ҳукуматларни ва жамоаларни қатъий сиёсий ўзгартиришлар қилишга жалб этиш; сил касаллигига қарши тадқиқот ва инновацияларни кучайтириш.

Бу йилги миллий анжуман «Силни тўхтатиш» стратегиясини Ўзбекистонда амалга оширишда илмий ва инновацион технологиялар мавзусига бағишланди. Анжуман мавзуси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фтизиатрия ва пульмонология марказининг инновацион технологиялар орқали сил касаллигини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ўзида акс эттирди.

Тадбир якунида тадбир иштирокчилари тиббий ва тиббий бўлмаган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва фуқаролик жамияти ўртасида инновацион технологиялар асосида беморга йўналтирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликка оид тавсиялар ишлаб чиқдилар.

Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган USAIDнинг умумий қиймати 7.6 миллион АҚШ долларлик бўлган беш йиллик «Силга қарши кураш» бўйича кўмак дастури сил касаллигини камайтириш ва Ўзбекистондаги ушбу касалликнинг турли дори-дармонларга чидамли турининг олдини олишни мақсад қилиб қўйган. Мазкур дастур сил касаллиги профилактикаси, диагностикаси ва уни даволашда инновацион далилларга асосланган, беморга йўналтирилган ёндашувларни жорий этишда муҳим роль ўйнамоқда.