Куни кеча Қашқадарё вилоятида “Ўзбекистонда силни тўхтатиш (End-TB)стратегиясини амалга оширишда фан ва инновацион технологиялар ҳамкорлиги интеграцияси” мавзусида халқаро мутахассислар иштирокидаги Республика илмий-амалий анжумани ўз ниҳоясига етди.

Қарши шаҳридаги “Версал” банкетлар залида ташкил этилган мазкур анжумандан тайёрланган фото репортажни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Профессор, тиббиёт фанлари доктори, Наргиза Парпиева

Профессор, тиббиёт фанлари доктори,  Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий маркази директори Наргиза Парпиеванинг “Миллий силга қарши кураш дастурини амалга оширишда амалга оширишда эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар” хусусидаги маърузаси қизиқиш билан тингланди.

Тиббиёт фанлари доктори Макс Салфингер (ўнгдан биринчи)

Тиббиёт фанлари доктори, микобактериология ва фармококинетика лабораторияси директори, Соғлиқни сақлаш миллий яҳудий маркази қошидаги Лаборатория диагностикасининг замонавий усуллари лабораториясининг ижрочи директори Макс Салфингер (АҚШ)нинг “Силни диагностикаси ва даволашни назорат қилишда инновацион лаборатория технологиялари” тўғрисидаги янгиликларга бой бўлган нутқи ҳам йиғилганларни эътиборидан четда қолмади.

Ала Евтух (Беларус)

Глобал жамғармасининг Европа ва Марказий  Осиё учун дори воситаларини етказиб бериш бўйича мутахассиси Ала Евтух (Беларус) “Силни тўхтатиш. GDF: ЖССТ Европа минтақасида силга қарши янги воситаларни тадбиқ этиш: эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар” тўғрисида очиқ-ойдин мароқ билан гапирди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорлик маркази директори Лига Кукша (Латвия)

 

Рига Шарқ клиник университети шифохонасининг сил ва ўпка касалликлар клиникасида кўп дориларга чидамли сил касаллиги бўлими бошқарувчиси, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорлик маркази директори Лига Кукша (Латвия) “Дорига турғун силни дастурий ва клиник бошқаришга инновацион ёндашувларни тадбиқ қилиш. Латвия тажрибаси билан танишиш” деб номланган маърузаси орқали конференция иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Доктор Григорий Волченков (Россия)

Владимир вилоятининг сил касалликларини назорат қилиш марказининг бош шифокори доктор Григорий Волченков (Россия) “Тиббиёт муассасалари ва ҳамжамиятларда сил, жумладан дорига турғун сил юқиши хатарини камайтириш” тўғрисида ажойиб слайдли тақдимот қилди.

Соғлиқни сақлаш бўйича магистр Керри Тьюдор (ЖАР)

”Силга қарши кураш муассасалари ва БТСЁда силга чалинган беморларни клиник бошқаришда тиббиёт ҳамшираларининг ўрни” мавзусини минбарга олиб чиққан профессор, Соғлиқни сақлаш бўйича магистр, Халқаро Ҳамширалар кенгаши сил дастури директори Керри Тьюдор (ЖАР) ҳам Қарши шаҳрида бўлиб ўтган конференциядан улкан таассуротлар билан қайтадиган бўлди.

Доктор Бекзат Токсанбаева (Қозоғистон)

Иштирокчиларни “Замонавий диагностика хизматларини ҳудудлар даражасида марказлаштиришни чеклаш ва лабораториялар тармоғини бошқаришда Қозоғистон МРЛси тажрибаси” билан таништириб ўтган Лаборатория бўйича минтақавий маслаҳатчи, доктор Бекзат Токсанбаева (Қозоғистон) нинг маърузасидан ҳам эътиборга молик жиҳатлар кўп бўлди.

Гулнора Шарапова

“Болаларда сил касаллиги: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида сўз юритган нотиқ Гулнора Шарапованинг қатъияти олқишлар остида кутиб олинди.

Ҳамидулла Мухаммедов

“Навоий вилоятида ТБ хизмати ва НДТ, фуқаролик ҳамжамиятлари ҳамкорлиги” мавзусида сўз юритган Ҳамидулла Мухаммедов ҳам ўз вилояти мисолида олиб борилаётган амалий ишларга тўхталиб ўтди.

Қашқадарё вилоят фтизиатрия диспансери бош врачи Азимжон Обилов

USAID Силга қарши кураш Дастури ёрдамида Қашқадарё вилоятида силга қарши кураш бўйича янги ёндашувларни жорий этишни кўзлаётган Қашқадарё вилоят фтизиатрия диспансери бош врачи Азимжон Обиловнинг саъй-ҳаракатлари ҳам анжуман иштирокчилари эътиборидан четда қолмади.

Фоторепортажни Лобар Каримова ва Гулжахон Ҳайитовалар махсус сайт учун Қарши шаҳридан тайёрладилар.